Ансорий саҳобалар орасида гапга уста ва ҳозиржавоб саҳобий бор эди. Тарих китобларида у кишини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хатиблари дейилган.
У саҳобийнинг исми Собит ибн Қайс ибн Шаммос розияллоҳу анҳудир. Бу киши Уҳуд, Байъатур-ризвон ва бошқа ғазотларда иштирок этган. Тириклигида жаннатга кириши башорат берилган улуғ саҳобалардан эдилар.
Бани Тамим элчилари келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маруза қилиб беришини буюрганлар.
У ўша кунни қуйидаги сўзларни айтиб маруза қилган:
الحمد لله، الذي خلق السماوات والأرض، قضى فيهن أمره، ووسع علمه، ولم يك شيء قط إلا من فضله. ثم كان من قدرته أن جعلنا أئمة، واصطفى من خير خلقه رسولا، أكرمهم نسبا، وأصدقهم حديث وأفضلهم حسبا فأنزل عليه كتابه، وائتمنه على خلقه، فكان خيرة الله من العالمين. ثم كنا - نحن الأنصار - أول الخلق إجابة. فنحن أنصار الله، ووزراء رسوله
Маъноси: «Еру-осмонни яратган ва уларни орасида Ўз амрини жорий қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Унинг илми кенг (яъни чеки йўқдир). Барча нарса Унинг фазли билангина бўлади. Аллоҳ қудрати ила бизни(мусулмонларни) йўлбошчи қилди. Бизларга бандалари орасидан энг яхшисини танлаб уни пайғамбар қилди. У пайғамбарнинг насаби улуғ, ўзи ростгуй ва зоти покдир. Аллоҳ ўз пайғамбарига китобни(Қуръонни) нозил қилди. Ва унга (оғир масъулиятни) ишониб топширди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламда Аллоҳнинг энг яхши бандасидирлар. Биз ансорлар эса у кишининг олиб келган динини биринчи тасдиқлаган инсонларданмиз. Биз Аллоҳнинг ансор(кўмакчи)лари ва Расулининг вазирларимиз».
Сўзи ўткир ва таъсирчан бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларига хатиб қилиб олганлар.
Ҳужурот сурасининг қуйидаги: «Эй, имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз ва унга бир-бирларингизга баланд овоз (дағал сўз) қилгандек баланд овоз қилмангиз!», деган ояти нозил бўлганда, Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу уйларини эшигини ёпиб, уйларида йиғлаб ўтирдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўринмай юргач, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уни уйига одам юбориб олдиларига келишини сўрадилар. Олдиларига келгач, кўринмай юрганининг сабабини сўрадилар. Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ! Мени овозим баланд. Мен ҳар доим гапирганимда овозим сизнинг овозингиздан баланд чиқарди, энди менинг амалларим ҳабата бўлиб, дўзах аҳлидан бўлиб қолдим», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қуйидаги сўзларни айтдилар:
«إنك لستَ منهم، بل تعيش حميدا وتقتل شهيدا ويدخلك الله الجنة»
«Сен улардан эмассан. Сен бу дунёда мақталга ҳолатда яшаб, шаҳид ҳолда ўласан ва Аллоҳ сени жаннатга киритади».
Бу хушхабарни эшитган Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу хурсанд бўлиб кетдилар ва «Бундан кейин ҳеч қачон овозимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларидан баланд қилмайман», дедилар. Шундан кейин Ҳужурот сурасининг қуйидаги ояти нозил бўлди: «Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган кишилар – айнан ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улкан мукофот бордир».
У кишининг сўзи тасирчанлигига асосий сабаблардан бири тақводорлиги эди. Бундан ташқари бу буюк саҳоба шариатимизда хулуъ талоқи жорий қилинишига сабабчи бўлганлар. Чунки у кишининг Жамила деган аёллари у кишидан талоқини сўраганда, шариатимиздаги хулуҳ талоқи жорий қилинди.
Бу буюк саҳоба Мусайлама каззоб билан бўлган жангда шаҳид бўлдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Шаҳид бўласан», деган башоратлари рўёбга чиқди. Аллоҳ бу буюк саҳобадан рози бўлсин.
Нурмуҳаммедова Васила
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД