Дуога қўл очганимизда Аллоҳга “Сен” деб мурожаат қиламиз, Пайғамбар алайҳиссаломга эса “Сиз” деймиз. Нега шундай дейишимизнинг боисини кўп вақт ўйлаб юриб, шундай хулосага келдим:
Биринчиси, банда ўзини Унга жуда ҳам яқин ҳис этгани боис шундай дейишга журъат этади. Масалан, аксар миллатлар одамлари бегона киши билан танишган чоқда “сиз” деб муомала қилади. Бу муносабатни бир оз эҳтиромга ва яна бир оз ётсирашга ҳам ўхшатиш мумкин. У билан апоқ-чапоқ бўлиб қолганидан сўнг “сиз”лаш чегарасидан “сен”лаш ҳудудига ўтади;
Иккинчиси, Пайғамбар алайҳиссалом инсон наслидан. Шу боис уни энг шарафли зот ҳисоблаб мурожаат қилинади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Бундай ҳолатда “сен” сўзи сира ҳам қовушмайди.
“Сен”ни ҳам, “Сиз”ни ҳам, бу сўзларни истеъфода этувчини ҳам яратган Аллоҳ таолодир. Шунингдек, У мурожаат этувчининг қалбини кўриб туради. Бу жиҳатдан, унга қайси сўз билан эмас, қайси ҳол билан мурожаат этиш муҳимдир.
Шу аснода яна бир савол туғилди: Биз, бандалар “Сен” деб мурожаат қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда “Биз” демоқда. Бунинг боиси нима?
Мавзуга оид адабиётларни саҳифалаб? бу саволга қуйидагича жавоб топишга мушарраф бўлдим ва уларни муҳтарам муштарийларга ҳам илинишга журъат этдим:
Дамин ЖУМАҚУЛ, журналист
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ