«Анъом У Зот субҳни ёритувчидир. У Зот тунни сукунат, қуёш ва ойни эса ҳисоб (воситаси) қилиб қўйди. Бу Азиз, Алим Зотнинг ўлчовидир».
Анъом сураси, 96-оят
Инсоният ўзининг қадим тарихи мобайнида вақтни турлича ҳисоблаб келган бўлиб, бугунги кунда асосан қуёш ва ой тақвимига, яъни шамсий ва қамарий йил ҳисобига амал қилиб келмоқда. Шамсий тақвимда ер куррасининг қуёш атрофида тўлиқ бир марта айланиши бир йил ҳисобланади. Қамарий тақвимда эса ойнинг ер атрофида тўлиқ бир марта айланиши бир ой ҳисобланади. Ҳозирги замонда биз яшаб турган диёрларда асосан икки хил йил ҳисобига амал қилинади. Бири – шамсий милодий йил ҳисоби, бири – қамарий ҳижрий йил ҳисоби.
Милодий йил ҳисоби Исо (алайҳиссалом)нинг таваллуди деб тахмин қилинган санадан бошланган бўлиб, бу ҳисоб Григорий тақвимига асосан юритилади.
Ҳижрий йил ҳисоби эса Ислом оламининг тақвими бўлиб, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккадан Мадинага ҳижратлари – кўчишларидан бошланади. Бу саноқ боши ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида эълон қилинган. Ҳижрий ҳисобнинг қамарий ва шамсий тақвимлари бўлиб, қамарий тақвим бўйича йил муҳаррам ойидан бошланади, унинг биринчи 10 куни эса муборак кунлар ҳисобланади. Бу тақвимнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфт ойлари 29 кундан иборат бўлиб, фақатгина ўн иккинчи ой мустаснодир, ундаги кабиса кунлари ҳам 30 кундир. Янги кун қуёшнинг ботишидан бошланади. Вақт ҳисоби қамарий давр бўйича ҳисобланганда бир йил 354 кундан иборат бўлади. Тарихий воқеаларнинг санасини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқ қайд қилиб бориш ҳамда кейинги авлодларга қолдириш мақсадида йил, ой ва кунларнинг ҳисоби тақвим шаклида қадимдан қўлланиб келинади.
Мазкур икки ҳисоб бўйича 2016 йилнинг 2 октябр куни ҳижрий 1438 йил кириб келиб, муҳаррам ойи бошланди.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади:
«Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса Роббингиздан фазл (ризқ) исташингиз учун ҳамда йиллар саноғи ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз» (Исро сураси, 12-оят).
Аллоҳ таоло кун билан тунни алмаштириб турмаса, сана ҳисобини билиш қийин бўлур эди.
Юқорида айтганимиздек, ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин, халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида жорий қилинган. Бу зоти шариф бошқа улуғ саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Ислом тарихи учун янги тақвим тузиб, ўтган воқеаларни шу ҳисоб бўйича қайд қилиб бориш зарурлигини айтганларида бу фикрни барча саҳобалар маъқуллаганлар. Шундан сўнг ҳижрий сананинг аввалини қайси кундан бошлаш тўғрисида маслаҳат бўлиб, кимдир Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунларидан бошлайлик деса, кимдир вафот этган саналаридан бошлашни таклиф қилган. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): «Вафотларидан бошласак, ҳар йилнинг бошида қайғумиз янгиланиб туради» деб, бу фикрни рад этганлар. Ниҳоят, ҳамманинг фикрлари бир бўлиб, ҳижрий санани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлашга келишилган. Ушбу ҳижрат кунлари сафар ойига тўғри келган бўлса ҳам, лекин унга тайёргарлик муҳаррам ойидан бошланганини эътиборга олиб, ҳижрий сананинг аввалини муҳаррамнинг биринчи кунидан бошлашга қарор қилинди. Бу кун милодий 622 йилнинг 16 июль жума кунига тўғри келади.
Шундан буён Ислом олами хусусан, диёримиз мусулмонлари ҳам йил ҳисобини, диний байрамларни ва хоссатан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ҳамда Ийдул Қурбон кунларини белгилашда ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланиб келмоқдалар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ойларнинг адади ўн иккита эканини айтиб, улардан тўрттаси муҳаррам, яъни алоҳида эҳтиром қилинадиган ойлар эканини зикр қилган. Булар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойларидир. Бу ойлар азалдан, яъни Исломдан аввал ҳам ҳурмат ва эҳтиром қилиб келинган, бу пайтда ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Зеро, инсоннинг ҳаёти, мол-мулки, тинчлиги муҳофаза қилинадиган ойни том маънода чинакам улуғ, муҳтарам ой дейиш мумкин. Бу ойларнинг фазилати, қадри биродаркушлик урушлари, қонли тўқнашувлар бир неча йиллаб тўхтамаётган, минг-минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлаётган бугунги кунимизда айниқса яққол намоён бўлмоқда.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даврларида ҳам бу ойлар иззат-икром қилинган, ҳурматланган. Сизу бизнинг ушбу муборак ва улуғ ойларни ёд этиб туришимиздан мақсад – уларнинг фазилатларидан ташқари, йил кетидан йиллар, ой кетидан ойлар, кун кетидан кунлар бетиним ўтаётганини, умримиз ҳам тўхтамай ўтиб бораётганини тез-тез эслаб туришдир. Шояд бу билан азиз умримизни ғанимат билиб, хайрли ишларни кўпроқ қилишга интилсак, солиҳ амалларни янада зиёда қилсак.
Аллоҳ таоло муҳаррам ойларда гуноҳ ишлардан сақланишга буюради. Аксинча, бу ойларда имкон қадар кўпроқ тоат-ибодат қилиш, солиҳ амаллар қилиш, хайр-саховат кўрсатиш, муҳтожларга ёрдам бериш динимизнинг кўрсатмаларидандир.
Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ҳижрий йилни хайр-баракотли қилсин, қутлуғ қилсин, бу йилда имон-эътиқодимиз, зуҳду тақвоимиз аввалгидан ҳам зиёда бўлишини насиб қилсин, юртимизга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик ато этсин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Энг кўп қандай дуо қиласиз?
Марвазий: “Энг кўп қайси дуони қиласиз?”.
Имом Аҳмад: “Аллоҳ таоло бизни одамлар ўйлаганларидек солиҳлардан қилсин ва биз ҳақимизда билмаганларини мағфират этсин”[1].
Қандай тонг оттирдингиз?
Имом Аҳмад Аллоҳдан қаттиқ қўрқарди, Унинг азоби ва иқобидан доимо хавфдан бўларди.
Кунларнинг бирида талабаларидан бири Нажийб Марвазий устозининг ҳолидан хабар олиш учун унинг олдига кириб: “Қандай тонг оттирдингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад лаблари титраб: “Роббиси фарз ибодатларни, Набийи суннат амалларни, фаришталар солиҳ амалларни, иблис фаҳш ишларни, ўлим фариштаси жон олишни, аҳли-аёли нафақасини талаб қилган ҳолда тонг оттирдим”.
Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Халиф Восиқнинг ҳузурига кирди.
Имом Аҳмад: “Ассалому алайкум, эй мўминлар амири”.
Восиқ: “Сенга Аллоҳнинг саломи бўлмасин”.
Имом Аҳмад: “Эй мўминлар амири, жуда беодоб экансиз. Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай буюрган-ку: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз” (Нисо сураси, 86-оят).
Аллоҳга қасамки мен учун бундан гўзалроқ ва яхшироқ нарса йўқ.
Имом Аҳмад: “Қуръон ҳақида нима дейсиз?”.
Восиқ: “Махлуқ”.
Имом Аҳмад: “Қуръон махлуқ эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрат Абу Бакр, Умар, Усмон, Али розияллоҳу анҳум билишган-ку?! Ёки улар билмаган деб ўйлайсиз-ми?”.
Восиқ: “Улар билишмаган”.
Имом Аҳмад: “Субҳаналлоҳ! Набий алайҳиссалом, хулафои рошидийн розияллоҳу анҳум билмаган нарсани сиз биласиз-ми?”.
Халифа бироз хижолат бўлиб: “Билишган, аммо одамларни унга даъват этишмаган”, деди.
Имом Аҳмад: “Улар учун рухсат этилган нарса сенга рухсат этилмайди-ми?”.
Шундан сўнг, Восиқ ўзи ёлғиз ўтирадиган хонасига кириб кетди. Имом Аҳмад айтган гапларни ҳаёлидан такрор-такрор ўтказди. Ниҳоят, унга айтилган гапларнинг ростлиги аён бўлди. Халифа дарҳол ўрнидан туриб, имомдан кишанларни ечишни, тўрт юз динор танга беришни ҳамда озод қилишни буюрди.
Ғийбатчини афв этди
Мўминлар амири Мутаваккил Имом Аҳмадни кўп ғийбат қилувчи бир кишини тутиб олди. Ва имомга: “Агар истасанг ўзим унинг адабини бераман, хоҳласанг уни сенга бераман”, деди.
Имом Аҳмад: “Уни кечирдим”, деди.
Мутаваккил: “Наҳотки, сени шунча ғийбат қилиб, чақимчилик қилган одамни кечирсанг?!” деди.
Имом Аҳмад: “Эҳтимол, унинг ёш фарзандлари бўлса, уларга бундан махзунлик етади”[2].
Мукофоти Аллоҳнинг зиммасида
Кеч тушди. Атрофни зимистон эгаллади. Имом Аҳмад уйғониб, кун ёришгунча хўнграб йиғлади. Шогирдларидан бири: “Устоз нима сабабдан кечаси кўп йиғладингиз?” деб сўради.
Имом Аҳмад: Муътасимнинг берган азоблари Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тиловат қилганимда ёдимга тушди: “(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасидадир. Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси, 40-оят).
Шунда Аллоҳга сажда қилиб уни кечиришини дуо қилиб сўрадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари
Фазл ибн Робиънинг фарзандлари зиндонда ётган Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳни кўргани келишди. Имом Аҳмадга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларидан учта тола беришди. Буни кўрган имомнинг кўзлари ёшга тўлди. Чуқур-ҳурмат ва эҳтиром билан сочларни кўзларига суртди. Агар имом бемор бўлса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочларини сувга солиб ичар ва тезда тузалиб кетарди.
Имом Аҳмад вафотидан олдин: “Вафот этсам, икки кўзимга ва тилимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч толаларини қўйинг!” деб васият қилди. Имом оламдан кўз юмганда унинг васияти бажарилди.
Ношукрлик бўлади
Фаҳиқлар имоми, муҳаддислар шайхи Имом Аҳмадга беморлик етди. Тўшакка михланиб қолди. Оғриқнинг азобидан имом “оҳ, оҳ” деб инграрди.
Шунда унга: “Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳини беморни инграши ношукрлик бўлади деб айтгани эслатилди”.
Шундан сўнг, Имом Аҳмаднинг то вафот этгунига қадар бирорта овози чиқмади[3].
Фақат сажда қиларди
Кеч тушди. Имом Аҳмаднинг шогирди Сулаймон ибн Абу Матор уйқуга кетди. Устози унга кечаси туриб таҳорат олиши учун сув тайёрлаб қўйди.
Тонгда отди. Имом Аҳмад сув ишлатилмаганини билди. Шунда у: “Субҳаналлоҳ, ахир талабани кечаси бажарадиган вазифаси (вирди) йўқ-ми?” деди насиҳат овозда.
Шогирди Сулаймон: “Мусофирман-ку”, деди.
Имом Аҳмад: “Мусофир бўлсанг ҳам! Масруқ ҳаж ибодатини адо этганда, ҳар кечани ибодат билан ўтказган эди”, деди[4].
Қайтаришни ният қилганман
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ дўстидан икки юз дирҳам қарз олди. Бироз муддат ўтгандан сўнг Имом Аҳмад қарзини қайтарди. Шунда дўсти: “Сендан бу пулларни қайтариб олиш ниятим йўқ эди”, деди.
Имом Аҳмад қатъиятлик билан: “Лекин мен қайтариб беришни ният қилганман”, деб қарзини узиб, жўнаб кетди.
Икки ярим миллион жамоат қатнашган жаноза
Имом Аҳмад бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар.
Имом Аҳмад ҳижрий 241 сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Жанозаларига келган жамоат масжидларни, кўчаларни тўлдириб юборди.
Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Аллоҳ таоло улуғ имомни раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин[5].
Даврон НУРМУҲАММАД
[1] Маноқибул Имом Аҳмад. 251.
[2] Маноқибул Имом Аҳмад. 318.
[3] Маноқибул Имом Аҳмад. 353.
[4] Маноқибул Имом Аҳмад. 191.
[5] Маноқибул Имом Аҳмад. 361.