Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади. Шу сабаб деҳқонинг бир номи ҳам араб тилида “кофир”дир. Чунки у уруғни ерга яширади, яъни экади. Бу ҳақда Қуръонда бундай келади:
«(У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур» (Ҳадид, 20).
Самарқандий, Фахриддин Розий, Имом Қушайрийлар ўз тафсирларида кофирлардан мурод – деҳқонлар деган бўлсалар, бошқа муфассирлар ҳақиқий кофир ҳам деб ўтганлар. Бир инсонга нисбатан кофир дейилиши ботил ила ҳақни беркитгани сабаблидир.
Куфр шаръий истилоҳда имоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз», дедилар (Қасос, 48).
Шу эътибордан шаръий маъноси ва луғавий маъноси ўзаро узвий боғлиқдир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Дуррур мухтор” асарида бундай дейилади: “Куфр шариатда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.
Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом Муслим ривояти).
Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарча у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди.
Зеро, мусулмонни нима нарса имонга олиб кирган бўлса, ана ўшандан тонишгина имондан чиқариб юборади. Чунки кишидаги мавжуд ислом шак билан йўқ бўлмайди. Ислом шак билан йўқ бўладиган нарса эмас. Агар бир киши бир сўзни айтиб қўйса ё қилиб қўйса ва бир қанча таъвилларга кўра у кофир бўлиши керак бўлган вақтда биттагина таъвилга кўра у кофир бўлмаслиги чиқса, бу масала нозик бўлгани ва мусулмон ҳақида яхши гумон қилиш лозимлиги эътиборидан ана шу бир кўринишга кўра, у кофир эмас дейилади. Олимлар шунга фатво беришган. Бундан ташқари куфр жиноятнинг энг юқориси бўлиб, у жазонинг ҳам энг юқорисини тақозо қилади. Энди шак ва эҳтимол билан эса бир одамга энг катта жазо қўлланмайди ( Раддул мухтор хошияси. III жилд. 385 бет).
Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар. Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.
Бу оятни нозил бўлиши ҳақида Ибн Касир ўз тафсирида бундай дейди: Имом Аҳмад Ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзининг қўйларини боқаётганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб, уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй имон келтирганлар...” дан охиригача нозил бўлди.
Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган эканлар.
Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) фақатгина бидъат аҳлидан бўлган хаттобийларни очиқ суратда ҳаромни ҳалол деганлари учун кофирга ҳукм қилган эканлар.
Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади (Ал-Манҳажус саҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет). Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилан шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.
Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки бу ишларни ўз эгалари: олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганликлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради. Биз юқорида кўрганимиздек, У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) деганлари ҳам бизга ибрат ўлароқ етади.
Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Н.Саидакбарова
3 босқич талабаси Р. Бадриддинова
Кибр, ўзини бошқалардан юқори деб ҳисоблаш, улардан устун қўйиш, ўзини бошқаларга нисбатан юксак кўриш ва уларга нисбатан мағрурлик қилишдир. Бу, кўпинча одамларнинг бошқа кишиларни пастга уриш, улар билан адолатли муносабатда бўлмаслик ва ўзини жуда катта кўрсатиш каби хулқ-атворларни ўз ичига олади.
Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васила йўқдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало ва офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.
Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир. Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир.
Аллоҳ таоло: “Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ “масхара” қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир” (Тавба сураси, 79-оят), деб айтган.
Яна: “Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят);
“(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар ва савдода сохталик билан келишиб, нархларни оширманглар. Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб, муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз айримларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, хўрламайди ҳам, паст ҳам санамайди. Тақво бу ерда”, деб, уч бора қалбларига ишора қилдилар. “Мусулмон биродарини паст санаган киши ёмон эканига далолат қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўсини (суиистеъмол) қилиши ҳаромдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Тадаббур қилган кишига бундан-да фойдаси кўп, манфаати улуғ ва яхшироқ ҳадис бўлмаса керак”, дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)" деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга паст назар билан қараш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Биз «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусоъъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан-юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.
«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма».
Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.
«…ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».
Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ, хеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган.
Шунингдек, ибн Абу Лайло ривоят қилган хадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “Ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, ҳокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хатти-ҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…
Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билан тўлиб қолган экан, – деб жавоб қилибди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ дедиларки: "Агар мутакаббир кишини кўрсанг билгинки, унинг намози кам ёки ундан бутунлай маҳрум бўлган. Чунки кибр билан кўп сажда қилиш бирга жамланмайди".
Ривоят қилишларича: Бир кишиникига меҳмон келиб қолди. Уйда меҳмонга қўядиган ҳеч вақо йўқ эди. У бир литр қатиқ олиб келиб, беш литр сув қўшиб, туз ва муз солиб, айрон тайёрлади. Бир литр қатиқ беш литр сувни қабул қилиб, тотли ичимликка айланди. Агар ўша қатиққа бир томчи бензин тушиб кетганида уни ичиб бўлмас эди.
Худди шунингдек, салгина такаббурлик ҳам амални бузиб юборади. Мутакаббир кимса Аллоҳдан тўсилади, халойиқ томонидан нафратга учрайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Чунки уларга ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар», деган (Соффот сураси, 35 оят).
Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жавваз ҳам, жаъзарий ҳам жаннатга кирмайди", дедилар.
* «Жавваз – муомаласи қўпол одам».
* Жаъзарий – мутакаббир, қилмаган иши билан фахрланувчи.
Баъзи бир кишилар ибодат миқёсидаги маънавий ва моддий амалларни қилиб, (ҳаж, умра ва масжид ёки йўл қуриб) кибрланиб, мақтаниб бошқа кишиларни бундай ишларни амалга оширмаганликда айблаб, ўзларини улардан юқори олишади. Аслида ана шу ишлар халқни пулига бажарилган бўлади. Бундай кимсалар аслида энг разил ва пасткашлардир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар…”. (Тавба сураси 102-оят) Аллоҳ таоло биздан маъсумликни талаб қилмади. Аксинча, гуноҳ содир бўлганида тавба ва синиқликни истади.
Одам алайҳиссалом гуноҳ қилганида эътироф қилиб гуноҳига истиғфор айтди. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.
Иблис эса гуноҳ қилганида мутакаббирлик қилди, тавба қилмади. Аллоҳ ундан юз ўгирди.
Ким гуноҳ қилиб қўйиб сўнгра тавба қилса қиёматда Одам алайҳиссалом билан тавба қилувчилар карвонида бўлади.
Ким гуноҳ қилиб сўнгра тавба қилмасдан мутакаббирлик қилса Иблиснинг карвонида бўлади.
Ортидан кибрни эргаштирувчи биттагина гуноҳ, ортидан синиқлик, пушаймонлик ва тавбани эргаштирувчи мингта гуноҳдан оғирроқдир.
Аллоҳ таоло гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб тавба қилувчиларга муҳаббати ўлароқ Ўзини Ғофур дея номлади.
Бандаларини Ўз муҳаббатига тарғиб қилиш учун Ўзини Вадуд дея номлади.
Сизни синдириб сиздаги ужбни кетказадиган битта гуноҳ, қалбингизни мағрурланиш ва ужбга тўлдирадиган тоатдан яхшидир, қайсидир маънода!
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.