Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Ноябр, 2024   |   04 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:39
Қуёш
06:59
Пешин
12:12
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:31
Bismillah
05 Ноябр, 2024, 04 Жумадул аввал, 1446

Қайнотанинг пушаймони

25.10.2016   4973   3 min.
Қайнотанинг пушаймони

Хизмат юзасидан пойтахтимиздаги қариялар уйидан бирига бордим. У ердаги кексалар билан дилдан суҳбатлашиб, тақдирлари билан танишдим. Бир отахоннинг ўз ҳаёти ҳақида сўзлаб берган ҳикояси мени қаттиқ ўйга толдирди. Бошқаларга ҳам сабоқ, ибрат бўлар деб, уни қоғозга туширдим:

“Нуфузли ташкилотда раҳбар бўлиб ишлар эдим, – дея гап бошлади отахон, – пулим, мансабим кучидан айтганим айтган, деганим деган эди. Улфатлар билан йиғилишларимизнинг биридан яқин дўстимнинг қизини келин қилишимни айтиб, катта гапириб қўйдим. Аммо ўғлим маҳалламиздаги муаллимнинг қизига кўнгил қўйган экан. Қизнинг одобли, ҳаёли, меҳнаткаш эканини билсам-да, ўзимиздан анча паст, оддий ўқитувчининг қизини келин қилмаслигимни айтиб, уйда тўпалон, жанжал кўтардим. Дўстларим олдида субутсиз бўлишимни ўйлаб, баттар жаҳл отига миндим. Лекин ўғлимни кўндира олмадим. Муаллимнинг қизи уйимизга келин бўлиб тушди...

Келиним ҳаёли, камгап, итоаткор эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қайнонасининг ҳам меҳрини қозонди. Бироқ мен ҳеч жаҳлдан туша олмадим. Уйда жанжал кўтариб, барига келинимни айбдор қилардим. Тилимга келган сўкиниш, қарғиш, ҳақоратми – барисини тўкиб сочар эдим. Келин эса  йиғлаганча, “Узр, дадажон” дейишдан нарига ўтмасди. Бунақа шароитда, ўғлимнинг оиласи 2-3 ойда бузилиб кетади, деб ўйлардим. Бироқ келиним сабрлироқ бўлиб чиқди.

Бир куни улар фарзанд кутаётганларидан хабар топгач, бобо бўлишимни ўйлаб севиниш ўрнига ғазабим қайнади. Келинимни қўлидан судраб, кўчага ҳайдадим.

Шундай кейин ҳам келиним қайтиб келиб, кечирим сўради. Келин эмас, қиз бўлишини айтиб ёлворди. Жаҳл иш бермаслигини тушуниб, хийла йўлига ўтдим: уни “кечирдим”, меҳрибон қайнота тусига кирдим.

Ҳар куни уйга келинимга деб ширинликлар, тансиқ таомлар кўтариб кела бошладим. Уйдагилар менга “Худо инсоф берди”, деб еру кўкка сиғишмасди. Афсуски, бу меҳрибончилик ортида катта бир тубанлик ётгани фақат Худога аён эди. Мен ўғлимнинг зурриёдини кўтариб юрган аёлга “иссиқ-совуқ”, сеҳр қилинган нарсаларни “илинаётган эдим”. Унга фақат хонангизга олиб кириб ўзингиз енг, набирам пучуқ бўлмасин, дея қаттиқ тайинлар эдим.

Англашимча, келиним нарсаларни барча билан баҳам кўрар экан. Сеҳр таъсирида аёлим ақлидан айрилди. Уни руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишга мажбур бўлдим.

Ҳеч қанча вақт ўтмай оиламга навбатдаги фалокат яқинлашди. Ўғлим автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолди. Бу руҳий зўриқишлар натижасида келиним ҳомиласидан айрилди.

Ношукурлигим, гуноҳларим натижасидами, билмадим ишим орқага кетди. Амалимдан, мол-мулкимдан айрилдим, кўчада қолдим. Келиним ногирон ўғлимни ва мени ота уйига бошлаб борди. Қудам ҳам кўнгли кенг одам экан, ҳеч нима бўлмагандек уйидан жой берди. Бироқ у уйда яшашга  виждоним йўл қўймади. Бир ҳафтадаёқ ҳеч кимга индамай уйдан бош олиб чиқиб кетдим. Кексалар уйига келиб жойлашдим. Келиним қидириб-қидириб, мана шу ергача келди. Уйга кетдик дадажон, деб ялиниб-ёлборди. У билан кетмадим. Ундан кечирим сўрар эдим. Келиним ҳозиргача, ногиронлар аравачасида ўғлимни олиб, мени кўргани келади. Уларнинг кўзига қараёлмайман. Ўзимни ухлаганга, бетобга солиб, учрашишдан қочаман.

Ҳозир келиним ишлаб, қайнонасининг, менинг дори дармонларимизни вақтида етказиб беради. Бу қилмишларимдан минг-минг пушаймон, аммо бунинг энди менга фойдаси бўлармиди...

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Таъзия

1.11.2024   4256   3 min.
Таъзия

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!

Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.

Шу муносабат билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур, самимий таъзия изҳор этамиз.

Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин, бу дунёда қилган хайрли амалларидан, хизматларидан ҳосил бўлган ажру савоблардан Қиёматга қадар баҳраманд қилиб, руҳларини шод қилсин, охиратларини обод қилсин, ваъдасига биноан, иззат тожини кийдирсин, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!

Ҳақ таоло бу олим бандасининг ҳаққига қилинадиган барча хайрли дуоларни ижобат қилсин!

Ушбу оғир жудолик дамларда марҳумнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига гўзал сабр тилаб қоламиз.

Аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига барча мўмин-мусулмонлар номидан, кўплаб шогирдлар номидан ҳамдардлик изҳор қиламиз, марҳумнинг ҳақларига дуода бўламиз.

Муборак жума кунида сиз азизлардан ҳам марҳумнинг ҳақларига дуолар қилишингизни сўраймиз.

«Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Маълумот ўрнида: Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.

Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.

«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.

“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.

Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.

1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс берган.

2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритди.

Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси саналади.

Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати