Имом Термизий Сунан Термизий номи билан машҳур бўлган жоме китоби мусаннифи, ҳадис ҳофизи Термиз шаҳрида туғилган. Сўнгра ҳадислар тўплаш мақсадида Миср диёридан ташқари Ҳуросон, Ироқ, Шом ва Ҳижоз ўлкаларга илмий сафар қилган. Кўп муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган. Бухорода ҳадис илми борасида юксак натижаларга эришган. Кўплаб сафарлар ва китоблар тасниф қилган. Ҳижрий 279 йил ражаб ойининг 13 санасида Термиз шаҳрида вафот этганлар.
-“Сунани Термизий”: Бу асар “Сунани Термизий” ёки “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” деб номланиб, Имом Термизийнинг энг машҳур шоҳ асаридир. Мазкур китоб ҳадис китоблари орасида ҳам муҳим ўрин эгаллайди, олти саҳиҳ китобнинг ҳамда тўрт сунаннинг бири ҳисобланади. Китоб ўзида 3956 та ҳадисларни мужассам этган. Ҳадислар боблар, фиқҳ, ҳадиснинг иллатларига кўра тартибланган. Бундан ташқари китобда ҳадиснинг саҳиҳ – сақим (касал)лари баёни, уларнинг ўртасидаги мартабалар, исмлар ва кунялар жарҳ ва таъдил қоидаларга биноан баён қилинган, уларнинг қайсилари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган ёки бормаганлиги келтирилган.
-“Аш-шамоил ан-набавийя”: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақида ёзилган китоб бўлиб унда Темизий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, хулқлари, одоблари ва амаллари ҳақида баён қилиб берганлар. Бу китобни 55 бобга тақсимлаб, унда 397 та ҳадис келтирган.
-“Илал ат-Термизий ал- Кубро”: Бу китоб Термизий ўзининг иснодлари билан келтирган бир қанча ҳадислардан иборат. Ҳар бир ҳадисдан кейин унинг ҳукми борасида ё ўзининг ёки шайхларининг берган ҳукмларини баён қилган. Мазкур китобдаги ҳадисларга айтилган ҳукмларнинг энг кўп қисми Имом Бухорий ҳукмларига тўғри келади.
-“Ал-илал ас-соғийр”: Мазкур китоб Сунани Термизийга боғлиқ қилиб ёзилган. Имом Термизий бу китобда иллатли ҳадисларни фиқҳий боблар тартибига кўра келтириб ўтган ва ҳар бир ҳадиснинг иллатини баён қилган.
-“Тасмия асҳабур Росулиллаҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
Имом Термизийнинг яна бир қанча бошқа китоблари бўлиб улардан ҳозиргача топилмаганлари қуйидагилар:
Имом Термизий айтадилар: “Имом Бухорий менга шундай дедилар: “Менинг сен туфайли кўрган манфаатларим, сени мен орқали кўрган фойдаларингдан кўра кўпроқдир.”
Имом Самъоний айтади: “Термизий-замонасининг ҳақиқий имоми эди”.
Абу Саъд Идрисий :”Ҳадис илмида унга эргашиладиган имомлардан биридир. Жомеъ, тарих ва ҳадис борасида ёзган ктиоблари энг ишончли олимлар ёзган китоблар сирасига киради. Зеҳни ўткирлик борасида бу зот зарбул масал қилинади”-деган.
Имом Ҳоким айтади: “Умар ибн Илакнинг шундай деганини эшитдим: “Имом Бухорий вафот этгач Хуросонда илм, ҳифз, тақво ва зуҳд борасида Абу Исога тенг келадиган киши қолмади. Жуда кўп йиғлаганлари сабабли кўзлари кўрмай қолди ва бир неча йил кўзлари ожиз холда яшадилар”.
Абу Яъло Халилий: “Абу Исо сиқа, муттафақун алайҳ ва омонат ва илмда машҳур эди”-деган.
Ибн Асир айтади: “Термизий жуда ҳам гўзал китоблар тасниф қилган ҳадис илмида ҳофиз бўлганлар. Энг машҳур китоблари “Жоме ул- Кабирдир” .
Ибн Имад Ханбалий шундай дейди: “Замондошларига ўрнак, ҳифз ва мукаммалликда намуна эдилар.”
Имом Миззий айтади: “У “Жомеъ” ва бошқа бир қанча китоблар соҳиби бўлиб, машҳур ҳофиз имомлардан бири эдилар”.
Ибн Ҳиббон: “Имом Термизий ҳадис тўплаб ёзиб, ҳифз қилган кишилардан. У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини ҳимоя қилиб, жомеъ ёзган олти имомнинг биридир. Мазкур имомларини китоблари суннат оламида ҳадис борасида суяниладиган китоблардир”.
Ибн Халикон: “Ҳадис илмида унга эргашиладиган имомлардан биридир. Жомеъ, тарих, ҳадис борасида ёзган ктиоблари энг ишончли олимлар ёзган китоблар сирасига киради. Зеҳни ўткирлик борасида бу зот зарбул масал қилинади. Имом Бухорийнинг шогирди ва сафдоши ҳисобланади”.
Исмоил Ҳаравий: “Имом Термизийнинг “Жомеъ”си Бухорий ва Муслимнинг “Жомеъ”ларига қараганда фойдалироқдир. Чунки икки буюк имомнинг жомеъсидан фақат кучли олимларгина манфаат олишга қодир. Ҳолбуки, Термизийнинг “Жомеъ”сини ҳамма ундан манфаат олиши мумкин бўлган китобдир”-деган.
Ибн Касир: “Имом Термизий замонасининг машҳур муҳаддисларидан бири бўлиб кўплаб асарлар тасниф қилганлар. Уларнинг энг машҳурлари “Жомеъ” (Сунан ат –Термизий), “Шамоилу Мухамммадия”, “Асмаус-соҳабати” ва бошқалардир. “Жомеъ” китоби уламолар энг кўп мурожаат қиладиган китоблардандир”.
Мулла Али ал-Қорий: “Темизий ҳадис илмида ҳужжат, сиқа, ҳофиз ва тақво соҳибидир”-деган.
Термизий айтадилар: Мен “Жомеъ” китобимга фақат уламолар унга амал қилган ҳадисларни киритдим. Сўнгра уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига кўрсатдим. Улар рози бўлишди. Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий бу китоб ҳақида бундай деган: “Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки ўша уйда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапираётгандек бўладилар”.
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза”жоме масжиди имом хатиби
Cавол: Эҳромдаги инсон хушбўй салфетка, совун ёки шампун ишлатиб қўйса, бирор жарима лозим бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Хушбўй салфетка, совун ёки шампун каби воситаларни эҳромдаги киши ишлатиши макруҳ амал саналади. Лекин ушбу воситаларни ишлатиш билан қўй сўйиш вожиб бўладими ёки садақами деган масалада замонамиз уламолари ва фатво уюшмалари турлича жавоб берганлар.
Ушбу масала юзасидан мазҳабимиз манбаларига таяниб айтамизки, хушбўй салфетка, совун ва шампун кабилар тозалик воситалари саналади ва ундан аксар ҳолда хушбўйланиш учун фойдаланилмайди. Бунга ўхшаш масалани қадимги фуқаҳоларимиз қуйидагича баён қилишган: “Эҳромдаги киши хушбўйлиги бор ушнон (кирни кеткизиш воситаси, ишқор) билан қўлини ювса, уни кўрганлар: “Бу ушнон”, десалар, садақа, агар “Бу хушбўйлик”, десалар, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади” (“Муҳитул-Бурҳоний” китоби).
Демак, ишлатилаётган хушбўй нарсани кўпчилик одамлар нима деб қабул қилишига қараб ҳукми таъйин топади. Бугунги кунимизда хушбўй салфетка, совун ёки шампунни ҳеч ким асл хушбўйлик, деб ҳисобламайди.
Қолаверса, хушбўй салфетка, совун ва шампун каби воситалар айни хушбўйлик воситаси эмас, балки унга хушбўйлик қўшилган тозалик воситаларидир. Бундай воситаларда тозаловчи моддалар миқдори кўп, хушбўйлик миқдори оз бўлса, унга хушбўйлик ҳукми берилмайди.
Шу билан бирга совун саноатидан маълумки, уни 100 даража иссиқликда пиширилади. Фуқаҳоларимиз хушбўйлик аралашган нарсалар пиширилиши (қайнатилиши) натижасида, гарчи ундан хушбўй ҳид келиб турган бўлса ҳам, хушбўйлик ҳукмидан чиқишини айтганлар. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
“Агар хушбўйлик таомга қўшиб пиширилса ва ўзгарса эҳромдаги киши уни истеъмол қилишининг зарари йўқ. Бунда унинг хушбўй ҳид бор ёки йўқлигининг фарқи йўқ. Чунки бу ҳолатда хушбўйлик пишириш (қайнатиш) натижасида таомда йўқолиб кетади. Агар пиширилмаган бўлса ва хушбўй ҳиди келиб турса, эҳромдаги киши уни истеъмол қилиши макруҳдир. Лекин унинг зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди. Чунки бунда таом ғолиб келган, хушбўйлик моддаси эса аралашиб, йўқолиб кетган бўлади” (“Бадоиус саноиъ” китоби).
Ушбу маълумотлардан хулоса қилиб айтганда салфетка, совун ёки шампун каби воситаларнинг хушбўй ҳиди бўлса, уни ишлатган эҳромдаги киши бир соъ (2 кг) буғдой ёки унинг қийматини садақа қилиш лозим бўлади. Аммо булар билан тўлиқ бир аъзо уч ва ундан кўп ўрин (макон)ларда ювилса, жонлиқ сўйиш лозимдир. Агар ушбу воситаларда ҳеч қандай хушбўй ҳид бўлмаса, жонлиқ ҳам, садақа ҳам лозим бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази