Сўнги йилларда кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётган, халқимиз учун аянчли ҳолат бўлган – оилаларнинг ажралиши кўп кузатилмоқда. Афсуски, бу муқаддас даргоҳга бўлган муносабат йил сайин салбий тус олмоқда. Биргина 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган.
Муқаддас динимиз Ислом динида Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).
Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш ҳамда оилалар ажралишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш сўнггида Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор устида иш бошлаб юборилгани, унга кўра, Тошкент шаҳрида ажрашган ҳар бир оила ҳақида маълумотлар – оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён “Тошкент” телеканали ва “Тошкент оқшоми” гезетасида бериб борилиши маълум қилинди. Шаҳар ҳокими бу ишга жиддий киришар экан, ажрашаётган оилалар ҳақидаги маълумотларнинг телевидение орқали тарқатилиши, ажримларнинг камайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.