Жаннатмакон Ўзбекистонимизнинг деҳқону боғбонлари йил давомида қилган машаққатли меҳнатларининг натижасини кўрадиган, ҳосилни сарҳисоб қиладиган кунларга ҳам етиб келдик. Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларни ато этишни хоҳлаганининг аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ояти каримадан қам билиб олишимиз мумкин.
Яъни: "Яхши шаҳар (ери)нинг гиёҳи Роббининг изни билан (униб) чиқаверади. Ёмон (шаҳарнинг ери эса) фақат унумсиз бўлур" (Аъроф, 58).
Дарҳақиқат, бозорлардаги тўқин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар — оятда таъкидланганидек — Парвардигорнинг изни билану чиқмокда. Демак, юртимиз мақтовга лойиқ диёрдир.
Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнингҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол тариқасида қуйидаги оятни келтириш мумкин:
Яъни: "Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан) боқсин! Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни гиёҳлар билан ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни зайтун ва хур-моларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. Булар сизлар учун ва чорва ҳайвонларингиз учун манфаатдир" (Абаса, 24—32).
Ушбу оятларда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилди. Инсон эса ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ҳозир куз фасли давом этмоқда. Йил давомида қилинган машаққатли меҳнатнинг натижаси бўлган ҳосилни исроф қилмасдан йиғиб олиш ва унга ёрдам бериш барчамизнинг бурчимиздир. Чунки шу ҳосиллар билан юртимиз обод, дастурхонимиз тўкин бўлади. Бу йилги ҳосил кейинги йиллардаги фаровон ҳаётимиз гаровидир.
Шу ўринда қишлоқ жойларда учрайдиган бир муаммо ҳақида ҳам сўз юритсак. Ҳали ҳосили тўлиқ йиғиб олинмаган пахтазор ва далаларда ёки янги экилган буғдойзорларда чорва ҳайвонларини боқиш, афсуски, одат тусига кириб қолган. Бу қанчалик оғир гуноҳ эканлигини Қуръони карим оятларидан билиб олишимиз мумкин. Жумладан?
Яъни: "(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эсафасодни (бузғунчиликни) ёқгирмайди" (Бақара, 205).
Ушбу оятда экинларни пайҳон қилувчилар фитначилар билан бир қаторда зикр этилди. Оқибатлари ҳам ўхшашдир. Яъни, Аллоҳ бундай бузғунчи кишиларни ёмон кўради.
Бундай кишиларга нисбатан турли хил моддий жарима ва жазоларнинг қўлланиши ҳам адолатдандир. Бунга Довуд (а.с.) ва Сулаймон (а.с.)нинг қиссаси мисол бўла олади:
Яъни: "Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилган кезларини (эсланг). Ўшанда унга қавмининг қуйлари (тунда) кирган (ва уни пайҳон қилган) эди. Биз уларнинг (чиқарган) ҳукмига шоҳид эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга англатдик..." (Анбиё, 78-79).
Ривоят қилишларича, Довуд ва Сулаймон алайҳимуссалом олдиларига икки киши бир можаро хусусида ҳукм сўраб келади. Улардан бирининг қўйлари иккинчисининг экинзорига кириб кетиб, бирон нарсани соғ қолдирмай пайҳон қилиб чиқиб кетган эди. Довуд (а.с.) қўйлар экинзор эгасига берилсин, деб ҳукм чиқарадилар. Буни эшитган ўғиллари Сулаймон (а.с.) эса: "Ерни қўйларнинг эгасига, қўйларни эса экинзор соҳибига берилса-ю, қўйларнинг эгаси ерни ўнглаб, экин экиб аввалги ҳолига қайтаргач, қўйларини қайтариб олса. Шу муддат ичида экинзор соҳиби у қўйларнинг юнги, сутидан фойдаланиб, шу даврда туғилган қўзиларни ҳам ўзига олиб қолса", — дейдилар. Шунда Довуд (а.с.) Сулаймон (а.с.)га қараб: "Ўғилчам, сенинг ҳукминг тўғрироқдир" — деб ўзи чиқарган ҳукмларини бекор қилади.
Азизлар! Бу йил омборларимиз буғдой билан тўлди, пахтазорларимизда мўл-ҳосил етиштирилди. Фурсатни ғанимат билиб, уни териб олишга ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Аллоҳ таоло деҳқонларимизнинг ҳосилларига барака берсин! Юртимиз тинч ва обод бўлсин!
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ
Янгийўл тумани «Жомеъ» жоме масжиди
имом-хатиби.
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ