frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Борини ҳис этиш шукр асосидир

26.09.2016   10988   6 min.
Борини ҳис этиш шукр асосидир

Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр - эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда-  мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади.

Истилоҳда, мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади.

Ҳақиқатан, аслида неъмат эгаси Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аммо, баъзи неъматлар етишида воситачи бўлади. Худди, инсон ҳақ йўлни топишида ёки бирор бир илм ё касб эгаси бўлишида пайғамбарлар,  уламолар ва устозлар воситачи бўлганлари каби. Зотан, ота-она инсонни бу ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлсалар, устоз ва мураббийлар дунё ва охират яхшиликларига эга бўлишларига сабабчи зотлардир. Шу боис доно халқимиз”Устоз отангдек улуғ”-дея тавсифлашади. Демак, биз бирор неъматга эришдикми дарров неъмат эгасига ташаккуримизни изҳор қилишмиз лозим бўлар экан.

Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батаҳқиқ уни шукрини адо этибди. Ким яширса, демак куфрона неъмат қилган бўлади”-дедилар. (Табароний ривояти).

Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.

Инсон нимага эришган бўлса, авваломбор Аллоҳнинг ўлчови қолаверса сабабият оламидаги сабабларга боғлиқдир. Биз доимо хушёр ва сергак бўлиб неъматларни ўз ўрнида қадрлашимиз шу билан биргаликда атрофимиздаги инсонларга ҳам тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Шунда бизга етган неъматни қадрлаган бўлишлигимиз билан бирга зиёдасига ҳам эга бўлиш бахти туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси,7-оят).

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”. Агар уларнинг қулларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишига ҳеч ҳаққимиз йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг шукрлиси одамларга шукр қилганларидир”-деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).  

Шукр қилишнинг рукни учтадир.

  1. Неъмат берган Зотга муҳаббат қилган холда, неъматни эътироф қилмоқ;
  2. Аллоҳ таолога мақтов айтмоқ;
  3. Неъматни Аллоҳ таоло розилигида унинг тоатига сарф қилмоқ ва унга осий бўлишдан сақланмоқ.

Шукр қилиш фазилати нимада? Киши неъматни ўз эгаси бўлган Яратувчисидан эканини тан олишлиги дунёдаги энг катта бахт ва саодатдир. Зеро, бу дунёда неъматнинг шукри эвазига зиёда бўлса, охиратда Роббисини розилиги ва жаннатига сазовор бўлиб, азобидан омонда қолишидадир.

Шукр ва мақтов орасида қандай фарқ бор? Икки жиҳатдан фарқ қилади;

  1. Шукр тана аъзолари орқали адо этилади, мақтов эса, тил ва қалб ила адо этилади. Шунинг учун шукр саждаси деган сўзни эшитамиз мақтов саждаси деб эмас. Чунки, шукр аъзолар билан адо этилади.
  2. Шукр неъмат етган пайтида айтилади. Мақтов эса, ҳамма холатда ҳам айтилаверади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари агар бирор хурсандчилик етса, “Алҳамдулиллоҳиллазий бинеъматиҳи татиммус солиҳат”

Деб дуо қилсалар, бирор бало ё кўнгилсизлик етса, “Алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳал” дер эдилар.

Ҳулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳикам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларини  келтирамиз: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофатласин. Бирор нарса топа олмаса, уни ҳаққига дуо қилсин”-деганлар (Табароний ривояти).  

Яратган Ўзи бераётган неъматларини зиёда қилсин. Юртимизни тинч, мустақиллигимизни абадий айласин!

 Жалолиддин Ҳамроқулов, ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди

10.08.2026   34813   1 min.
Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди

Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.


Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.


Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Хоразмда янги ўқув йили олдидан хайрия тадбири ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари