Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” асарлари Ислом оламида Аллоҳ таолонинг китобидан сўнг асосий манба экани шубҳасиз. Бу китоб ҳақида сўз очилар экан, беихтиёр ўқувчи зеҳнида саҳиҳ ҳадислар ва машаққатли сафар қийинчиликлари гавдаланади.
Аммо, биз бу мақоламизда машаққатли сафарлар ёки Имом Бухорийнинг қуваи ҳофизалари ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки бу китобни ёзилишига сабаб бўлган омиллар ҳамда “Жомеъ ас Саҳиҳ”га нисбатан билдирилган фикрлар ва бугунлик кунда китобнинг сақланиб қолган нусҳалари ҳақида бақадри имкон маълумот бериб ўтмоқчимиз. Шоятки ўқувчи ўзига керакли маълумотларни мазкур мақоламиздан топса ва Имом Бухорий каби боболаримизнинг асарларига яна бир бора мурожаат қилса, мақсадимиз ҳосил бўлган бўларди.
Иброҳим ибн Маъқал ан Насафийдан ривоят қилинади: Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шундай дедилар: “Биз, Исҳоқ ибн Роҳивайҳнинг хузурида эканимизда, у: “Агар сизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан саҳиҳларини ихчам ҳолда жамласанглар эди”—деди. Шунда қалбимга буни амалга ошириш фикри тушди ва “Жомеъ ас Саҳиҳни” тўплашга киришдим.[1]
Абу Али Ғассоний, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен уни (яъни “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобидаги саҳиҳ ҳадисларни) олти юз минг ҳадис ичидан танлаб олдим”. [2]
Исмоилий эса, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен бу китоб (яъни “Жомеъ ас Саҳиҳ”)га фақат саҳиҳ бўлган ривоятларнигина киритдим. Аммо саҳиҳ ривоятлардан китобга киритмай тарк қилганларим, киритганларимдан кўра кўпроқ бўлди”.[3]
Яна Исмоилий: “Агар Бухорий ўзи билган барча саҳиҳларни бунга (яъни “Жомеъ ас Саҳиҳ”) киритганида, биргина бобнинг ўзида саҳобалардан (шу бобга доир бўлган) кўплаб ривоятлар ва уларнинг ривоят йўналишларидан кўпини жамлаган бўларди. Бас шунда китоб, жуда катта бўлиб кетарди” деди.
Бу ҳақида Иброҳим ибн Маъқал ан Насафий, Имом Бухорийдан ривоят қилиб шундай дейди: “Мен Жомеъ китобимга фақат саҳиҳларнингина киритдим. Китоб узайиб кетмаслиги учун (кўплаб) саҳиҳларни ҳам тарк этдим”.[4]
Фирабрий, Муҳаммад ибн Абу Ҳотам Бухорийдан ривоят қилиб дейди: “Тушимда Муҳаммад ибн Исмоилни кўрдим. У, Наби саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан юриб борарди. Қачонки Наби саллаллоҳу алайҳи васаллам қадамларини кўтарсалар, ўша жойга Бухорий қадамини қўяр эди”.
Фирабрий, Нажм ибн Фузайл ҳам шунга ўхшаш туш кўрганларини ривоят қилиб келтирган.[5]
Таъкидлаб ўтганимиздек бу китоб барча аср уламолари томонидан энг тўғри ва мўътабар манба деб эътироф этилган. Баъзи кишиларнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” ҳақида юзага келган нотўғри тасаввурларининг негизи—ровийларнинг ихтилофлар сабаблидир.[6]
Бу баъзилар ўйлаганидек “Жомеъ ас Саҳиҳ”га нисбатан салбий ёндашувни келтириб чиқармайди. Балки бу табиий ҳол бўлиб, муҳаддис уламолар ўз мусаннифотларини ёзишда илмий жиҳатига қанчалик диққат билан ёндашганликларини, ўз шайхларидан олган ҳадисларни қайта кўриб чиқиб, хатоларини тўғрилашда бардавом бўлганларини, манбаларга қайта-қайта мурожаат қилишга ўта талабчан бўлганликлари ва уни пухта билганликларини фикр қилиш имконини беради.
Бу каби эътиборни нафақат “Жомеъ ас Саҳиҳ” ҳақида, балки Имом Моликнинг “Муватто” китоблари ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Бу китобда ҳам ровийларга қайта-қайта мурожаат қилингани учун ҳадис ривоятлари бир нечта бўлганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари бошқа ҳадис китобларида ҳам ровий ва ривоятларнинг кўплиги, мусулмонлар далилларнинг ишончли ва аниқлигига беҳад эътиборли бўлганликларига далолат қилади.
Имом Бухорий ўз мусаннифотларига катта эътибор қаратганлар. Бу ҳақида у кишининг ўзлари шундай дейдилар: “Барча китобларимни уч мартадан тасниф қилиб чиқдим”, яъни қайта-қайта кўриб сўнг вароққа туширганлар.[7]
“Жомеъ ас Саҳиҳ” хусусида Ҳофиз ибн Ҳажар шундай дейдилар: “Имом Бухорий ундаги ҳадисларни шаҳарлардан тўплаган бўлсаларда, уларни тартибга солиш ва бобларга ажратиб ёзишни Масжид Ҳаромда бошлаганлар. Ўн олти йил мобайнида уларни қоғозга туширганлар. Аммо бу муддатни тўлиқлигича Маккада ўтказмаганлар”.
Ибн Адийнинг бир қанча ҳадис шайхларидан қилган ривоятида: “Имом Бухорий “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларини Набий саллаллоҳу лайҳи васалламнинг қабрлари ва минбарлари ўртасида ёзганлар. Ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин икки ракаат намоз ўқирдилар” дейди.
Бу ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари шундай дейдилар: “Саҳиҳ” китобига ғусл қилмасдан ва икки ракаат намоз ўқимасдан олдин бирор бир ҳадисни киритмадим”.[8]
Яна: “Жомеъ ас Саҳиҳ“ни 16 йил давомида тўплаган 600 минг ҳадислардан тасниф қилдим. Уни ўзим билан Аллоҳ ўртасида ҳужжат қилдим”.[9]
Яна: “Жомеъ ас Саҳиҳ“ китобимни масжидул Ҳаромда тасниф қилдим. Унга, икки ракаат намоз ўқиб Аллоҳ таолодан истихора қилиб, саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилмагунимча, бирор бир ҳадисни киритмадим”—дедилар.[10]
Абу Жаъфар ал Уқайлий: “Бухорий ўзининг “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини тасниф қилгач, уни Ибн ал Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Муъийн ва бошқаларга кўрсатди. Улар китоб ҳақида яхши фикр билдириб китобдаги тўртта ҳадисдан бошқа, барча ҳадисларнинг саҳиҳлигига гувоҳлик беришди”—деди. Уқайлий: “Сўз, имом Бухорий айтганидек. У саҳиҳдир” —деди.[11]
Имом Бухорий ҳадисларни ва “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларини ёзиб олишлари учун илмий мажлис ташкил этган эдилар. Фирабрийнинг айтишича, Имом Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг киши ҳадис эшитган. У кишидан охирги ҳадис эшитган одам Бағдодда Қози Ҳусайн ал Маҳомилий бўлган.[12]
Ибн Рушайд “Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби ҳақида шундай дейди: “Сўнг бу китоб Фирабрийдан мутавотир бўлди. Бас мусулмонлар уни маржон қилиб тақиб олдилар ва унга ижмоъ бўлдилар”.[13]
Муҳаддислар Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобларига бениҳоя эътибор билан ёндашдилар. Имом Бухорийнинг шогирди Фирабрий: “Жомеъ ас Саҳиҳ” китобини, Бухорийнинг ўзидан 90 минг киши эшитганини айтиб ўтади.[14]
Уни ёд олиш ва келгуси авлодларга етказишда ҳам муҳаддислар томонидан қўйилган қоидаларга амал қилиб, эътиборли бўлишгани, ундаги ривоятлардан ҳам билинади.
“Ҳозирги кунда “Жомеъ ас саҳиҳ”нинг қўлёзма нусҳалари сақланиб қолганми ёки йўқми?” деган савол барчамиз учун долзарб савол саналади. Шу масалада манбаларга мурожаат қилиб, қуйидаги маълумотларга эга бўлдик:
Ғарб ва шарқдаги мусулмонлар “Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг нусхаларига эга бўлиб, уларни масжидлар, хос ва умумий кутубхоналарга қўйишга, улардан барча бирдек фойдаланишига талабчан бўлганлар.
Кейинчалик мусулмон мамлакатлари душманлар томонидан босиб олингач, у китоб ва қўлёзмалар ўғирлаб кетилган ва талон тарож қилиниб турли давлатлардаги кутубхоналарга олиб кетилган. Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас Саҳиҳ” асарларининг қўлёзма нусхалари энг кўп ёзилган асар сифатида эътироф этилади.
Хозирда “Жомеъ ас Саҳиҳ”нинг тўлиқ бўлаклари ёки баъзи қисмлардан иборат қўлёзма нусхаси дунёнинг 2327 та кутубхоналарида сақланмоқда, жумладан: Мадинаи Мунавварадаги “Малик Абдулазиз” кутубхонасида ушбу китобнинг 226 та асл нусхаси мавжуд. Уларнинг баъзиси тўлиқ ва баъзиси бўлаклардан иборат ҳолда сақланмоқда.[15]
Олимхон ЮСУПОВ
Имом Бухорий Халқаро Маркази бўлим мудири
[1] Ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий” “Дорул Маърифа” нашриёти. Байрут 1379 ҳижрий сана. Муқаддима
[2] Ўша манба. Муқаддима
[3] Ўша манба. Муқаддима
[4] Ўша манба. Муқаддима.
[5]Ўша манба. Муқаддима.
[6]Ҳадис матнининг ҳар- хил лафзлар билан ривоят қилинишидир.
[7] Шамсиддин Заҳабий. “Сияр Аълам Нубала” “Муассаса ар Рисала” нашриёти. Байрут. 1993 йил.Б-403
[8] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11
[9] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11
[10] Юқорида айтилганидек унинг таснифи Маккаи Мукаррамада бошланиб Мадинаи Мунавварада давом этган.
[11] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил. Б-12.
[12] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-4.
[13] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11
[14] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-11
[15] Доктор Муҳаммад ибн Абдулкарим ибн Убайд. “Ривоят ва нусах ал Жомеъ ас Саҳиҳ” китоби. Маккаи Мукаррама шаҳри. 2006 йил.Б-33
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ