Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июн, 2025   |   22 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
18 Июн, 2025, 22 Зулҳижжа, 1446

Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббатли зотлар...

13.10.2016   9145   13 min.
Пайғамбар алайҳиссаломга муҳаббатли зотлар...

عَنْ أَنَس بْنِ مَالِكٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:" لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ" رَوَاهُ البخاري

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, (комил) мўмин бўла олмайди», дедилар».  

(Имом Бухорий ривоят қилган)

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат у зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Иймонимизнинг комиллиги У зотга бўлган муҳаббатимизга таъаллуқли бўлар экан,  уламолар киши қалбида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам севгиси бор-йўқлигининг белгиси сифатида қуйидаги ўлчовни қўллашган:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратлари муяссар бўлганида уни бой бериш дунёдаги бор нарсани бой беришдан оғир бўлиши;

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амрларига итоат этиб, ман қилган нарсаларидан сақланиш;

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва шариатларини ҳимоя қилиш. 

Шунингдек Расулуллоҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббат У зотга эргашиш билан бўлар экан, бу нарса Аллоҳ таолонинг бизларга бўлган муҳаббати ва мағфиратини вожиб қилади. Зеро, Аллоҳ таоло:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ 

         "Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» деб марҳамат қилади.

Тарихда бундай муҳаббатли зотлар кўп бўлган. Шак-шубҳасиз аваламбор саҳобаи киромлар бу борада биринчи бўлишган ва бизга ибрат кўрсатишган. Саҳобаларнинг бу муҳаббатини Расулуллоҳ алайс саломнинг ҳар бир сўзини ҳеч бир тараддудсиз ишонч билан қабул қилишида, уларнинг Ислом динини ҳимоя қилишида, бу йўлда мол-дунёларини, жонлари ва қонларини тикишида ва уларнинг ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссаломдан тушган бир дона мўйни, таҳорат қилган сув томчиларини, туфлаган тупукларини талашиб, бир-бирлари билан уришиб кетай дейишларида кўришимиз мумкин. Ёки Расулуллоҳ алайҳиссалом саҳобаларнинг кўзларидан озроқ вақт ғоиб бўлиб қолсалар улар ўзларини қўярга жой тополмай қолар эдилар.

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар саҳрода кетаётиб, бир жойга етганда туясидан тушар ва энгашиб ўтар экан. Бунинг сабабини сўраганларга “Шу ерда бир дарахт бор эди, Ҳазрати Расулуллоҳ унинг тагидан худди шундай энгашиб ўтардилар”, деб жавоб берган эди.

Саҳобалардан кейинги авлодлар ҳам бу борада катта ибрат бўлишган ва У зотга ҳақиқий муҳаббатларини кўрсатишган.

Имом Моликдай зот ҳам дунё ишларида Набийга тақлид қилишда машҳур эди: Мадинаи мунавварада бирор марта уловга миниб юрмади, Равзада имомлик қилганида доимо паст овозда гапирди.

Машҳур салжуқий подшоҳлардан Маҳмуд Ғазнавий таҳорати йўқ пайтда Муҳаммад исмли ходимини исми билан чақирмай, “Ҳой ходим” деб чорларди.

Аҳмад Яссавий эса “Пайғамбар ёшидан кейин менинг бу тупроқ устида юришим ҳаромдир”, дея охирзамон Набийига садоқатини изҳор этиб, одамлардан узилди.

Увайс Қараний эса Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир тишлари сингани хабаридан сўнг сингани қай бири эканини билолмай барча тишларини ўзидан бегона қилди ва Аллоҳнинг Расулига садоқат завқидан масрур бўлди.

Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Уччовининг шаҳид бўлганини эшитган аёл “Менга Расулуллоҳни кўрсатинглар, у зотни бир кўрай”, деди. У зотни кўрганидан кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган мусибатлар ҳечдир”, деди.

         "Ошиқун набий" номи билан машҳур бўлган Абул Баракот Айман ибн Муҳаммад Тунисийнинг 17 та бобосининг исми Муҳаммад бўлганлиги ривоят қилинган. Асли африкалик бўлган ушбу олим Мадинаи мунавварага келиб то вафотларигача шу ерда қолган ва Бақиъ қабиристонига дафн қилинган.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати кучлилигидан у киши Пайғамбаримиз ҳақларида ҳар куни битта қасида ёзишни ўзига одат қилиб олган эди. Бундай мисолларни сон-саноқсиз келтиришимиз мумкин.

         Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатли ва у зотнинг йўлларига эргашувчи бандалардан қилсин!

А. Қосимов

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси

 

 

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

09.06.2025   8296   4 min.
Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг!

Ҳар янги куннинг тонгини кўрганингизда қалбингизни зикр ила тўлдиринг. Иймон зикрларига қулоқ тутар экансиз, борлиқ Яратган Зот сари талпинаётганини ҳис қиласиз. Аллоҳ таоло айтади: «...Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур...»[1]. Балки уйда, балки кўчада, қаерда бўлсангиз-да, Аллоҳнинг зикрига шошилинг. Зикрларни кўпайтирганингиз сари Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ортиб боради, осмонлару ернинг Холиқи бўлган Аллоҳ таолодек буюк Зот суянчиғингиз эканини англайсиз...

Ушбу мисраларни доим ёдда тутинг:

Гар эрса қалблар Холиқин зикридин мосуво,
Алар жасад ичидин жой олган тош каби гўё.

Қалбингизни забонсиз тошга айлантириб қўйманг.
Тошда на меҳр ва на ҳис бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббини зикр қиладиган билан зикрдан йироқда бўлган киши худди тирик билан ўлик кабидир” [2],  деганлар.

Яна Набий алайҳиссалом: “Сизларга амалларингизнинг энг хайрлиси ва Султонингиз ҳузурида энг покиза, даражангизни юқорилатадиган, сизлар учун тилло-кумушларни эҳсон қилгандан-да, душманингизга йўлиқиб, унинг бошини танасидан жудо қилишингиз, у ҳам сизнинг каллангизни бўйнингиздан узиб ташлашидан-да яхшироқ амал қайси эканини билдириб қўяйми?!” дедилар. Саҳобалар: ”Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. У зот: У Аллоҳнинг зикридир”,3] дедилар.

Убайд ибн Умайр айтадилар: “Мўминнинг амал дафтаридаги ҳамд ила тасбеҳ – у билан дунё тоғларича тилло судралиб юришидан хайрлидир”.

Набий алайҳиссалом яна бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳ таолонинг фазилат излаб кезиб юрувчи фаришталари бўлиб, улар зикр айтиб ўтирилган давраларни излаб юришади. Шу аснода зикр бўлаётган даврани топишса, фаришталар зикр ҳалқасидагилар билан биргаликда ўтиришади ва бир-бирларини қанотлари билан ўраб олишади, шу тарзда зикрдаги кишилар билан дунё осмонининг ораси фаришталар билан тўлиб кетади. Зикр ҳалқасидаги кишилар тарқалиб кетишса, фаришталар осмонга кўтарилиб кетишади.

Кейин Аллоҳ таоло ҳаммасини билиб тургани ҳолда, улардан: “Қаердан келдинглар? – деб сўрайди. Улар: “Биз ердаги бандаларинг олдидан келдик. Улар Сенга тасбеҳ айтяптилар, такбир, таҳлил айтиб, Сенга мақтов йўллаяптилар ва Ўзингдан сўрашяпти”, деб жавоб қайтаришади.

Аллоҳ таоло: “Улар Мендан нимани сўраяпти?” – дей­ди. Фаришталар жавобан: “Сендан жаннатингни сўрашяпти”, дейишади.  Аллоҳ таоло: “Улар жаннатимни кўришганми?” – дея фаришталардан яна савол сўрайди. Фаришталар жавоб бериб: “Йўқ! Эй Яратган Зот!” – дейишади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна: “Мабодо улар жаннатимни кўрадиган бўлсалар, ҳолат қандай бўлади-я?” – дейди. Фаришталар: “Улар яна Сендан паноҳ тилашяпти”, дейишади. Аллоҳ таоло савол тариқасида: “Нимадан паноҳ беришимни сўрашяпти?” – дейди.

Улар: “Жаҳаннамингдан, эй Яратган Зот!” – деб жавоб қайтаришади. “Улар дўзахимни кўрганми?” – деб сўрайди Аллоҳ таоло. Жавоб қайтариб: “Йўқ!” – дейишади улар.

Аллоҳ таоло: “Улар дўзахимни кўришса қандай бўларкин?” – дейди.

Фаришталар: “Улар яна Сендан мағфират қилишингни сўрашяпти”, дейишади.

Аллоҳ таоло: “Сўзсиз уларнинг гуноҳларини кечирдим, уларга сўровларини ато этдим ва паноҳ тилаган нарсаларидан уларни Ўз паноҳимга олдим”, дейди.

Фаришталар: “Эй Яратган Зот! Улар орасида фалончи, ўта хатокор қул ҳам бор. У ўтиб кета туриб уларнинг олдига ўтириб олди”, дейишади. Аллоҳ таоло шундай дея марҳамат қилади: “Уни ҳам кечирдим! Улар ҳаммажлислари бадбахт бўлмайдиган кишилардир”, дейди»[4]дедилар. 

 


[1]  Исро сураси, 44-оят.
[2]  Имом Муслим ривояти.
[3]  Имом Термизий ривояти.
[4]  Имом Муслим ривояти.