Хизмат юзасидан пойтахтимиздаги қариялар уйидан бирига бордим. У ердаги кексалар билан дилдан суҳбатлашиб, тақдирлари билан танишдим. Бир отахоннинг ўз ҳаёти ҳақида сўзлаб берган ҳикояси мени қаттиқ ўйга толдирди. Бошқаларга ҳам сабоқ, ибрат бўлар деб, уни қоғозга туширдим:
“Нуфузли ташкилотда раҳбар бўлиб ишлар эдим, – дея гап бошлади отахон, – пулим, мансабим кучидан айтганим айтган, деганим деган эди. Улфатлар билан йиғилишларимизнинг биридан яқин дўстимнинг қизини келин қилишимни айтиб, катта гапириб қўйдим. Аммо ўғлим маҳалламиздаги муаллимнинг қизига кўнгил қўйган экан. Қизнинг одобли, ҳаёли, меҳнаткаш эканини билсам-да, ўзимиздан анча паст, оддий ўқитувчининг қизини келин қилмаслигимни айтиб, уйда тўпалон, жанжал кўтардим. Дўстларим олдида субутсиз бўлишимни ўйлаб, баттар жаҳл отига миндим. Лекин ўғлимни кўндира олмадим. Муаллимнинг қизи уйимизга келин бўлиб тушди...
Келиним ҳаёли, камгап, итоаткор эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қайнонасининг ҳам меҳрини қозонди. Бироқ мен ҳеч жаҳлдан туша олмадим. Уйда жанжал кўтариб, барига келинимни айбдор қилардим. Тилимга келган сўкиниш, қарғиш, ҳақоратми – барисини тўкиб сочар эдим. Келин эса йиғлаганча, “Узр, дадажон” дейишдан нарига ўтмасди. Бунақа шароитда, ўғлимнинг оиласи 2-3 ойда бузилиб кетади, деб ўйлардим. Бироқ келиним сабрлироқ бўлиб чиқди.
Бир куни улар фарзанд кутаётганларидан хабар топгач, бобо бўлишимни ўйлаб севиниш ўрнига ғазабим қайнади. Келинимни қўлидан судраб, кўчага ҳайдадим.
Шундай кейин ҳам келиним қайтиб келиб, кечирим сўради. Келин эмас, қиз бўлишини айтиб ёлворди. Жаҳл иш бермаслигини тушуниб, хийла йўлига ўтдим: уни “кечирдим”, меҳрибон қайнота тусига кирдим.
Ҳар куни уйга келинимга деб ширинликлар, тансиқ таомлар кўтариб кела бошладим. Уйдагилар менга “Худо инсоф берди”, деб еру кўкка сиғишмасди. Афсуски, бу меҳрибончилик ортида катта бир тубанлик ётгани фақат Худога аён эди. Мен ўғлимнинг зурриёдини кўтариб юрган аёлга “иссиқ-совуқ”, сеҳр қилинган нарсаларни “илинаётган эдим”. Унга фақат хонангизга олиб кириб ўзингиз енг, набирам пучуқ бўлмасин, дея қаттиқ тайинлар эдим.
Англашимча, келиним нарсаларни барча билан баҳам кўрар экан. Сеҳр таъсирида аёлим ақлидан айрилди. Уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга мажбур бўлдим.
Ҳеч қанча вақт ўтмай оиламга навбатдаги фалокат яқинлашди. Ўғлим автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолди. Бу руҳий зўриқишлар натижасида келиним ҳомиласидан айрилди.
Ношукурлигим, гуноҳларим натижасидами, билмадим ишим орқага кетди. Амалимдан, мол-мулкимдан айрилдим, кўчада қолдим. Келиним ногирон ўғлимни ва мени ота уйига бошлаб борди. Қудам ҳам кўнгли кенг одам экан, ҳеч нима бўлмагандек уйидан жой берди. Бироқ у уйда яшашга виждоним йўл қўймади. Бир ҳафтадаёқ ҳеч кимга индамай уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Кексалар уйига келиб жойлашдим. Келиним қидириб-қидириб, мана шу ергача келди. Уйга кетдик дадажон, деб ялиниб-ёлборди. У билан кетмадим. Ундан кечирим сўрар эдим. Келиним ҳозиргача, ногиронлар аравачасида ўғлимни олиб, мени кўргани келади. Уларнинг кўзига қараёлмайман. Ўзимни ухлаганга, бетобга солиб, учрашишдан қочаман.
Ҳозир келиним ишлаб, қайнонасининг, менинг дори дармонларимизни вақтида етказиб беради. Бу қилмишларимдан минг-минг пушаймон, аммо бунинг энди менга фойдаси бўлармиди...
Нилуфар САИДАКБАРОВА,
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир кун келиб, фарзандларингизни ҳам қарғаб қўйсангиз нима бўлади?
Қиз бола мусибат келганда, қийинчилик пайтида ўзини ўзи қарғашга ўрганиб қолса, афсуски, бу нарса тилига ўрнашиб қолади. Йиллар ўтиб, худди шу ишни фарзандларига ҳам қилмайди деб, ким кафолат бера олади? Бундай ёмон одатга ўрганиб қолган аёл болалари ёшлик қилиб, жаҳлини чиқарса, уларни қарғаб ташлайди, уларга қўшиб, «Худо жонимни олса-ю, шулардан қутулсам» деб, ўзини ҳам қарғайди. Аслида бошингизга тушган ҳар қандай мусибат – Аллоҳнинг синовидир. Ёмон дуоларингиз, қарғишларингиз ижобат бўлиб, афсус-надоматда қоладиган кун келиб қолмасин, бугуноқ ўзингизни ўнгланг! Зеро, ҳаётда фарзандларини дуоибад қилган учун қанча-қанча оилалар хароб бўлган!
Ўзингизга ўлим тилаганмисиз?
Бошимизга оғир иш тушиб қолса, кўзимизга дунё қоронғи бўлиб, яшагимиз келмай қолади. Бу – Аллоҳни танимаслик, динни тушунмаслик, ҳаётнинг қадрига етмасликдир. Бундай кимса учун гўё келажак ҳаёти зимистондан иборат, уни ҳеч қандай яхшилик кутмаётгандек туюлади. Гўёки бу ҳаётда бирорта меҳрибони қолмагандек бўлиб қоади. Бундай ҳолатда инсон беихтиёр ўлимни орзу қилиб қолади, бундай азоблардан халос этишини сўраб, Аллоҳ таолога ёлвора бошлайди.
Шу ўринда бир савол туғилади: қаршимиздаги ҳамма эшиклар ёпилиб, яшашдан умидимиз узилиб қолса, бу азоблардан қутулиш учун ўлимни орзу қилишга ҳаққимиз борми ўзи?
Бу саволга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай жавоб берганлар:
«Ҳеч бирингиз бирор кулфат туфайли ўзига ўлим тиламасин! Шунда ҳам бошқа чораси қолмаса, «Аллоҳим, агар мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», десин».
Саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоблари билан зийнатланганлар. Шунинг учун ҳаётларининг энг қийин онларида ҳам ўлимни орзу қилмаганлар.
Қайсдан ривоят қилинади: «Ҳаббоб ибн Аратни кўргани бордик. У қорнидаги ярага етти марта куйдирма босган экан. Борсак, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ўлим тилашдан қайтармаганларида, ўзимга ўлим тилаган бўлардим», деди» (Имом Бухорий ривояти).
Бир қиз айтади: «Гўдаклигимда отам менга Пайғамбаримизнинг «Ҳеч бирингиз зинҳор ўзига ўлим тиламасин», деган сўзларини ўргатганлар. Отам бу ҳадисни менга жуда кўп эслатар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», дейишни ўргатганларини яхшилаб ёд олишга ундар эдилар. Отам: «Инсон ҳаётда кўп қийинчиликларга, мусибатларга дуч келиши мумкин. Аллоҳ асрасин, шундай пайт келиб қолса, ҳеч қачон ўзингга ўлим тиламагин! Умидсизликка тушсанг, Аллоҳга таваккул қилгин-да, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилгин!» дер эдилар.
Отам бу дуони ёд олишимга нима учун бунчалик ҳаракат қилганларига, ўзига ўлим тиламасликни бунчалик қаттиқ тавсия қилганларига ҳайрон бўлиб юрардим. Йиллар ўтиб, ўсмирлик ёшига етдим. Ўша даврга хос муаммоларга дуч кела бошладим. Ана шунда беихтиёр отамнинг сўзларини эслаб қолдим. Кўпчилик дугоналарим салгина қийналса ҳам, ўзига ўлим тилаётганини кўриб, ҳайрон қолар эдим. Мен ҳам улардек бўлиб қолишим ҳеч гап эмас эди. Лекин отам ўргатган набавий дуолар туфайли Аллоҳ мени бундай қисматдан асради.
Пайғамбаримизнинг ўлимни орзу қилишдан қайтаришларида яна бир гўзал маъно борлигини англаб етдим. Ўлимни орзу қиладиган, яшашни ёмон кўрадиган қиз Аллоҳга ўлим тилаб дуо қилаверса-ю, Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилмаса, ўз жонига қасд қилишга ҳам журъат қилиб қолиши мумкин. Бу эса жуда катта гуноҳ! Ўлим тилашнинг нечоғлик хатарли эканини яхши англаган қиз эса жонига қасд қилиш нақадар ёмонлигини тушуниб, бу ҳақда ўйлашдан ҳам эҳтиёт бўлади. Жуда қайғуга ботиб, умидсизликка, тушкунликка тушиб қолса ҳам, «Аллоҳим, мен учун яшаш хайрли бўлса, мени яна яшатгин. Агар мен учун ўлим хайрли бўлса, жонимни олгин», деб дуо қилса, Аллоҳга таваккул қилса, мабодо вафот этиб қолса ҳам, албатта яхшилик бўлади. Аллоҳ унга умр берса, Аллоҳга ишонгани учун «Демак, ҳали ҳаётимда жуда кўп яхшиликлар бор экан», деб яшайди. Аллоҳ таоло банданинг дуосини албатта ижобат қилади. Мана шундай тушунча қиз болани умидсизликдан, жонига қасд қилиш каби хаёллардан асрайди. Мен бу дуонинг фойдасини ҳаётимда жуда кўп синаб кўрганман, бу дуо менга ҳар доим умид бахш этган, мени янада кўпроқ сабр қилишга чорлаган, келажакка умидимни оширган. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазлидир».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.