МУҲАРРАМ ОЙИ
Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Бу ой ҳижрий сананинг боши бўлгани, урушлар ҳаром бўлгани, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади», деганлар.
АШУРО КУНИ
«Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир. Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар.
Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорот бўлади», деганлар.
Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати, хислати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунлари рўзғорни бут қилиб қўйишлари суннатдир.
Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.
Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар.
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро деб номланиши ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Машориқул анвор» асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида «фоъуло» вазни ишлатилмаган, дейдилар. Бинобарин, бу куннинг Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлиқдир.
Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилин» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».
Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имом-хатиби,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ