Иордания Қироллик стратегик ислом тадқиқотлар маркази томонидан жаҳоннинг энг нуфузли мусулмонларининг янги 500 талик рўйхати эълон қилинди. 2016 йилги рейтингдан Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Усмонхон Алимов ҳам ўрин олган.
Рейтингда Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб етакчилик қилди. Иккинчи поғонани Иордания қироли Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн банд этди. Учинчи ўрин Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул-Азиз ал-Саудга насиб этди. Рўйхатга, шунингдек Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Афғонистон президенти Ашраф Ғаний, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров, Озарбойжон муфтийси Оллоҳшукур Пошшозода, Россия муфтийси Равил Ғайнуддин, Тожикистон муфтийси Саййидмукаррам Абдулқодирзода ҳам киритилди.
Нашрнинг 2016 йилнинг энг муҳим воқеалари рўйхатида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафот санаси киритилган. Шунингдек, Рио-2016 ёзги Олимпиа ўйинларининг мусулмон ғолиблари қаторида 13 нафар ўзбекистонлик спортчилар ўрин олган.
Маълумот учун: Жаҳоннинг энг эътиборли мусулмонларининг 500 талик рўйхати 2009 йилдан бери Иордания Қироллик стратегик ислом тадқиқотлар маркази томонидан тузиб келинади. Муфтий Усмонхон Алимов 2009 йилдан бери рейтингдан мунтазам ўрин олиб келади.
Усмонхон Алимов 1950 йил 1 январда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, 1982-83 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, 1983-87 йилларда эса Тошкент ислом институтида, 1989-90 йилларда Марокашдаги «Каравайин» университетида таҳсил олган. 1987-2000 йиллар давомида Паяриқ туманидаги «Имом Бухорий» масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий