Маълумотларга кўра, ўн учни ёқтирмаслик бирданига пайдо бўлмаган. Ўрта асрларда инглизлар уни “нонвой дюжинаси” деб аташган. Сабаби, ўша пайтда харидор ҳақидан уриб қолган савдогарлар қаттиқ жазога тортилар, ҳатто қўли чопиларди. Бундан қўрққан нонвойлар харидорларни каттароқ миқдорда савдо қилишга рағбатлантириш мақсадида, бир дюжина маҳсулот олган мижозга битта қўшиб, ўн учга етказиб беришарди. Бу ҳақда Mehrob.uz ёзмоқда.
Ўн тўққизинчи асргача 13 сони билан алоқадор қўрқув фақат битта соҳада бўлган: европаликлар дастурхон атрофида ўн уч киши бўлиб ўтиришдан сақланишган. Агар шундай бўлиб қолса, улардан бири кейинги йил давомида вафот этади, деб ҳисоблашган.Бу иримнинг юзага келишига эса Исо масиҳ ўз умрининг охирги оқшомида ўн икки нафар ҳаворийси билан бир дастурхон атрофида овқатланишгани, эртасига Исонинг хочга михланиши ҳақидаги тўқима ривоятни сабаб қилиб олишган. Кўпчилик Ғарб мамлакатларида, масалан, Францияда бунинг учун махсус агентлик ҳам ишлаган: муайян миқдордаги пул эвазига ўн уч кишилик даврага “ўн тўртинчи меҳмон”ни етказиб беришган. Ўн тўққизинчи асрга келиб эса кишилар, қайси соҳада бўлмасин, ўн учдан қўрқа бошлашган.
Аслида насронийликнинг ўзи ўн учга ҳамиша бахтли сон дея қараган, чунки у Исо ва ҳаворийларини рамзий акс эттирган, асло уларнинг сўнгги оқшомда бирга овқатланишларини эмас. Ҳозирда ҳам черков бу сондан қўрқишни гуноҳ дея таъкидлайди, лекин одамлар ҳақиқатан кўра хурофотга кўпроқ мойил бўлишлари сабаб бу ирим “болалаб” кетган...
Қанчалар ғалати бўлмасин, Fарбда бу иримга бугун ҳам кўпчилик қаттиқ ишонади. Шу сабабли айрим кўпқаватли биноларда 13-қават йўқ: ё 12 дан кейин 14-қават келади ёки 12 А ва 12 Б қаватлар бўлади, баъзиларида 13-қават шунчаки “+1” дея белгиланади. Бу ҳолат уй рақамларига, театрлардаги ўриндиқлар қаторларига, кема каюталарига, самолётдаги қаторларга ҳам тегишли. “Формула–1” автопойгаларида ҳам 12-рақамли машинадан кейин 14-рақамлиси келади.
“Аполлон–13” фазо кемасининг ҳалокатини ҳам кўпчилик унинг тартиб рақамига алоқадор, деб билади. У 1970 йил 11 апрелда, шарқий ёзги вақтга кўра 14:13да парвоз мажмуасидан учирилганди. Кема Ой орбитасига айнан 13 апрель куни чиқиши керак эди.
Бироқ, Шарқда: Хитой, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Корея, Саудия Арабистонида, шунингдек, Италияда ўн учдан умуман қўрқишмайди. Майя ҳиндуларида эса ўн уч муқаддас ва хосиятли сон. Ҳонгконгда омад келтиришига ишониб, телефон рақамлари ва бошқа ҳолатларда шу сонни олишга интилишади.
Бу маълумотларни келтиришдан мақсад, ўн уч сонидан қўрқадиганларни қоралаб, хосиятли деб биладиганларни ёқлаш эмас, асло. Буларнинг ҳаммаси иримдан, тасодифдан бошқа нарса эмаслигини, инсоннинг бошига келадиган ишлар, айримлар ишонганидек, буюмлар ёки сонларга боғлиқ бўлмаслигини яна бир бор таъкидлашни истадик.
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ