Ҳофиз ибн Ражаб роҳматуллоҳи алайҳ пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Маййитга уч нарса эргашади... ” мазмунидаги келган ҳадиси шарифларига шарҳ битиб, куйдаги ривоятни келтирганлар.
Бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурларига қўли шол бир қиз кириб келди. Ва Эй, мўминларнинг онаси бугун соғлом қўл билан ухлаб, шол қўл билан уйғондим-деди. Оиша розияллоҳу анҳо: Нима сабабдан? Қиз: Мени бой бадавлат ота-онам бор эди. Отам қўли очиқ, закот ва садақани канда қилмайдиган, саҳий, меҳмонларни яхши кутадиган, сўровчини қуруқ қўл билан қайтармайдиган қўйингки, қўлидан келганча яхшилик улашувчи карамли инсон бўлганлар. Онам эса, буни акси, бахил, қурумсоқ, молида бирор садақа қилганларини кўрган эмасман.
Отам вафот этдилар. Икки ой ўтмай онам ҳам оламдан ўтдилар.
Бу кеча туш кўрдим. Тушимда отам жуда чиройли кўркам кийинган, олдиларидан анҳор оқиб турибди. Мен: Эй отажоним, бу қандай хол- деб сўрадим. Отам: Эй, қизалоғим, ким дунёда зарра мисқол яхшилик қилса ҳам кўрар экан. Бу Роббимнинг менга қилган фазлидир- дедилар.
Мен: Онамнинг ахволи қандай?-деб сўрадим.
Отам: Онанг вафот этдими?-деди.
Мен: Ҳа, дедим.
Отам: Эй, воҳ! Онанг биздан узоқлашиб кетибди. Онагни чап томон аҳлларидан изла!-деди.
Қиз: Чап тарафимга назар солсам. Онамни ялонғоч, бир парча матога ўранган холатда кўрдим. Қўлида эса, ёғ “Холимга вой бўлсин! Жуда чанқадим!” – деб нидо қилар эди. Агар жуда қаттиқ чанқасалар ўша ёғни қўлга суртиб, сўнгра ялардилар. Қарасам олдида анҳор оқиб турибди. Мен: “Эй онажон нега чанқадим деб нидо қиляпсиз. Ахир олдингизда оқиб турган анҳор борку” – дедим. Онам: “Ундан ичишимга изн берилмаяпди” – деди. Мен: “Сизга сув берайинми?” – дедим. Онам: “Яхши бўларди” – деди. Мен бир ховуч сув олиб онамга бердим. Онам ичиб бўлгач, чап тарафдан бир нидо қилгувчи: “Огоҳ бўлинг ким бу аёлга сув берса, ўнг қўли шол бўлиб қолади” – деб, икки марта нидо қилди. Уйғонсам ўнг қўлим шол бўлиб қолибди. Шундан бери ўнг қўлимни ишлата олмаяпман. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо онамиз: Ўша матони эсладингми? Дедилар. У: Ҳа, мўминларнинг онаси, уни онамнинг устида кўрган эдим. Онамни ҳеч қачон бирор нарсани садақа қилганини кўрмаганман. Аммо отам бир кун ҳоккиз сўйди. Шунда бир киши тиламчилик қилиб келди. Онам ёғли суякни олиб унга берди. Яна бир кун олдиларига бир аёл келганида. Онам бояги матони олиб унга бериб юборганди. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо такбир айтиб: “Аллоҳ рост айтди ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга етказди” – деб, “” оятини ўқидилар.
فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар (Залзала сураси, 7-оят).
Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
- 60وَلِلْجَنَّاتِ وَالنِّيرَانِ كَوْنٌ عَلَيْهَا مَرَّ أَحْوَالٌ خَوَالِي
.Маънолар таржимаси: Жаннатлар ва дўзахлар (ҳозирда) бордир, уларга (яратиб қўйилганларига) ўтмиш йиллар ўтиб кетгандир
Назмий баёни:
Жаннатлар, дўзахлар мавжуд эрурлар,
Улар узра ўтган кўп ўтмиш йиллар.
Луғатлар изоҳи:
لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносини ифодаловчи жор ҳарфи бўлиб, исми маъно бўлган كَوْنٌ ва исми зот бўлган جَنَّاتِ ларнинг орасида келган.
الْجَنَّاتِ – жор ва мажрур хабари муқаддам.
النِّيرَانِ – луғатда “алангалар” маъносини англатади.
كَوْنٌ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. كَانَ феълининг масдари бўлиб, луғатда “воқеликда бор бўлиш” маъносига тўғри келади.
عَلَيْهَا – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.
مَرَّ – кўплаб шарҳларда مَرَّ ни масдар қилиб маъно берилган. Аммо таҳқиқларга кўра унинг феъл экани мўътабар ҳисобланади.
اَحْوَالٌ – фоил. Луғатда “тўлиқ бир йил” маъносини англатувчи حَوْل нинг кўплик шаклидир.
خَوَالِي – бу калима خَالِيةٌ нинг кўплик шакли бўлиб “ўтмишлар” маъносини англатади. اَحْوَالٌ нинг сифати.
Матн шарҳи:
Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра жаннатлар ва дўзахлар ҳозирда яратиб қўйилган, улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди.
Қадарийлар ва мўътазилийлар жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратиб қўйилганини инкор қилишган. Улар: “Агар жаннат ва дўзах мавжуд бўлса, ояти карималарда хабар берилганидек, йўқ бўлиб кетишлари лозим бўлиб қолади, шунинг учун улар қиёмат кунида яратилади”, – деган эътиқодда бўлишган. Ўзларининг бу қарашларига қуйидагича далиллар келтиришган:
“Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир”[1].
Яъни Аллоҳ таолодан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлгувчидир. Бошқа бир оятда ҳам барча жонзотнинг фоний бўлиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи боқий қолиши хабар берилган:
“(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром эгаси бўлмиш Роббингнинг Ўзи боқийдир”[2].
Ушбу оятлардаги كُلٌ калимаси عَامٌّ ва جَمِيِعٌ каби умумийликни ифодаловчи калималарнинг энг кучлиси бўлиб, у чегараланмаган кўпликка далолат қилади. Модомики, бу калимани мазкур маъносидан бошқа маънога ўзгартирувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида туради. Шунга кўра жаннату дўзахлар ҳозирда яратиб қўйилган бўлганида улар ҳам, ичидагилар ҳам қиёмат кунидан олдин бошқа махлуқотлар қатори йўқ бўлиб кетиши лозим бўлиб қоларди. Уларнинг эса ҳалок бўлмасликлари хабар берилган. Шунинг учун ҳам улар қиёмат кунида абадий йўқолмайдиган қилиб яратилади, – дейишган.
Жаннат ва дўзахнинг яратиб қўйилганига далиллар
Мазкур тоифаларнинг келтирган далилларига батафсил жавоблар берилган:
Аввало, жаннат ва дўзахнинг ҳозирда яратиб қўйилганига жуда кўплаб далиллар бор:
1. Қуръонда жаннат ва дўзах ҳақида келган оятларда ўтган замонни ифодаловчи сўзлар билан хабар берилган:
“Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг”[3].
Ушбу оятда жаннатнинг тайёр қилиб қўйилгани хабар берилган. Қуйидаги оятда эса дўзахнинг таёрлаб қўйилгани хабар берилган:
“Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан сақланингиз!”[4].
Мазкур ояти карималарда жаннат ва дўзах ҳақида “тайёрлаб қўйилган” дея ўтган замонни ифодаловчи сўз билан келтирилиши уларнинг ҳозирда мавжуд эканига далолат қилади.
2. Қуръонда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссаломни иккинчи марта асл ҳолатда “Сидратул мунтаҳо”нинг олдида кўрганлари ва унинг олдида Маъво жаннати борлиги хабар берилган. Бу эса жаннатнинг яратиб қўйилганига ёрқин далилдир:
“Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор Ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди. “Сидратул-мунтаҳо” (дарахти) олдида. “Маъво жаннати” ҳам ўша (дарахт)нинг олдидадир”[5].
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сидратул мунтаҳо”га борганларидан сўнг жаннатга кирганларини айтиб, унинг қандай эканини тасвирлаб берганлар:
ثُمَّ دَخَلْتُ الْجَنَّةَ فَإِذَا فِيهَا جَنَابِذُ اللُّؤْلُؤِ وَإِذَا تُرَابُهَا الْمِسْكُ.
“... Сўнгра жаннатга кирдим, у ерда марварид гумбазлар бор экан, унинг тупроғи мушк экан” (Имом Бухорий ривоят қилган).
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилган вақтда намоз ўқиганлари ҳақидаги ривоятда у зотнинг жаннатни ҳам, дўзахни ҳам кўрганлари, ҳатто жаннатдан бир шингил мева олайми, деб ўйлаганлари ҳам очиқ- ойдин келган:
عَنْ عُرْوَةَ قَالَ قَالَتْ عَائِشَةُ خَسَفَتْ الشَّمْسُ فَقَامَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَرَأَ سُورَةً طَوِيلَةً ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ ثُمَّ اسْتَفْتَحَ بِسُورَةٍ أُخْرَى ثُمَّ رَكَعَ حَتَّى قَضَاهَا وَسَجَدَ ثُمَّ فَعَلَ ذَلِكَ فِي الثَّانِيَةِ ثُمَّ قَالَ إِنَّهُمَا آيَتَانِ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ فَإِذَا رَأَيْتُمْ ذَلِكَ فَصَلُّوا حَتَّى يُفْرَجَ عَنْكُمْ لَقَدْ رَأَيْتُ فِي مَقَامِي هَذَا كُلَّ شَيْءٍ وُعِدْتُهُ حَتَّى لَقَدْ رَأَيْتُ أُرِيدُ أَنْ آخُذَ قِطْفًا مِنْ الْجَنَّةِ حِينَ رَأَيْتُمُونِي جَعَلْتُ أَتَقَدَّمُ وَلَقَدْ رَأَيْتُ جَهَنَّمَ يَحْطِمُ بَعْضُهَا بَعْضًا حِينَ رَأَيْتُمُونِي تَأَخَّرْتُ وَرَأَيْتُ فِيهَا عَمْرَو بْنَ لُحَيٍّ وَهُوَ الَّذِي سَيَّبَ السَّوَائِبَ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ
Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Қуёш тутилган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар-да узун сура ўқидилар, сўнгра рукуъ қилиб, узоқ вақт рукуъда қолдилар, бошларини кўтарганларидан кейин бошқа бир сурани ўқий бошладилар, сўнгра рукуъ қилдилар, ушбу ракатни адо этиб сажда қилдилар, кейин иккинчи ракатда ҳам шундай қилдилар. Сўнгра: “Иккаласи Аллоҳнинг белгиларидан икки белгидир, агар ўшани кўрсаларингиз, то сизлардан очилиб кетгунича намоз ўқинглар. Мен ушбу турган жойимда менга ваъда қилинган барча нарсаларни кўрдим. Ҳатто менинг олдинга юрганимни кўрган пайтларингизда, жаннатдан бир шингил мева олайми ҳам деган эдим. Менинг орқага чекинганимни кўрган пайтларингизда, баъзиси баъзисини бузиб вайрон қилаётган дўзахни кўрдим. Унинг ичида Амр ибн Луҳайни кўрдим. У ибодат маъносида туяни қаровсиз ташлаб қўйишни биринчи бўлиб бошлаган эди”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Адашган тоифаларнинг كُلٌ калимасини маъносидан бурувчи далил бўлмаса, у асл ҳолида тураверади, деган сўзларига эса қуйидагича жавоб берилган:
Юқоридаги далиллардан жаннат ва дўзахнинг ҳозирда мавжуд эканлиги собит бўлди. Мавжудлиги аниқ бўлган жаннатнинг тугаши йўқ экани ҳам хабар берилган:
“Албатта, бу Бизнинг (жаннат аҳлига берадиган) ризқимиздирки, унда тугаш бўлмас”[6].
Жаннатдаги неъматларнинг доимийлиги ҳам баён қилиб қўйилган:
“Тақволилар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли, унинг остида анҳорлар (доимо) жорий, мевалари ва соялари боқийдир”[7].
Ҳадиси шарифда жаннат неъматларининг доимийлиги ҳақида шундай хабар берилган:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ وَأَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إذَا دَخَلَ أهْلُ الجَنَّةِ الجَنَّةَ يُنَادِي مُنَادٍ إِنَّ لَكُمْ أنْ تَحْيَوْا فَلا تَمُوتُوا أَبَداً إنَّ لَكُمْ أنْ تَصِحُّوا فلا تَسْقَمُوا أبداً وإنَّ لَكمْ أنْ تَشِبُّوا فلا تَهْرَمُوا أبداً وإنَّ لَكُمْ أَنْ تَنْعَمُوا فَلا تَبْأسُوا أَبَداً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Саид ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон жаннат аҳли жаннатга кирсалар, бир нидо қилгувчи: “Албатта, яшашларингиз сизлар учун, ҳеч қачон ўлмайсизлар. Албатта, соғлом бўлишларингиз сизлар учун, ҳеч қачон касал бўлмайсизлар. Албатта, ёш бўлишларингиз сизлар учун, ҳеч қачон қаримайсизлар. Албатта, ҳузур-ҳаловатда яшашларингиз сизлар учун, ҳеч қачон бахтсиз бўлмайсизлар”, – дея нидо қилади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.
Жаннатдаги неъматлар абадий бўлганидек, дўзахдаги азоблар ҳам абадийлиги ҳақида шундай хабар берилган:
“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофирлар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар” .
Хулоса қилиб айтганда, жаннат ҳам, дўзах ҳам ҳозирда мавжуд, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Улар Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилиши билан вужудга келгани каби, У зотнинг йўқ қилиб юбормаслиги билан доимий бор бўлиб туради.
Кейинги мавзу:
Мўмин банданинг дўзахда абадий қолмаслиги баёни