Сўнги йилларда кенг жамоатчиликни жиддий ташвишга солаётган, халқимиз учун аянчли ҳолат бўлган – оилаларнинг ажралиши кўп кузатилмоқда. Афсуски, бу муқаддас даргоҳга бўлган муносабат йил сайин салбий тус олмоқда. Биргина 2015 йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳри бўйича 3586 оилага дарз кетган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса бу кўрсаткич 3442 тани ташкил этди. Тошкент шаҳрида жами 505 та маҳалла бўлса, ажримлар шуларда 474 тасида юзага келган.
Муқаддас динимиз Ислом динида Аллоҳ таоло оила ва никоҳнинг муқаддаслиги тўғрисида шундай баён қилади: «Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир» (Рум, 21).
Юқоридаги каби ҳолатларни бартараф этиш ҳамда оилалар ажралишини олдини олиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш сўнггида Тошкент шаҳар ҳокими янги қарор устида иш бошлаб юборилгани, унга кўра, Тошкент шаҳрида ажрашган ҳар бир оила ҳақида маълумотлар – оила вакилларининг исм-фамилияси бундан буён “Тошкент” телеканали ва “Тошкент оқшоми” гезетасида бериб борилиши маълум қилинди. Шаҳар ҳокими бу ишга жиддий киришар экан, ажрашаётган оилалар ҳақидаги маълумотларнинг телевидение орқали тарқатилиши, ажримларнинг камайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қайд этди.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
Замонамизнинг етук алломаси, фақиҳи, устоз, шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Шу муносабат билан марҳумнинг барча оила аъзоларига, сафдошлари ва шогирдларига чуқур, самимий таъзия изҳор этамиз.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилсин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилсин, бу дунёда қилган хайрли амалларидан, хизматларидан ҳосил бўлган ажру савоблардан Қиёматга қадар баҳраманд қилиб, руҳларини шод қилсин, охиратларини обод қилсин, ваъдасига биноан, иззат тожини кийдирсин, илмига амал қилган уламоларга ваъда қилган ажру мукофотларидан баҳраманд қилиб, жаннатларига дохил айласин!
Ҳақ таоло бу олим бандасининг ҳаққига қилинадиган барча хайрли дуоларни ижобат қилсин!
Ушбу оғир жудолик дамларда марҳумнинг аҳли байтига Аллоҳ таолонинг қазои қадарини розилик ила қарши олган чинакам мўминларнинг мақомини сўраймиз, барча яқинларига гўзал сабр тилаб қоламиз.
Аҳли оилалари, фарзандлари ва ёр-биродарларига барча мўмин-мусулмонлар номидан, кўплаб шогирдлар номидан ҳамдардлик изҳор қиламиз, марҳумнинг ҳақларига дуода бўламиз.
Муборак жума кунида сиз азизлардан ҳам марҳумнинг ҳақларига дуолар қилишингизни сўраймиз.
«Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз», дейдиган сабрлиларга хушхабар беринг».
Маълумот ўрнида: Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.
Мисрнинг “Ал-Азҳар” университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратура босқичини (усулул фиқҳ) тамомлаган.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга.
«Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи “Кашфул асрор” асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини ҳимоя қилган.
“Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари” докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган.
Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги ўрта мактабларда мударрислик қилган.
1989 йилдан Фатҳ Ислом институтида, 2006 йилдан ушбу таълим даргоҳининг юқори университет қисмида дарс берган.
2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заим масжидида мударрис сифатида фаолият юритди.
Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича ҳам мударрислик қилган. Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси саналади.
Ўтган забардаст уламолар, хусусан Имом Суютийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзилган “Дебож” номли шарҳини, Имом Косонийнинг “Бадоиъус-саноиъ” китобини, “Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ” китобини, Мерос илмига оид “Сирожия” китоби шарҳини, Мунзирийнинг “Арбаъийн фи истисноъил маъруф” китобини, Имом Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини, Имом Мусилийнинг “Ихтиёр” китобини, “Саҳиҳул Бухорий”нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш “Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий” китобини шарҳлаган ва таҳқиқ қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати