Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Дуонинг ижобати

1.11.2016   8217   2 min.
Дуонинг ижобати

Бир одам қаттиқ бетоб бўлиб, касалхонага тушибди. Шифокорларнинг бераётган дорилари фойда беришини сўраб эртаю кеч Аллоҳга ёлвориб дуо қилибди. Шу касал бир куни кечаси туш кўрибди. Тушида ўзи ва ҳамхоналари бир қудуқ ичидаги сувга чўкаётган эмишлар. Ёрдамга чақирсалар ҳам, ҳеч ким келмас эмиш. Бир пайт юқоридан бир ингичка арқон туша бошлабди. Ҳамма унга қараб талпинибди. Лекин арқон қимирлаб ҳеч кимнинг қўлига илинмай, ҳалиги одамнинг қўлига тушибди. Кўринишидан ўргимчак ипидек ингичка арқон одам кўтарадиган даражада пишиқ экан. Ҳалиги одам жон ҳолатда арқонга осилиб юқорига тирмаша бошлабди, лекин арқонни узилиб кетишидан хавотирга тушибди. Шу пайт худди унинг хаёлидагига жавобан юқоридан овоз келибди: “Қўрқма, ип узилмайди”. “Сен кимсан?” сўрабди ҳалиги одам. “Мен сен бир пайтлар сувдан чиқариб олган ўргимчакман. Ўша яхшилигинг учун бугун сенга яхшилик қилмоқдаман”, дебди. Ҳалиги одам бундай ишларни ҳар доим қилиб юргани учун бу ўргимчакни қачон, қаерда қутқарганини эслай олмабди. Шу пайт арқон қаттиқ силкина бошлабди. Одам пастга қараса, қолганлар ҳам арқонга осилиб юқорига тирмашиб чиқишаётган экан. Буни кўриб: “Арқон ингичка бўлса, ҳаммамизни кўтара олмай, узилиб кетиши мумкин. Нега улар менинг арқонимга осилишади?! Ахир ўргимчак уни мен учун ташлади-ку”, деб ўйлабди. Шу нарсани ўйлаган заҳоти арқон юқоридан “чирт” этиб узилиб, ҳаммалари пастга қулаб тушибди.

Ҳалиги одам ўз овозидан уйғониб кетибди. Ярим тун, шериклари ухлаб ётишибди. Кўрган тушини эслабди ва у ҳақда ўйлай бошлабди. Умри давомида жонивор ва ҳашоратларга яхшилик қилиб келган одам палатадошларини ўйламай, фақат ўзи учун Аллоҳдан шифо сўраётганини эслаб, ўзидан уялибди. Шу тун тонгга қадар кўз юммай, Аллоҳга: “Эй карами кенг Парвардигорим, барча дард берган бандаларингга, касалхонадаги беморларга ва менинг дардимга шифо бериб, шу ердан соғ-саломат чиқиб кетишимизни насиб эт”, деб ёлворибди.

Эрталаб шифокор одатдагидек касалларни кўздан кечираётиб, унга: “Сизнинг топширган анализларингизнинг жавоби яхши чиқди. Уч-тўрт кундан сўнг уйга жавоб берамиз”, дебди. 

Бу ҳикоядан хулоса шуки, одам ўзи учун нимаики яхшиликларни орзу қилса, атрофдагиларга ҳам шу нарсаларни насиб этишини хоҳламоғи лозим.

 

Акбаршоҳ Расулов тайёрлади

Ибратли ҳикоялар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Марям алайҳассалом ташвишларини намоз билан енгар эди

27.11.2024   532   5 min.
Марям алайҳассалом ташвишларини намоз билан енгар эди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Марям алайҳассаломнинг оналари туғилажак ўғил фарзандини Аллоҳ таолога назр қилган эдилар. Аммо ўғил эмас, қиз фарзанд туғилди. Аллоҳ таоло Марям алайҳассаломни тарбиялашни Закариё алайҳиссаломга топширди: «Робби уни ҳусни қабул айлаб, гўзал тарзда ўстирди ва унга Закариёни кафил қилди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).

Ийсо алайҳиссалом туғилишларидан бироз аввал, Марям онамиз меҳробда турганларида фаришталар Ийсо алайҳиссаломнинг туғилишлари, пайғамбар бўлишлари ҳақидаги хушхабар келтирдилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ўшанда фаришталар «Эй Марям, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва бутун оламдаги аёллардан устун қилди. Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 42-43-оятлар).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолони Марям алайҳассаломни барча ёмон сифатлардан пок сақлади, буюк мўъжиза кўрсатиб, Ийсо алайҳиссаломнинг дунёга отасиз келишларни ирода қилди. Мана шу жиҳат билан Аллоҳ таоло Марям онамизни оламдаги барча аёллардан устун қилди. Бундай шараф бирор аёлга насиб этган эмас! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдаги энг яхши аёллар тўрттадир: Марям бинт Имрон, Хадича бинт Хувайлид, Фотима бинт Муҳаммад ва Фиръавннинг аёли Осиё”, деганлар.

Фаришталар “Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил” деб, Марям онамизга қунут (намозда узоқ қироат қилиш), сажда қилиш, жамоат билан намоз ўқиш, мўминлар билан бир сафда бўлиш буюрилганини хабар қилдилар.

Демак, Марям онамизга икки нарса буюрилган экан.

Биринчиси – қиём ва саждани узоқ қилиш. Бу икки буйруқнинг бир ўринда келишига сабаб шуки, бу икки амалнинг намоздаги ўрни, улуғлиги бир хил, қиём ва саждани узоқ қилиш эса ёлғиз намоз ўқишга хосдир.

Иккинчиси – намозни жамоат билан ўқиш, рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилиш.

Эътибор беринг, фаришталар Саййида Марям алайҳассаломга бу хушхабарларни айтгач, намоз ҳақидаги буйруқни етказдилар. Зеро, бу улуғ мавқенинг шукри намоз билан адо бўлади. Аллоҳ таоло танлаб олинган зотларга шунга яраша синовлар келади. Синовларга бардош бериш учун энг муносиб омил эса намоздир. Синовлар келгач, Марям онамиз ёлғиз ҳолда ҳам, жамоат билан ҳам намоз ўқишга кўп муҳтож бўладилар. Оятлардан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло бир бандага яхшилик ато этса, ундан талаб этиладиган ибодатларни янада кўпайтиради. Шунинг учун фаришталар Аллоҳ сени танлаб олди, поклади, бутун оламдаги аёллардан устун қилди, деган хабардан кейин Марям онамизга Аллоҳ таолога бардавом ибодат қилиш, сажда ва рукуъни узоқ қилиш ҳақидаги буйруқларни етказдилар.

Демак, Аллоҳ таоло бир инсонга кўплаб неъматлар ато этса, бу неъматларнинг шукри ўлароқ, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қилиш, рукуъ ва сажда қилиш лозим экан.


Бир қиз айтади: «Мен намоз ўқишни жуда яхши кўраман, айниқса саждага ошиқман. Ҳаётимдаги энг яхши маконимжойнамозим. Бунинг сабаби – Қуръон ўргатган муаллимамиз бизга саййида Марям алайҳассаломнинг қиссаларини кўп марталаб айтиб бериб, охирида: «Бахтли бўлиш учун саййидамиз Марям алайҳассалом каби бўлинглар!» дер эдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган: «Ўшанда фаришталар «Эй Марям, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва бутун оламдаги аёллардан устун қилди. Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», дедилар» (Оли Имрон сураси, 42-43-оятлар).

У пайтларда намоз фақат рукуъдан иборат бўлган. Сажда алоҳида ибодат бўлган, намоз амалларининг ичида бўлмаган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзига яна ҳам яқинроқ бўлсин деб, Марям алайҳассаломга намозда сажда қилишни буюрди. Марям алайҳассалом ҳам фаришталарнинг тавсиясига лаббай деб жавоб берди, шу тариқа намоз ва бошқа ибодатлар учун ажратилган алоҳида жой – меҳроб унинг энг севимли маконига айланди.

Аллоҳ таоло айтади: «Закариё қачон унинг олдига, меҳробга кирса, унинг ҳузурида ризқ кўрар эди» (Оли Имрон сураси, 37-оят).

Закариё алайҳиссалом меҳробда тоат-ибодат, зикр-тасбеҳ ва Таврот тиловати билан машғул бўлар эдилар. «Меҳроб» араб тилида ҳарб, яъни жанг қилинадиган жой деган маънони билдиради. Ибодат қилинадиган жойнинг меҳроб деб аталишига сабаб шуки, бу ерда инсон Аллоҳга ибодат қилиб, шайтон билан курашади, унинг ҳийла-найрангларини даф қилади. Инсон меҳробда, саждагоҳда, жойнамозда фақат шайтон билан эмас, балки ўзининг ғам-қайғулари билан ҳам курашади, Роббига дардларини тўкиб солиб, улардан халос бўлади.

Марям алайҳассалом жуда кўп қийинчиликларга, синовларга, ташвишларга дуч келдилар. Ана шундай қийин вазиятларда сабр қилишлари учун энг яхши ҳамроҳ – намоз бўлди. Шундай экан, сиз ҳам Марям алайҳассалом каби бўлинг, қайғуларингизни рукуъ ва сажда билан қарши олинг! Ҳаёт машаққатларини жойнамоз устида, сажда қилиш билан маҳв этинг!».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

 

Мақолалар