Ҳофиз Ал-Миззий ўзининг «Таҳзиб алкамал» китобида, Ибн Жавзий «Сифату ас софва»да, Ибн Шоҳин «Ишарот фи илмилъибарот» асарида Халаф ибн Ҳишомдан ривоят қилади: «Сулайм менга шундай деб айтиб берди: «Мен Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайётнинг олдига кириб, уни чаккасини ерга бериб, йиғлаб ётган ҳолда кўрдим ва: «Сендан Аллоҳнинг паноҳига қочаман!», дедим. Шунда у: «Эй, нега паноҳ сўраяпсан?! Бу кеча мен туш кўрдим: гўё қиёмат қоим бўлибди, Қуръон қорилари чақирилаётган экан. Мен ҳам ҳозир бўлганлар ичида эдим. Бир сўзловчининг ширин сўзлар билан: «Менга фақат Қуръонга амал қилганларгина киради», деяётганини эшитиб, орқага тисарилдим. Шунда ҳотифдан бир овоз менинг исмимни айтиб: «Ҳамза ибн Ҳабиб аз-Зайёт қани?», деди. Мен: «Лаббай, эй Аллоҳнинг жарчиси, лаббай», дедим. Шу пайт бир фаришта менга: «Лаббай, Аллоҳим, лаббай», дегин!», деди. Мен унинг айтганини айтдим. Кейин мени бир уйга киргизди, мен у ерда қориларнинг шовқинини эшитдим. Бу жойнинг ҳайбатидан қалтираб туриб қолдим. Шунда бир сўзловчининг: «Сенга зарари йўқ. Ўқи ва кўтарил», деганини эшитдим. Юзимни буриб қарасам, оқ дурдан бўлган бир минбарнинг олдида турибман. Унинг икки табақаси сариқ ёқутдан, зиналари яшил забаржаддан экан. Менга: «Ўқи ва кўтарил», деди. Мен унинг устига чиқдим. Кейин менга: «Анъом» сурасини ўқи!», дейилди. Мен ўқишга киришдим, бироқ кимга ўқиб бераётганимни билмасдим. Ниҳоят олтмишинчи оятгача етиб келдим. «У бандалари устидан мутлақ ғолибдир» оятига келганимда, менга: «Эй Ҳамза! Бандаларим устида мутлақ ғолиб эмасманми?» деди. «Ҳа, шундайсан», дедим. У Зот: «Тўғри айтдинг. Ўқийвер», деди. Мен ўқиб, сурани тамомладим. Яна: «Ўқи!» деди. Мен «Аъроф»ни ўқиб, ниҳоят унинг охирига келиб, саждага эгилдим. Шунда У Зот: «Сенга ўтмишдагилари етарли, сажда қилма, эй Ҳамза. Бу қироатни сенга ким ўқитди?», деди. «Сулаймон», дедим. «Тўғри айтдинг. Сулаймонга ким ўқитган?», деди. «Яҳё», дедим. «Яҳё тўғри айтибди. Яҳё кимга ўқиб берган?», деди. «Абу Абдурраҳмон Суламийга», дедим. «Абу Абдурраҳмон тўғри айтибди. Абу Абдурраҳмонга ким ўқитибди?», деди. «Набийингнинг амакисининг ўғли Алий ибн Абу Толиб», дедим. «Алий тўғри айтибди. Алийга ким ўқитибди?», деди. «Набийинг соллаллоҳу алайҳи васаллам», дедим. «Набийимга ким ўқитибди?» деди. «Жибрийл», дедим. «Жибрийлга ким ўқитибди?», деди. Мен жим қолдим. Шунда менга У Зот: «Эй Ҳамза, «Сен» деб айт», деди. Мен эса «Сен» деб айтишга журъат қила олмасдим. У Зот: «Сен» деб айт», деди. Мен: «Сен», дедим. «Рост айтдинг, эй Ҳамза! Қуръоннинг ҳаққи шуки, Мен Қуръон аҳлини албатта икром қилажакман. Айниқса, агар Қуръонга амал қилган бўлсалар. Эй Ҳамза, Қуръон Менинг каломим. Мен ҳеч кимни Қуръон аҳлини севганимдек севмаганман. Яқин кел, эй Ҳамза», деди. Мен яқин келдим. У Зот қўлини ғолияга (хушбўйликка) солдида, уни менга суртди ва: «Буни фақат сенга қилаётганим йўқ. Сендан олдинги ва кейинги сенкаби кишиларга шундай қилганман. Ким сен Қуръон ўқитганинг каби Қуръон ўқитса, фақатгина Менинг ҳузуримга келади. Ҳузуримда сенга беркитганларим бундан ҳам кўп, эй Ҳамза. Дўстларингга Менинг Қуръон аҳлига муҳаббатим қанчалар эканини ва уларга қандай муомалада бўлишимни билдир. Улар Менинг танланган, энг яхши бандаларимдир. Эй Ҳамза! Иззатим ва улуғлигимга қасамки, Қуръон тиловат қилган тилни, уни ёд олган қалбни, уни тинглаган қулоқни ва унга қараган кўзни дўзахда азобламайман», деди. Мен: «Ўзинг поксан! Ўзинг поксан! Эй Роббим!», дедим. У Зот: «Эй Ҳамза! Мусҳафга қараб ўқувчилар қани?», деди. Мен: «Ҳофизларими?» дедим. «Йўқ! Лекин уни Мен улар учун муҳофаза қиламан. Улар Менинг ҳузуримга келишганда Мен уларни ҳар бир оят учун бир даража кўтараман», деди. Ҳамза Сулаймга: «Сен энди мени йиғлаб, чаккамни тупроққа белаганим учун маломат қиласанми?», деди».
Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ғуссаларни қандай аритишни ҳам ўргатган: «Уларнинг гапидан юрагингиз сиқилишини яхши билурмиз. Роббингизни ҳамди ила поклаб ёд этинг, сажда қилувчилардан бўлинг. Сизга яқийн келгунича Роббингизга ибодат қилинг» (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).
Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай демоқда: «Қурайш мушриклари сизни масхара қилиб, мазах қилиб, сизга азият бераётганини, уларнинг азиятларидан маҳзун бўлаётганингизни ҳам биламиз. Аммо бу нарсалар сизни Роббингизнинг рисолатини етказишдан тўсиб қўймасин! Роббингизга таваккул қилингки, У Зот сизга кифоя қилади, душманларингиз устидан сизга ғалаба ато этади».
Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ташвишларга енгилиб қолмасин дея, тўрт нарсани буюрмоқда: Аллоҳга тасбеҳ айтиш, ҳамд айтиш, сажда қилиш (намоз ўқиш), ибодат қилиш.
Демак, намоз – ғам-ташвишларга қарши кураш воситаларидан бири экан. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарига «...сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур)», демоқда. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Роббоний буйруққа лаббай деб, барча муаммоларга қарши намоз билан куч-қувватга тўлдилар.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор нарса маҳзун қиладиган бўлса, намоз ўқир эдилар», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа бир ривоятда «Расулуллоҳни бирор нарса қайғуга солса, дарҳол намоз ўқир эдилар», дейилган.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар бирга бўлган саҳобадир, шунинг учун бу киши Расулуллоҳ бирор нарсадан қайғуга тушганларида ёки мусибатга, қийинчиликка дуч келсалар, қалбларини тинчлантириб, хотиржам қилиш учун, Парвардигорларидан мусибат ва қайғуда ёрдам сўраш учун намозга ошиққанларини кўриб яшаган.
Нафақат Расулуллоҳнинг, балки барча пайғамбарларнинг одати шундай эди – бошга бирор мусибат келса ёки ташвиш тушса, дарҳол намозга шошилишар эди.
Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни аср намозини ўқиб бўлгач, бир нималар деб пичирладилар. Ёнларидаги саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, аср намозидан кейин пичирлаб нималар дедингиз?» деб сўрашган эди, у зот шундай дедилар: «Сизлар ҳам сездингизми? Мен бир пайғамбарни эсладим. Унга ўз қавмидан бир қўшин берилди. У (қўшиннинг кучлилигини кўриб): «Буларга ким ҳам бас кела оларди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло у пайғамбарга уч ишдан – душманнинг уларни босиб олишини, очарчиликни ёки ўлимдан бирини танлашни буюрди. Ўша пайғамбар шу уч нарса борасида қавми билан маслаҳат қилди. Қавм: «Бу ишни ўзингга топширамиз, чунки сен Аллоҳнинг пайғамбарисан», деди. Пайғамбар дарҳол туриб, намоз ўқиди, чунки анбиёлар бирор ишда тараддудланиб қолсалар, дарҳол намоз ўқийдилар. Бу пайғамбар ҳам намоз ўқиб, «Ё Роббим, душман ёки очарчиликни эмас, ўлимни танладим», деб дуо қилди. Аллоҳ уларга ўлимни юборган эди, улардан етмиш мингтасини ўлим олиб кетди. (Намоздан кейин) пичирлаганимда шундай деяётган эдим: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан урушаман, Сенинг номинг билан душман устидан ғалаба қиламан. Куч-қудрат фақат Аллоҳ билан» (Имом Термизий ривояти).
Иброҳим алайҳиссалом ҳам ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бир куни Иброҳим алайҳиссалом Сора билан бир золим подшоҳнинг юртига келиб қолдилар. (Айғоқчилар золим подшоҳга) «Фалон жойда бир киши бор, ёнида мисли кўрилмаган гўзал аёли ҳам бор», дейишган эди, подшоҳ у кишини чақиртирди. «Ёнингдаги аёл ким?» деган эди, «Синглим», дедилар. Кейин Соранинг ёнига қайтиб келиб, шундай дедилар: «Сора, ҳозир ер юзида сен билан мендан бошқа мўмин йўқ. Анави мендан сени сўраган эди, «Синглим», дедим. Мени ёлғончи қилиб қўйма». Подшоҳ эса Сорани чақиртирди, Сора унинг ҳузурига кириб келди. Подшоҳ (унинг гўзаллигини кўриб) унинг қўлини ушламоқчи бўлган эди, қўли қотиб қолди. Подшоҳ қўрқиб кетиб, «Роббингга дуо қил, сенга ҳеч нарса қилмайман», деди. Сора Аллоҳга дуо қилган эди, анавининг қўли қўйиб юборилди. Подшоҳ эса яна Сорага ёпишмоқчи бўлган эди, қўли боягидек ёки бундан ҳам қаттиқроқ қотиб қолди. Шунда у яна: «Роббингга дуо қил, сенга ёмонлик қилмайман!» деди. Сора дуо қилган эди, анавининг қўли яна қўйиб юборилди. Шунда подшоҳ айғоқчиларини чақириб, «Сенлар менинг олдимга одам эмас, шайтонни олиб келибсанлар-ку!» деди. Сўнг Сорага Ҳожарни чўри қилиб берди. Сора эсон-омон Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларига қайтиб келди. Иброҳим алайҳиссалом намоз ўқиётган эдилар, қўли билан «Нима гап?» дея ишора қилдилар. Сора: «Аллоҳ анави кофирнинг [ёки фожирнинг] макрини ўзига қайтарди, шунга Ҳожарни менга чўри қилиб берди», деди» (Имом Бухорий ривояти).
Бир қиз айтади: «Бир дугонам бор, ниҳоятда асабий қиз. Бизнинг уйимизда ҳам кўп муаммолар бўлиб турар эди. Буни билган ўша дугонам «Уйингда шунча муаммо бўла туриб, қандай қилиб асабларинг жойида?» деб ҳайрон бўлди. Мен унга «Бунинг сири намозда!» дедим. У янада ҳайрон бўлиб, «Қандай қилиб?» деб сўради. Мен шундай жавоб бердим: «Авваллари оиламизда муаммолар кўплигидан ўзимни бечора, ожиз ҳисоблардим, муаммолар ҳақида кўп ўйлайверганимдан ақлдан озай дер эдим. Бундай аҳволдан қутулиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим, тинчлантирувчи дорилар ичдим, лекин фойдаси бўлмади.
Бир куни ғам-ташвишларимни, қайғуларимни намоз билан енгиш мумкинлигини эшитиб қолдим. Ғам-қайғулар ёпирилиб келганда, кимдир мени хафа қилиб, ҳис-туйғуларим оёқости бўлганда намозга ошиқадиган бўлдим. Намозларимда Аллоҳга аҳволимни арз қилиб, мени қайғулардан халос қилишини, муаммолардан қутулиш йўлларини кўрсатишини сўраб, илтижолар қиладиган бўлдим. Илтижо қилар эканман, руҳий, иймоний улкан куч-қувватни ҳис этардим, хотиржам яшаб, ҳаётни давом эттиришга куч топардим. Қайғуларим намозни севишимга, унга чинакам ошиқ бўлишимга сабаб бўлди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.