Маълумки, мамлакатимиз олдида турган энг муҳим мақсад-вазифа: дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани уддалайдиган ишончли, кучли, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, бугун жамият ҳаётига дадил кириб бораётган навқирон авлодни тарбиялаш зарур.
Бу борада ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ. Юртбошимиз айтганларидек, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Албатта, илм маскани ва илм, маърифат нурини тарқатувчи устозларга буюк эҳтиром ва эъзозимизни изҳор этамиз. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, инидаги чумоли, денгиздаги балиққ ҳам яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “Устоз нимаики айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиши керак”, дейилади.
Буюк саҳобалардан Ҳазрати Али устозлар ҳақида шундай деганлар: "Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин".
Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
Устоз ва мураббийлар ҳақида ҳикматли сўзлар:
Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир.
Ислом Каримов
Ҳак йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила.
Алишер Навоий
Устоз-муаллимсиз қолганда замон?
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон Жомий
Ҳаёт йўлида биринчи масала - мактаб масаласидир.
Фитрат
Сиздан бошланади асли тафаккур,
Мунис муаллимлар, сизга ташаккур!
Абдулла Орипов
Чинакам шогирд бор нарсалар негизида мавҳум нарсалар ривожини ўрганади ва шу йўл билан устозига яқинлашиб боради.
И.Гёте
Ўқитувчининг бутун фикри ўқувчиларида, ўзи сочган уруғларнинг ўсишидадир.
Д.Менделеев
Акбаршоҳ Расулов,
Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ