Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

НЕГА “БИЗ?..”

28.10.2016   5762   3 min.
НЕГА  “БИЗ?..”

Дуога қўл очганимизда Аллоҳга “Сен” деб мурожаат қиламиз, Пайғамбар алайҳиссаломга эса “Сиз” деймиз. Нега шундай дейишимизнинг боисини кўп вақт ўйлаб юриб, шундай хулосага келдим:

Биринчиси, банда ўзини Унга жуда ҳам яқин ҳис этгани боис шундай дейишга журъат этади. Масалан, аксар миллатлар одамлари бегона киши билан танишган чоқда “сиз” деб муомала қилади. Бу муносабатни бир оз эҳтиромга ва яна бир оз ётсирашга ҳам ўхшатиш мумкин. У билан апоқ-чапоқ бўлиб қолганидан сўнг “сиз”лаш чегарасидан “сен”лаш ҳудудига ўтади;

Иккинчиси, Пайғамбар алайҳиссалом инсон наслидан. Шу боис уни энг шарафли зот ҳисоблаб мурожаат қилинади, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Бундай ҳолатда “сен” сўзи сира ҳам қовушмайди.

“Сен”ни ҳам, “Сиз”ни ҳам, бу сўзларни истеъфода этувчини ҳам яратган Аллоҳ таолодир. Шунингдек, У мурожаат этувчининг қалбини кўриб туради. Бу жиҳатдан, унга қайси сўз билан эмас, қайси ҳол билан мурожаат этиш муҳимдир.

Шу аснода яна бир савол туғилди: Биз, бандалар “Сен” деб мурожаат қилган Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда “Биз” демоқда. Бунинг боиси нима?

Мавзуга оид адабиётларни саҳифалаб? бу саволга қуйидагича жавоб топишга мушарраф бўлдим ва уларни муҳтарам муштарийларга ҳам илинишга журъат этдим:

  1. “Биз” калимаси билан Аллоҳ ҳукмдорларга ибратли бир ҳикматни англатган. Чунки бу сўз замирига У улуғворлик ва виқорни жойлаган. Тарихдан биламизки, “биз” маликлар ва султонлар ифодасидир. Улар ҳукмлари ва мактубларини ”Биз ки...” дея бошлайдилар. Масалан, “Биз ки(м), малики турон...” Зеро, бу ифодада ҳашамат ва буюклик бор. Аллоҳ – азал ва абаднинг малики, подшоҳи. Албатта, ҳашамат ва буюкликни ифода этган “Биз” сўзини “Мен” сўзидан афзал кўриши Унинг азамати шарафидандир.
  2. Қуръони каримнинг туширилишига ўхшаган жараёнларда фаришталар ҳам қатнашган ва улар восита бўлган ишларда “Биз” дейдики, бунинг билан зоти ила бирликда ижрочи фаришталарга ҳам ишорат этгани тушунилади. Масалан, “Қуръонни Биз туширдик”, деганида “Қуръонни мен фаришталарим воситасида ҳабибимга туширдим” деган гап назарда тутилади. Шу каби “Биз кўкдан бир сув туширамиз” деганида ёмғир ёғдирувчи булутларни суриб келишга масъул бўлган фаришта ҳам эътиборга олинади. Аммо бу фаришталарнинг таъсирда ҳеч қандай иштироки йўқ. Чунки таъсирнинг ҳақиқий соҳиби – Аллоҳдир.
  3. Илк яратилишни ифода этган оятларда Аллоҳ “Мен” дейди. Масалан, “Мен жинларни ва инсонларни фақат менга ибодат этсинлар дея яратдим”. Лекин кейинги яратилишлар хабари берилган оятларда “Биз” ифодаси келган. Бундан қасд этилгани эса ўша вақтда яратилишга фаришталарнинг шоҳид бўлгани ва Унинг амрини бажарганидир. Бу ифода билан Аллоҳ ўз ишига фаришталарни гувоҳ этмоқда. Масалан, “Биз ерни, кўкни ва ичидагиларни яратдик” деганда Аллоҳ бу яратилишни ёлғиз ўзи бажаргани ва уларни яратар экан у ерда фаришталар ҳозир туриб гувоҳ бўлгани тушунилади.

                                                                                                                       

Дамин ЖУМАҚУЛ, журналист

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Имом Маҳдий ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради

4.11.2024   1065   3 min.
Имом Маҳдий ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақларида, айниқса, у кишининг охирзамонда чиқишлари борасида мусулмон уламолар орасида қадимдан кўпгина баҳслар ўтган, бу баҳсларнинг натижаси турлича бўлиб чиққан.

Шиа мазҳабидагилар Имом Маҳдийни «Маҳдий мунтазар», яъни интизор бўлиб турилган Маҳдий дейишади.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари бу масалада ўзаро алоҳида баҳс юритганлар. Баъзи уламолар «Бу борада келган барча ҳадислар заифдир», деганлар. Бундай деганлар озчилик бўлиб, уларнинг энг кўзга кўрингани Ибн Халдундир.

Кўпчилик уламолар «Маҳдий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ҳадиси шарифлар катта саҳобалардан, улуғ муҳаддислар томонидан ривоят қилинган», дейдилар. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифларни Имом Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Тобароний, Абу Яъло, Баззоз, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилганлар.

Юқорида ана шу ҳадиси шарифлардан бир қисмини ўрганиб чиқдик. Уларнинг баъзиларида имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг исмлари очиқ-ойдин тилга олинган бўлса, бошқаларида ишора қилинган. Уларни солиштириб кўрадиган бўлсак, бир неча умумий хулосалар чиқаришимиз мумкин:

1. Охирзамон бўлганда Пайғамбар алайҳиссаломнинг оли байтларидан, ҳазрати Алий ва Биби Фотима розияллоҳу анҳумоларнинг ўғиллари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг наслидан Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу чиқадилар.

2. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг чиқишлари қуйидагича бўлади: бир халифа вафот этгач, мусулмонлар ўртасида ихтилоф бўлади. Мадинадан бир киши Маккага қочиб чиқади. Унинг олдига Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни чиқариб, Рукн билан Мақом ўртасида унга байъат қиладилар. Ана ўша киши Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу бўладилар.

3. Шомдан Имом Маҳдий розияллоҳу анҳуга қарши аскар юборилади. Ушбу юборилган аскарларни Макка билан Мадина ўртасидаги сайҳонликда ер ютади.

4. Одамларни ер ютганини кўриб, имом Маҳдий розияллоҳу анҳунинг олдига Шомнинг абдоллари – авлиёлари ва аҳли Ироқнинг яхшилари келиб, унга байъат қиладилар.

5. Сўнгра Қурайшдан тоғаси Бану Калблик бўлган киши чиқади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу унга қарши аскар юбориб, уларга ғолиб келади. Кейин Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни тақсим қилади.

6. Сўнгра Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу одамлар орасида Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилади. Ер юзида Ислом қарор топади. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу жабр-зулмга тўлган ер юзини адолат ва инсофга тўлдиради.

7. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу молни сочади, уни санамайди. У кишининг даврларида мол-мулк кўпайиб кетгани, ўзлари сахий бўлганликлари учун шундоқ бўлади.

8. Имом Маҳдий розияллоҳу анҳу етти йил халифа бўладилар. Сўнг у киши вафот этадилар, мусулмонлар у зотнинг жанозасини ўқийдилар.

«Фитналар ва Қиёмат аломатлари» китобидан

Мақолалар