Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Афв фазилати

1.11.2016   6892   7 min.
Афв фазилати

“Афв” калимасининг луғавий маъноси- “кечирмоқ”, “тузатмоқ”, “ўчирмоқ”, “даволамоқ”, “озод қилмоқ”, “қутқармоқ”, “афв этмоқ”- деган маъноларни ифодалайди. Уламолар наздида эса, “ уқубат ва зарар етказишга қодир бўлатуриб, уни тарк қилиш”, авф дейилади.

Араб тилида “сафаҳ” калимаси “афв” сўзнинг маънодоши бўлиб, уни маънолари- “гуноҳидан ўтмоқ””, “узрини қабул қилмоқ” ва “олийжаноблик” каби маъноларда келади. Иккисини маънолари бир-бирига синоним бўлсада,  “сафаҳ” калимаси маъно жиҳатидан кенг қамровли ҳисобланади.

Афв  қилиш ўзаро дўстлар орасида бўлса, муҳаббатни зиёда қилади. Аразлашганлар ўртасида бўлса, улфат ва бир-бирларини яқинлаштиради. Душман ва макрли кишиларга қилинса, ёмонликларидан омонда бўлиб, мушкилларни осон, тугун бўлиб турган  ишларни  ечилишига сабаб бўлади. Бундан бошқа унда яна жуда ҳам кўплаб фойда ва манфаатлар мужассамдир. Иншааллоҳ.

 Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло пайғамбари  ва мўмин-мусулмон бандаларига шу сифат билан зийнатланишликка амр этган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят).

Оятдаги “афв” сўзининг тафсири – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш деганлар. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар (Табарий тафсиридан).

Бошқа ояти каримада:

...وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ...

...Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг... (Оли Имрон сураси, 159 оят).

  Яна бошқа оятда эса,

فَاصْفَحْ عَنْهُمْ وَقُلْ سَلَامٌ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ

Бас, (Эй, Муҳаммад!) Улардан юз ўгиринг ва “Саломатлик бўлсин” денг! Бас, улар яқинда (ҳақиқатни) билиб олажаклар. (Зуҳруф сураси, 89-оят).

 Ойша онамиз тўғрисида бўҳтон тўқиганларга қўшилиб кетганлардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг холаваччаси Мустаҳ ибн Асаса розияллоҳу анҳу эди. У Бадр жангида қатнашган бўлиб, ўзи мискинликда яшарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг бу ишидан кейин зинҳор моддий ёрдам бермасликка қасам ичади.  Шунда куйдаги оят  Абу Бакр розияллоҳу анҳу хусусида нозил бўлади:

 وَلَا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ أَنْ يُؤْتُوا أُولِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

 Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир (Нур сураси, 22 оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уяйна ибн Ҳиср деган киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, бундан кўпроқ  бермайсанми, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”-деди. Шунда, Умарнинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шу пайт бир киши: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига

 خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ

Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!  (Аъроф сураси, 199 оят)деб буюрмаганмиди, бу ўша жоҳил одамлардан  экан” -деди. Умар розияллоҳу анҳу Қуръон ояти тиловатини эшитиши биланоқ, ғазаб отидан тушди, ҳамда Аллоҳнинг китобига мувофиқ иш тутди (Бухорий ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”-деганлар (Абу Довуд ривояти).

فَاصْفَحِ الصَّفْحَ الْجَمِيلَ...

Бас, (шундай экан, жоҳилларнинг азиятларига сабр қилинг ва уларни) чиройли юз ўгириш билан тарк этинг! (Ҳижр сураси, 85-оят).

Бу улуғ олийжаноблик сифатига эга бўлган киши бу дунёда инсонларнинг меҳр-муҳаббатига, олқишига, мақтовига сабаб бўлса, ўзига улардан келиши мумкин бўлган ёмонликларидан саломат бўлади, охиратда жаннат дея сифатланган улуғ неъматга эга бўлиш ва бутун оламлар Раббиси бўлган Буюк Аллоҳнинг розилигига эришади.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчисининг тақдимномасига мувофиқ инсонпарварлик тамойилига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори эълон қилиниши юқорида зикр қилинган улуғ олийжаноблик, инсонпарварлик ишлардан бири сифатида халқимиз жуда хурсандчилик ва мамнуният ила қарши олди.

Аллоҳ таолодан алоҳида таъкидлаб, дуо қилиб сўраладиган фазилатлардан бири ҳам афвдир. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз жанобимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Эй, Аллоҳнинг Росули! Агар мен рамазон ойининг қадр кечасини топсам, Аллоҳдан нимани сўрай?-дедилар. Он ҳазрат: “Аллоҳумма иннака Афввун Каримун туҳиббул афва фафуанний” (яъни, Парвардигоро, Сен Афв (шафқатли, раҳмли, кечиримли), Карим (илтифотли, олийжаноб, марҳаматли) Зотсан. Кечиришни яхши кўрасан. Мени гуноҳларимни кечиргин)-деб дуо қилгин дедилар (Бухорий ривояти).

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, муқаддас динимиз таълимотлари, асрлар оша сайқалланган миллий анъаналаримиздан бири бўлган афв фазилати айнан Яратганнинг каломи бўлмиш Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида алоҳида қайд этилган ва улуғланган. Аллоҳ таоло ҳаётимизга авф қилиш фазилати ва одобини тадбиқ қилишга муваффақ қилсин!

ЖАЛОЛИДДИН Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

 

 

 

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Кўзингдан парда олиб ташланганида

22.11.2024   6376   2 min.
Кўзингдан парда олиб ташланганида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Ҳасан розияллоҳу анҳу уйидан янги, тоза кийимлар кийиб, виқор билан кўчага чиқди. Бир гуруҳ дўстлари, ходимлари билан Мадина кўчаларининг бирида кетаётиб, елкасида бир меш сув кўтариб олган, қашшоқликдан эзилган кекса яҳудийни учратиб қолди. Қария Ҳасан розияллоҳу анҳуни бундай кўркам кийимда кўриб, чидай олмади, «Илтимос, бирпас тўхтаб, сўзимга қулоқ солинг!» деди. Ҳасан розияллоҳу анҳу тўхтади. Яҳудий: «Эй Расулуллоҳнинг набираси! Менга раҳм қилинг, адолат қилинг! Бобонгиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир», деган эдилар. Лекин кўриб турибманки, сиз бу дунёда ҳам неъматларга кўмилиб, фаровон яшаяпсиз. Унда бўлса, бу дунё сиз учун жаннат, мен учун эса дўзах экан-да? Ахир мен қийинчиликда, қашшоқликда яшаяпман. Лекин сиз мўминсиз, мен эса ундай эмас», деди.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бундай деди: «Кўзингдан парда олиб ташланганида, Аллоҳ таоло менга ва барча мўминларга жаннатда қандай неъматлар тайёрлаб қўйганини кўрганингда эди, бу дунё шунчалик гўзаллигига қарамай, биз учун зиндонлигини кўрган бўлардинг. Аллоҳ таоло сенга ва барча кофирларга дўзахда қандай азобу қийноқлар тайёрлаб кўйганини кўрганингда, шунчалик қашшоқ, паришонлигингга қарамай, бу дунё сен учун жаннат эканлигини тушунган бўлардинг».

Дарҳақиқат, мусулмонлар бу дунёда қанчалик фаровон яшамасин, жаннатдаги неъматлар олдида ҳеч нарса эмас. Худди шунга ўхшаб, мусулмон бўлмаганлар ҳам бу дунёда фаровон яшаётган бўлса, бу Аллоҳ таолонинг Роҳман исмининг бир тажаллийси бўлиб, вақтинчалик берилган иноятдир, охиратда кўриладиган азобларнинг қаршисида ҳеч нарса эмасдир.

«Ким дунёни истаса, дунё уни ерга уради!»

Ҳасан розияллоҳу анҳу ўрни келганда, одамларга насиҳат қилиб, ҳаётда бошқаларга ибрат бўлиб яшаш, гўзал хулқ-атвор эгаси бўлиш лозимлигини айтар эди. У ўзининг ижтимоий ҳаётга оид маслаҳатларидан бирида бундай деган: «Кимки дунёни хоҳласа, дунё уни ерга уради! Кимки дунёга қалбини боғламаса, унга парво қилмайди. Кимки дунёни севса, у бойларнинг қулига айланади. Кечаги куни билан бугунги куни тенг бўлган киши зиёнда, кимнинг ўтмиши бугунидан яхшироқ бўлса, у ҳам зиёндадир. Ўзини мукаммал деб ҳисоблаган одамда камчилик кўп бўлади. Гўзал ахлоқ инсонга зийнатдир. Садоқат бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Қалби дунёга боғланган одамлар билан бирга ўтириш доғдир. Ёмон одамлар билан бирга бўлиш эса ўзгаларда шубҳа уйғотади».

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Мақолалар