عَنْ أَنَس بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:" لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ" رَوَاهُ البخاري
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўла олмайди», дедилар».
(Имом Бухорий ривоят қилган)
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат у зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.
Иймонимизнинг комиллиги У зотга бўлган муҳаббатимизга таъаллуқли бўлар экан, уламолар киши қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:
1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;
2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;
3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш.
Шунингдек Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббат У зотга эргашиш билан бўлар экан, бу нарса Аллоҳ таолонинг бизларга бўлган муҳаббати ва мағфиратини вожиб қилади. Зеро, Аллоҳ таоло:
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
"Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» деб марҳамат қилади.
Тарихда бундай муҳаббатли зотлар кўп бўлган. Шак-шубҳасиз аваламбор саҳобаи киромлар бу борада биринчи бўлишган ва бизга ибрат кўрсатишган. Саҳобаларнинг бу муҳаббатини Расулуллоҳ алайс саломнинг ҳар бир сўзини ҳеч бир тараддудсиз ишонч билан қабул қилишида, уларнинг Ислом динини ҳимоя қилишида, бу йўлда мол-дунёларини, жонлари ва қонларини тикишида ва уларнинг ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссаломдан тушган бир дона мўйни, таҳорат қилган сув томчиларини, туфлаган тупукларини талашиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дейишларида кўришимиз мумкин. Ёки Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобаларнинг кўзларидан озроқ вақт ғоиб бўлиб қолсалар улар ўзларини қўярга жой тополмай қолар эдилар.
Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар саҳрода кетаётиб, бир жойга етганда туясидан тушар ва энгашиб ўтар экан. Бунинг сабабини сўраганларга “Шу ерда бир дарахт бор эди, Ҳазрати Расулуллоҳ унинг тагидан худди шундай энгашиб ўтардилар”, деб жавоб берган эди.
Саҳобалардан кейинги авлодлар ҳам бу борада катта ибрат бўлишган ва У зотга ҳақиқий муҳаббатларини кўрсатишган.
Имом Моликдай зот ҳам дунё ишларида Набийга тақлид қилишда машҳур эди: Мадинаи мунавварада бирор марта уловга миниб юрмади, Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирди.
Машҳур салжуқий подшоҳлардан Маҳмуд Ғазнавий таҳорати йўқ пайтда Муҳаммад исмли ходимини исми билан чақирмай, “Ҳой ходим” деб чорларди.
Аҳмад Яссавий эса “Пайғамбар ёшидан кейин менинг бу тупроқ устида юришим ҳаромдир”, дея охирзамон Набийига садоқатини изҳор этиб, одамлардан узилди.
Увайс Қараний эса Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир тишлари сингани хабаридан сўнг сингани қай бири эканини билолмай барча тишларини ўзидан бегона қилди ва Аллоҳнинг Расулига садоқат завқидан масрур бўлди.
Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг шаҳид бўлганини эшитган аёл “Менга Расулуллоҳни кўрсатинглар, у зотни бир кўрай”, деди. У зотни кўрганидан кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган мусибатлар ҳечдир”, деди.
"Ошиқун набий" номи билан машҳур бўлган Абул Баракот Айман ибн Муҳаммад Тунисийнинг 17 та бобосининг исми Муҳаммад бўлганлиги ривоят қилинган. Асли африкалик бўлган ушбу олим Мадинаи мунавварага келиб то вафотларигача шу ерда қолган ва Бақиъ қабиристонига дафн қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати кучлилигидан у киши Пайғамбаримиз ҳақларида ҳар куни битта қасида ёзишни ўзига одат қилиб олган эди. Бундай мисолларни сон-саноқсиз келтиришимиз мумкин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатли ва у зотнинг йўлларига эргашувчи бандалардан қилсин!
А. Қосимов
Хожа Бухорий номли ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси
Шукуҳ
Мамлакатимизда муборак Қурбон ҳайитини кўтаринки кайфиятда нишонлаш яхши анъанага айланган. Байрам кунлари юртимизда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади.
Ушбу муборак айёмда қариндош-уруғлар, яқинлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам берилади, қисқача айтганда, жамиятда бирдамлик ва аҳиллик муҳити яна ҳам мустаҳкамланади.
Кези келганда, бугун мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига чиққанини, барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётганини, ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Янги Ўзбекистондаги бу муваффақиятлар замирида фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янгилик ва енгилликларни алоҳида қайд этиш, хусусан, икки муҳим ҳужжатни эслаб ўтиш лозим.
Биринчиси — “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун, иккинчиси — Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. Ушбу икки муҳим ҳужжат том маънода диний-маърифий соҳа самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди.
Фармонга асосан, кўҳна Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Бу халқимиз, хусусан, диний-маърифий соҳа вакиллари учун катта хушхабардир. Ушбу марказ том маънода буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш каби асосий вазифаларни бажаради. Нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этади. Тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилади ва сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади.
Сирасини айтганда, ушбу марказ ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сингари учинчи Ренессансни қарор топтириш йўлидаги яна бир мустаҳкам илм ва ақл маркази бўлади, албатта.
Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табригида таъкидланганидек, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси — Самарқанд шаҳри 2025 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.
Пойтахтимизда бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ҳамда халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланажак, албатта.
Шукрки, мақтансак арзийдиган бу каби хушхабар ва янгиликлар бисёр. Айниқса, айни ҳайит кунларида бу юртдошларимиз кайфиятини янада кўтариши, байрамга ўзгача шукуҳ қўшиши муқаррар.
Кези келганда айтиш жоизки, муборак Қурбон ҳайитининг аҳамияти янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш жараёнлари ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги шароитда тобора ортиб бормоқда. Бу муборак кунда яқинлар билан кўришиш, узоқлашган дўстлар билан ярашиш, қариндош-уруғларга зиёратга бориш — барчаси меҳр-оқибат ва инсонлар ўртасидаги узвий алоқаларни мустаҳкамлайди.
Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳисобланади. Одатда ушбу айёмда ҳамма бир-бирини байрам билан самимий муборакбод этади, қурбонликлар қилинади. Қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳтиёжманд, кам таъминланган инсонлар, турли миллат ва дин вакилларига улашилади. Бу, ўз навбатида, сахийлик, шукроналик, жамиятдаги тенгликни таъминлашга қаратилган улкан ибрат ҳамда муҳтожлар, етим-есирлар ва эътиборга муҳтож инсонлар ҳақида қайғуришнинг амалий ифодаси, қолаверса, ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг янада мустаҳкамланишига сабаб бўлади.
Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.