Ҳофиз ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Маййитга уч нарса эргашади... ” мазмунидаги келган ҳадиси шарифларига шарҳ битиб, куйдаги ривоятни келтирганлар.
Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига қўли шол бир қиз кириб келди. Ва Эй, мўминларнинг онаси бугун соғлом қўл билан ухлаб, шол қўл билан уйғондим-деди. Оиша розияллоҳу анҳо: Нима сабабдан? Қиз: Мени бой бадавлат ота-онам бор эди. Отам қўли очиқ, закот ва садақани канда қилмайдиган, саҳий, меҳмонларни яхши кутадиган, сўровчини қуруқ қўл билан қайтармайдиган қўйингки, қўлидан келганча яхшилик улашувчи карамли инсон бўлганлар. Онам эса, буни акси, бахил, қурумсоқ, молида бирор садақа қилганларини кўрган эмасман.
Отам вафот этдилар. Икки ой ўтмай онам ҳам оламдан ўтдилар.
Бу кеча туш кўрдим. Тушимда отам жуда чиройли кўркам кийинган, олдиларидан анҳор оқиб турибди. Мен: Эй отажоним, бу қандай хол- деб сўрадим. Отам: Эй, қизалоғим, ким дунёда зарра мисқол яхшилик қилса ҳам кўрар экан. Бу Роббимнинг менга қилган фазлидир- дедилар.
Мен: Онамнинг ахволи қандай?-деб сўрадим.
Отам: Онанг вафот этдими?-деди.
Мен: Ҳа, дедим.
Отам: Эй, воҳ! Онанг биздан узоқлашиб кетибди. Онагни чап томон аҳлларидан изла!-деди.
Қиз: Чап тарафимга назар солсам. Онамни ялонғоч, бир парча матога ўранган холатда кўрдим. Қўлида эса, ёғ “Холимга вой бўлсин! Жуда чанқадим!” – деб нидо қилар эди. Агар жуда қаттиқ чанқасалар ўша ёғни қўлга суртиб, сўнгра ялардилар. Қарасам олдида анҳор оқиб турибди. Мен: “Эй онажон нега чанқадим деб нидо қиляпсиз. Ахир олдингизда оқиб турган анҳор борку” – дедим. Онам: “Ундан ичишимга изн берилмаяпди” – деди. Мен: “Сизга сув берайинми?” – дедим. Онам: “Яхши бўларди” – деди. Мен бир ховуч сув олиб онамга бердим. Онам ичиб бўлгач, чап тарафдан бир нидо қилгувчи: “Огоҳ бўлинг ким бу аёлга сув берса, ўнг қўли шол бўлиб қолади” – деб, икки марта нидо қилди. Уйғонсам ўнг қўлим шол бўлиб қолибди. Шундан бери ўнг қўлимни ишлата олмаяпман. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: Ўша матони эсладингми? Дедилар. У: Ҳа, мўминларнинг онаси, уни онамнинг устида кўрган эдим. Онамни ҳеч қачон бирор нарсани садақа қилганини кўрмаганман. Аммо отам бир кун ҳоккиз сўйди. Шунда бир киши тиламчилик қилиб келди. Онам ёғли суякни олиб унга берди. Яна бир кун олдиларига бир аёл келганида. Онам бояги матони олиб унга бериб юборганди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо такбир айтиб: “Аллоҳ рост айтди ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етказди” – деб, “” оятини ўқидилар.
فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар (Залзала сураси, 7-оят).
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати