Неъматга шукр қилиш мусулмон одам сифатланиши лозим бўлган энг улуғ ва гўзал ахлоқий сифатлардан биридир. Шукр - эзгулик улашган кишига чиройли мақтов ва яхшилик эвазига қилинадиган мукофотдир. Шукр луғатда- мақтов, миннатдорчилик билдириш, раҳмат ва ташаккур этиш деган маъноларни ифодаласа, неъмат эса, ҳузур-ҳаловат, фаровонлик, мўлчилик, фаровон турмуш, мол-мулк, бойлик ва неъмат каби маъноларда қўлланилади.
Истилоҳда, мусулмон киши бирор бир яхшиликка эга бўлса ёки унга бирор бир неъмат етса, буларнинг барчаси Аллоҳ таолодан деб эътироф этиш, уни бошқаларга сўзлаш ва неъматга шукр қилиб уни ўз ўрнига ишлатишга айтилади.
Ҳақиқатан, аслида неъмат эгаси Аллоҳ таолонинг ўзидир. Аммо, баъзи неъматлар етишида воситачи бўлади. Худди, инсон ҳақ йўлни топишида ёки бирор бир илм ё касб эгаси бўлишида пайғамбарлар, уламолар ва устозлар воситачи бўлганлари каби. Зотан, ота-она инсонни бу ёруғ дунёга келишига сабабчи бўлсалар, устоз ва мураббийлар дунё ва охират яхшиликларига эга бўлишларига сабабчи зотлардир. Шу боис доно халқимиз”Устоз отангдек улуғ”-дея тавсифлашади. Демак, биз бирор неъматга эришдикми дарров неъмат эгасига ташаккуримизни изҳор қилишмиз лозим бўлар экан.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир яхшиликка эришса, бас, уни зикр қилсин. Ким зикр қилиб эсласа, батаҳқиқ уни шукрини адо этибди. Ким яширса, демак куфрона неъмат қилган бўлади”-дедилар. (Табароний ривояти).
Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.
Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.
Инсон нимага эришган бўлса, авваломбор Аллоҳнинг ўлчови қолаверса сабабият оламидаги сабабларга боғлиқдир. Биз доимо хушёр ва сергак бўлиб неъматларни ўз ўрнида қадрлашимиз шу билан биргаликда атрофимиздаги инсонларга ҳам тез-тез эслатиб туришимиз лозим. Шунда бизга етган неъматни қадрлаган бўлишлигимиз билан бирга зиёдасига ҳам эга бўлиш бахти туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси,7-оят).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг ҳадди – чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: “Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин”. Агар уларнинг қулларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам – ҳаммалари нажот топурлар”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ватанимиз осмони мусаффо, тинчлик-осойишта бу ҳаётимизни шукрини қилиш шу азиз юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳам қарзи ҳам фарзи бўлиши даркор. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс бу ҳақиқатни теран англайди. Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишига ҳеч ҳаққимиз йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг шукрлиси одамларга шукр қилганларидир”-деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Шукр қилишнинг рукни учтадир.
Шукр қилиш фазилати нимада? Киши неъматни ўз эгаси бўлган Яратувчисидан эканини тан олишлиги дунёдаги энг катта бахт ва саодатдир. Зеро, бу дунёда неъматнинг шукри эвазига зиёда бўлса, охиратда Роббисини розилиги ва жаннатига сазовор бўлиб, азобидан омонда қолишидадир.
Шукр ва мақтов орасида қандай фарқ бор? Икки жиҳатдан фарқ қилади;
Деб дуо қилсалар, бирор бало ё кўнгилсизлик етса, “Алҳамдулиллаҳи ала кулли ҳал” дер эдилар.
Ҳулоса ўрнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳикам ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларини келтирамиз: Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сизларга бир яхшилик қилса, уни мукофатласин. Бирор нарса топа олмаса, уни ҳаққига дуо қилсин”-деганлар (Табароний ривояти).
Яратган Ўзи бераётган неъматларини зиёда қилсин. Юртимизни тинч, мустақиллигимизни абадий айласин!
Жалолиддин Ҳамроқулов, ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази номига хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда халқаро анжуманлар иштирокчилари томонидан йўлланаётган миннатдорлик ва ҳамкорлик мактублари Марказнинг халқаро майдондаги юксак нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда.
Хусусан, Малайзия Қироличаси Ража Зарит София Зоти Олиялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов номига йўллаган миннатдорлик мактубида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Қиролича Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлаб, Марказ экспозициялари Марказий Осиёнинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини замонавий музей ечимлари орқали кенг ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолаган. Айниқса, Қуръон залидаги маънавий муҳит ва ноёб мерос намуналари унда катта ҳурмат ва ҳайрат туйғуларини уйғотгани қайд этилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда 2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Форум якунларидан сўнг нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва жамоат арбоблари томонидан миннатдорлик ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор мактублар келиб тушди.
Малайзия Халқаро Ислом университети (International Islamic University Malaysia – IIUM) ҳузуридаги Office of Strategic Institution Transformation раҳбари, профессор Шукрон бин Абд Раҳмон ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталган. Унинг қайд этишича, 40 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, давлат арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган мазкур анжуман ислом цивилизациясининг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этиш, давлатлар ўртасидаги илмий мулоқот ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Шунингдек, форумнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳамда Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий мероси халқаро жамоатчиликка муносиб тарзда намоён этилгани эътироф этилди.
Россиянинг “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи томонидан юборилган икки алоҳида мактубда ҳам Форум ва Марказ фаолиятига юксак баҳо берилди. Хусусан, мазкур мактубларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши XXI аср ислом оламидаги энг йирик гуманитар ва маданий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусни амалга оширишдаги етакчи ўрни ва Марказни илм-фан, тинчлик, маърифат, гуманизм ҳамда бунёдкорлик маскани сифатида шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, Марказнинг келгусида дунё олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари учун нуфузли илмий-маърифий марказга айланишига ишонч билдирилиб, музейшунослик, тарих, археология, таълим, китобшунослик ва нашриётчилик соҳаларида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилган.
Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Маданият вазирлиги Бош котиби профессор Нидал Ал-Аҳмад ҳам ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, анжуман Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро майдонда яна бир бор намоён этганини қайд этган. Шунингдек, турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, давлат ва дин арбобларини бир майдонга жамлаган мазкур форум тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот платформасига айлангани таъкидланган.
Марказнинг халқаро майдондаги фаолиятига билдирилаётган юксак ишончнинг яна бир амалий ифодаси сифатида ICESCO нинг Боку шаҳридаги минтақавий офиси томонидан Марказ раҳбариятига 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган Global Foresight Focal Points Initiative халқаро тадбирида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборилди. Таклифда ICESCOга аъзо давлатларда стратегик прогнозлаш, давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва келажакни режалаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.
Хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган мазкур эътирофлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қисқа вақт ичида халқаро илмий-маърифий ҳамкорликнинг муҳим платформаларидан бирига айланганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса Марказ томонидан ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро даражада юксак баҳоланаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати