Бир дугонам айтиб берганди:
Қўшнисини онаси бетоб бўлиб шифохонага тушиб қолибди. Шифокорлар онахонга қўлларидан келган биринчи тиббий кўмакни беришибди. Аммо онанинг дарди енгиллашиш ўрнига оғирлашиб кетибди. Кунларининг бирида шифокор беморнинг ахволи ёмонлашгани ҳақидаги хабарни бемор фарзандига етказишни шифохона ходимларга буюрибди. Шифохонадан ўғлига телефон орқали хабар етказилибди. Шунда, фарзанд шошган ҳолатда шифохонага - онасининг ҳузурига отланибди. Аксига олиб авто уловининг ёқилғиси кам экани, манзилгача етиб бормаслигини билган фарзанд ёқилғи олиш учун ёқилғи қуйиш шаҳобчасига кирибди. Шу пайт бир четда мушук болалагани, ҳали хатто болачалари юра олмаётганига кўзи тушиб, шаҳобча ходимидан: “Бу кимнинг мушуклари?”, деб сўрабди. Ходим: “Эгаси йўқ”, - дея жавоб қилибди. Шунда бола ҳаёл қилиб, эгаси бўлмаса, мушукни бир неча боласи хали юра олмаса, қандай овқатланади, деб ёнидаги дўкондан консерва сотиб олиб, уни очиб мушук болаларига тақдим қилибди. Ва шошилиб турганлиги боис, шифохонага тезда равона бўлибди.
Бориб онаси ётган жонлантириш хонасига кирса онаси жойида йўқ эди. Фарзанд бир оз ўйга чўмди. Кеч қолдим деб ўзини койий бошлади. Шу пайт ҳамшира ўтиб қолди. Саросимага тушган фарзанд: “Кечирасиз шу хонада онам бемор холда оғир ётгандилар”, - деб ийманиб сўради. Ҳамшира она бир оз яхши бўлганлиги учун бошқа хонага олинганлигини айтиб, хонани кўрсатди. Фарзанд хонага кириб онаизорини анча тетиклашиб, бемалол ётган холида кўрди ва хурсандчилиги ичига сиғмай: “Ассалому алайкум, Онажон! Аллоҳ сизга шифо берсин! Нима мўъжиза рўй берди?” деб сўради. Она: “Болам! Аҳволим жуда оғир, ҳушсиз бир ахволда ётган эдим. Бирданига бир мушук ва болачалари пайдо бўлиб, қўлларини кўтариб, Аллоҳ таолога шифо сўраб дуо қила бошлади. Шунда бирданига ўзимда дармон ва қувватни ҳис қилдим. Аҳволимни текширувдан ўтказган шифокорлар ҳам кўзларига ишонмай, ҳайрон қолишди ва мени оддий хонага ўтказишди ...”,-деб жавоб берди.
Ажабо! Буюк Аллоҳнинг карами кенгдир. Раҳматининг чек-чегараси йўқ. Ўзи хоҳласа, бир дафъада балоларни кўтаради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беморларингизни садақа бериб даволанглар!” - деб марҳамат қилганлар. Бир жонзотга раҳм қилинганга берилган садақа мукофоти шудир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яримта ҳурмо бериб бўлса ҳам, оловдан сақланинглар” - деб бизларга меҳрибончилик кўрсатганлар.
Яхшиликларимизни бир-биримиздан дариғ тутмайлик!
Ҳайдарова Мунибахон
Ҳадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти
2-курс толибаси
Мол-дунё масаласида ўзингиздан пастроқдагиларга қаранг, дедик. Лекин дину диёнат масаласида доим ўзингиздан олдиндагиларга қаранг, улардан ибрат олинг, уларга етиб олишга интилинг. Дунё, бойлик, соғлик ва гўзаллик борасида ўзингиздан қуйидагиларга қараб, чексиз марҳамати учун Аллоҳга шукр қилсангиз, ҳаётингиз бахт-саодатга тўлади, Аллоҳ таоло сизни шукр ва сабр қилувчилар сафига ёзиб, фазлу марҳамати билан уларга бериладиган мукофотларидан сизга ҳам беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
«Кимда икки хислат бор бўлса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Кимда бу икки хислат бўлмаса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди. Дину диёнатда ўзидан юқоридагиларга қараб, уларга эргашса; мол-дунёда эса ўзидан пастдагиларга қараб, ўзини улардан афзал қилган Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ уни шукр қилувчи, сабр қилувчи деб ёзиб қўяди. Ким дин борасида ўзидан пастдагиларга, дунё борасида эса ўзидан юқоридагиларга қараб, ўзи етиша олмаган нарсага афсусланса, Аллоҳ уни шукр қилувчи ҳам, сабр қилувчи ҳам деб ёзмайди» (Имом Термизий ривояти).
Уч хил қараш қалбингиздаги маҳзунликни кетказади:
- бировлардаги нарсаларга розилик кўзи билан қараш;
- мусибатга учраганларга ибрат кўзи билан қараш;
- аҳволи сиздан ёмонроқ, ҳоли хароброқ одамларга қараш.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.