Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Ноябр, 2024   |   29 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:35
Қуёш
06:55
Пешин
12:12
Аср
15:36
Шом
17:21
Хуфтон
18:36
Bismillah
01 Ноябр, 2024, 29 Рабиъус сони, 1446

Маънавий тубанлик

31.10.2016   4890   4 min.
Маънавий тубанлик

Келинни  кимдир қиз ўрнида, кимдир келин ўрнида, яна кимдир эса аёл ўрнида кўришини биласизми?

Гап ўз зурриёдининг аёлига суқланиб қарайдиган маънавий тубан қайноталар ҳақида кетмоқда. Шундай инсонлар ҳам борми, дея ёқа ушлаётган бўлсангиз керак? Афсуски, жамиятимиз бундай инсонлардан холи эмас...

Жамиятимизда шундай инсонлар борки, уларни ер қандай кўтариб юрибди экан, деб ўйлаб қоласан киши. Бундай разил инсонларнинг сони оз бўлса-да, жамиятнинг қусурларидан ҳисобланади.

Нима учун оилалардан барака кўтарилиб кетмоқда, нима учун дуолар қабул бўлмаяпти? Чунки оиланинг ҳар бир аъзоси ўз вазифаси ва бурчини унутиб қўйган. Ота оиланинг устуни бўлади. Унинг сўзи сўз, қарори  қарор бўлиши керак. Ҳозирда  эса кўпчилик эркаклар оилани қандай қилиб мустаҳкамлаш ҳақида бош қотирмасдан, рўзғордаги майда-чуйдаларга аралашиб, ҳатто келинни қозонигача аралашадиган бўлиб қолишган. Оиланинг тизгини эса қайноналар қўлида. Бировнинг боласига келиним ё қизим деб  эмас, чўри сифатида қараш, хаддан ташқари ўғлини аяш ёки қизғаниш каби иллатлар баъзи оналаримизга  хос бўлиб қолмоқда.

Йигит ҳам уйланганидан кейин, келинга Яратганнинг менга берган омонати деб эмас, хонадонига дастёр деб қарайди.   Баъзи келинлар эса қайнбўйинлар билан масофани қаттиқ ушлаш кераклигини унутиб қўйишади. Айниқса қайнота билан.

Туркманистоннинг “Келин” деган фильми бўлар эди. Унда янги тушган келин қайнбўйинлар билан фақат кичик болалар орқали гаплашади. Бу одат ҳозирда ҳам Хоразмнинг баъзи туманларида сақланиб қолган. Айнан мана шу жойларда оилавий ажримларнинг сони кам.

Илгари қайнота ҳовлида юрса, келинлар ташқарига чиқишга истиҳола қилишган. Ҳозирда эса келин билан қайнбўйинлар орасидаги масофага қўшилиб ҳаё пардаси ҳам кўтарилгандек.

Келин туғруқхонада ётса,  қайнонага қўшилиб қайноталар ҳам туғруқхонага борадиган бўлишган. Бу ҳам майли, келин  ётган жойга, туғруқ залига қайноталарнинг, оталарнинг  кириб бориши умуман мантиққа          тўғри келмайди.

Бир хонадондаги манзарани айтиб беришди. Қўшни чиқиб қараса, ҳовлидаги сўрида келин бир томонда, қайнота иккинчи томонда ёнбошлаганларича телевизор томоша қилишаётган экан. Келиннинг қайнота ҳузурида ёнбошлаб ётиши одобсизлик ва беҳаёликдир. Қайнотанинг индамаслиги эса унинг фаросатсизлигидир.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёллар олдига киришдан сақланинг!” дедилар. Шунда ансорий бир киши: Қайни ҳақида нима дейсиз? деб сўради. Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Қайни ўлимдир, деб жавоб қилдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

 Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) маҳрами бўлмаган аёллар ёнига боришдан қаттиқ қайтарганлар. Қайнлар, яъни эрининг эркак қариндошлари ҳақидаги саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайни ўлимдир”, деб лўнда ва кескин жавоб қилганлар. Бунинг маъноси, Ибнул Амр «Ниҳоя» номли китобда ёзганларидек, «Аёл ўлақолсин, асло бундай қилмасин», деганидир. Эрнинг эркак қариндошлари келин олдига, ёнида эри бўлмаганида кирса, эр-хотин муносабатлари бузилиши мумкин. Чунки эр ўзи билан хотини ўртасидаги сирлардан биронта қариндошининг ҳам огоҳ бўлишини истамайди.

Келинларга ўгитларимиз: қайнота бўладими, қайноға ёки қайнука бўладими,  уларнинг олдида ҳарир, тор, калта либосларда юрмаслик, ифорлар сепмаслик, улар дбилан бир жойда ёлғиз қолмаслик харакатини қилиш зарур. Ҳарна қилганда ҳам улар эркак киши.   Ҳаёда, ибода, юксак одобда бўлиш ҳар бир мўминнинг сифати. Ҳаё пардаси бўлган инсонларнинг иффат пардаси йиртилмас. Бу парда шундай муборакки, унча-мунча хатоларни ўзида беркитиб, йўқ қилади.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

1.11.2024   569   3 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўзлаб беринг

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?

Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?

Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?

Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?

Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?

Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?

Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?

Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.

Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?

Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?

Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.

 

Даврон НУРМУҲАММАД