Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида ривожланмоқда. Халқаро вазият тез ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган ҳозирги кунда бундай дўстлик, ўзаро англашув янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги диний соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиш мақсадида Қозоғистон Республикаси делегациясининг Юртимизга қилган ташрифи ҳам соҳа ривожи учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар бир неча юз йиллардан бери икки халқнинг ўзаро дўстлик рамзи сифатида пойтахтимиз марказида қад ростлаган “Шайх Хованди Тоҳур” ва “Тўлабий” мақбараларини зиёрат қилиш билан сафарларини бошлашди. Бир сўз билан айтганда, зиёрат уларга кўтаринки кайфият ва ўзгача руҳ бағишлади.
Қалблари зиёга тўлган меҳмонлар Тошкент ислом университетига ташриф буюришар экан, олийгоҳнинг тарих ва ҳозирни уйғунлаштирган ажойиб бинолари, талабалар учун яратилган шароитларни кўриб, тасаннолар айтишди. Шунингдек, университетда 200 дан ортиқ турли мавзулардаги ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларидаги китоблар, журнал ҳамда газеталардан иборат кўргазмадан баҳраманд бўлишди. Айниқса, “Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимаси”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Дунё уламолари мурожаати”, “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар” каби юртимиз олимлари ҳамда тадқиқотчиларининг турли тиллардаги китоб ва қўлланмалари меҳмонларда чуқур қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини ҳам зиёрат қилишди. Жумладан, бир қатор меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюришди. Уларни Ўзбекистон мусулмонлари идора раиси, муфтий Усмонхон Алимов ташриф билан қизғин қутлаб, икки қардош халқ азалдан дўсту биродар экани, ота-боболаримиз аҳил-иноқ бўлиб яшашгани, мамлакатларимиз раҳбарлари ҳам ушбу дўстликни ривожлантириш йўлида жуда улкан ишларни амалга оширишганини айтиб ўтди.
Ташриф доирасида бўлиб ўтган учрашувда мустақиллик йилларида Республикамизда дин соҳаси амалга оширилган ислоҳотлар, муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бажарилган ишлар ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилди. Меҳмонлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлақонли жавоб олишди. Мулоқот якунида меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида амалга оширилган ишларга ҳавас қилса арзийдиган даражада ташкил этилганини, бундан фақат ибрат олиш кераклигини таъкидлашди.
Юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар Тошкент ислом институтига ҳам ташриф буюришди. Институт талабаларининг олийгоҳ, унда яратилган шарт-шароитлар тўғрисида рус, қозоқ, араб ва инглиз тилларида эркин гапириб беришлари, делегация аъзоларида жуда яхши таассурот қолдирди.
Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, айримлари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида қад ростлаган маҳобатли “Минор” жоме масжиди, яқинда намозхонлар ихтиёрига топширилган “Ислом ота” жоме масжидлари шулар жумласидандир. Пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб турган “Минор” жоме масжидига ташриф буюрган меҳмонлар, Мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримовнинг бевосита тавсиялари ва ташаббуслари билан қисқа муддат ичида ўзига хос меъморий услубда бунёд этилган ушбу жоме масжидни бетакрор бунёдкорлик рамзи сифатида эътироф этдилар.
Қардош Қозоғистон делегациясининг ташрифи икки мамлакат дўстона ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшади.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зулматли асрлар давомида чуқур уйқуда ётган Европа турли омиллар, жумладан, Ислом тамаддуни таъсири туфайли уйғониб кўзини очганидан кейин аста ҳаракатлана бошлади. Мазкур ҳаракатланиш давомида Худони ўлдириб, қайта тирилмайдиган қилиб кўмиб қўйгани учун Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси асосида эмас, ҳавойи нафси ва шайтоннинг кўрсатмаси асосида иш кўра бошлади. Европа ўзи учун нимани фойдали деб билса, ўшани амалга оширишни фарз ва вожиб деб биладиган ҳолга тушди. Унинг айши ишрати учун ўзидаги имкониятлар етишмай қолди. Бошқаларнинг табиий бойликлари ва имкониятларини тортиб олиб ҳузур ҳаловат қилиш пайига тушди. Бу ёвуз ниятга эришиш борасида қиладиган босқинчиликка тайёргарлик кўришни эса, ўзига ниқоб қилиб олган мунофиқлик асосида «Буюк кашфиётлар ҳаракати» деб номлади.
Бу борадаги маълумотларни одатимизга биноан европаликларнинг ўзидан, уларнинг сайтларидан биридан оламиз:
Уйғониш даври фалсафасининг ривожланиши юзасидан хулоса чиқарар эканмиз, таъкидлаш лозимки, бу даврнинг фалсафаси ўз янгиликларини асосан антик даврга суяниб амалга оширган ва ўрта асрдан мерос қилиб олинган барча яхши нарсаларни ўз ичига олган бўлса-да, у фалсафа тараққиётининг янги босқичи бўлгани шубҳасиздир.
Уйғониш даври фалсафасининг асосий характерли жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- гуманизм – инсонни улуғлаш;
- антропоцентризм – тадқиқот марказида Худо эмас, инсон туради;
- дунёвийлаштириш – черков таъсиридан халос бўлиш;
- пантеизм – тажрибавий фанларнинг барпо бўлиши ва теологиядан (илоҳиётдан) ҳоли бўлган илмий-материалистик тушунчанинг шаклланиши;
- ижтимоий муаммоларга, жамият ва давлатга қизиқишнинг кучлилиги ва ижтимоий тенглик ғояларини илгари суриш.
Шундай қилиб, Уйғониш даври маданияти Янги давр фалсафий ютуқларининг жадал ривожланиши учун замин яратди. Энг муҳими – тафаккур йўналишининг схоластикадан* воқеълик томон бурилиши, фалсафий ғояларнинг инсон ва табиат томон томон юзланиши юз берди. Фалсафа ва илм-фанга амалий йўналиш берилди – шу пайтдан бошлаб фалсафа ва маданиятнинг асосий эътибори Худо эмас, инсонга қаратилди.
Изоҳ: Схоластика:
1. черковнинг диний ақийдаларини назарий асослашга қаратилган қуруқ сафсатадан иборат ўрта асрлар фалсафаси;
2. қуруқ сафсата, пуч илм, тажрибага асосланмаган сохта билим.
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди