Дарҳақиқат, фарзанд ота-онага Аллоҳнинг буюк неъматидир. Бир парча этлик пайтидан навқирон бир инсон бўлгунча бор меҳрини фидо қилиб улғайтирадилар. Аслида ўшалар эмасми фарзанд йиғлаганда йиғлаган, кулганида кулган, эмакласа орқасидан югурган ва юксалишини туну кун сўраганлар?. Баъзан бу ҳақиқатлар фарзанд ҳаётида унитилгандек бўлади. Яратган ота-оналарга фарзандларининг меҳрларини солиб қўйганки, хатто қариган чоғларида қўзларидан нур, белларидан мадор кетганида бирор нарсага суянадиган бўлганларида ҳам, ҳассага суянадилар. Аслида фарзанд уларга тиргович, суянчиқ бўлишлари керак эмасми? Улар фарзандларидан кўп нарса умид қилмайдилар. Сўрасалар биргина қуриқ жуссаларини кўришликни тилайдилар холос. Аммо фарзанд бу ҳақиқатни кўпда хис қила олмайди.
Бас, шундай экан ғаниматларимиз бўлган меҳрибон ота-оналаримизни ҳаётлик чоғларида қадрлайлик. Қанча уларга вақт ажратсак, шунча оздир.
Қуръони каримида тартиб рақами 12- бўлган, 111 оятни ташкил этган, битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларини аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сура “Юсуф сураси”дир. Бу сура мусулмонлар нажот излаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чораси қолмаган, “маҳзунлик йили” деб номланган бир пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга улкан тасалли ва буюк дарс сифатидан нозил қилинган. Сураи каримада кўпроқ оилавий муносабатларга эътибор қаратилган.
Улуғ пайғамбар ёш ва гўзал йигит Юсуф алайҳиссалом ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғониб турли хилалар қилиб кўргани охир оқибат ҳақиқат қарор топганига гувоҳ бўламиз. Мазкур сурада
فَلَمَّا أَنْ جَاءَ الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَى وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيرًا ...
Бас, хушхабарчи келиб, уни (кўйлакни Яъқубнинг) юзига ташлагач, у кўрадиган бўлиб қолди ...(Юсуф сураси 96-оят). Яъқуб алайҳиссалом фарзандлари Юсуф алайҳиссалом фироғида йиғлаб кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига Юсуф ўғилларининг кўйлакларини ташлаганда, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидлари урган кўйлак баҳона, Аллоҳнинг иродаси билан оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари очилиб, қайтадан кўрадиган бўлганлар. Бу ҳолат ҳеч ажабланарли иш эмас. Ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатадики, фарзанд доғида хасталикка чалинган мушфиқ ота-оналар фарзандларини кўрганларида ёки хабарларини эшитганларида Аллоҳ таолодан дарҳол уларга шифо етган. Илмий бахслар ҳам бу иш ҳақиқат эканини, кийимда қолган ҳид ўзи суйган инсоннинг дардига даво бўлишини тасдиқлади. Энди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида содир бўлган бир таъсирли воқиани зикр қилсак.
Умар розияллоҳу анҳу олдиларига Килоб ибн Умайя ал-Киноний исмли бир шижоатли йигит келди ва уришга чиқишга изн сўради. Умар розияллоҳу анҳу ундан “Эй йигитча ота-онанг ҳаётмилар? - деб сўрадилар. “Кекса ёшли отам бор, афсуски онам вафот этганлар,”- дея жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Отангни хизматида бардавом бўл ва розилигини ол!”- деб насихат қилдилар. Насихатни олган бола отасини хизматида бардавом бўлди. Бир неча кундан сўнг йигитча қайтди ва Умар розияллоҳу анҳуга мурожаат килиб: “Эй мўминларнинг амири отамдан розилик олдим”- дея хурсанд бўлиб айтди. Халифа Килоб ибн Умайяни аскарларга қўшиб сафарга жўнатди. Бир ойдан сўнг халифага элчи келди ва: “Эй мўминларнинг амири, мен Килоб исмли йигитни отасидан сизга мактуб олиб келдим” - деб қўлларига узатди. Мактубда ота Умар розияллоҳу анҳудан фарзандини қайтаришга ёлвориб сўраётганини ва ота фарзанд доғида кўзи ожиз бўлиб қолгани ва оғир ахволда эканлигини, фарзанд соғинчи қийнаётганини битганди.
Умар розияллоҳу анҳу тезда бир чопарни чақириб Килобни ҳузурига олиб келишга буюрди. Умар “Эй Килоб, отангни хизматини кандай килгансан”-дея сўради. Килоб: “Нима топсам биринчи отамга сўнг ўзим ва аҳлим билан улашардим, нима истасалар муҳайё қилардим. Бир кеча муздек сут ичкилари келганини айтдилар. Сут совуқроқ бўлсин дея, туянинг елинига муздек сув қўйиб совутдим ва соғиб отамга олиб келсам, ухлаб қолибдилар, уйғонгунларигача устиларида сут билан кутдим. Бомдодга уйғондилар ва иссиқ сут ичкилари келаётганини айтилар шунда тезда бориб сут соғиб бердим”- деб айтди. Умар розияллоҳу анҳу сут соғиб келиб, хонага кириб ўтиришга буюрди. Сўнг отасини ҳузурига чақирди. “Эй Умайя сизни нима безовта қилмоқда”-дедилар ҳазрати Умар. Килобнинг отаси “Фарзанд соғинчи, боламсиз томоғимдан ҳеч нарса ўтмаябди”- дея жавоб берди. “Унда мана бу сутни ичинг ва кутинг ҳозир ўғлингиз келиб қолади”- дедилар. Умайя қўлига косани олганда хайқириб “Ўғлимни қўлини ҳиди келябди”-деб сўйиниб кетди. Шу паллада ўғли кириб отасини бағрига ўзини босди. Ҳазрати Умар ўғилга қараб, бор отангнинг ҳизматини қил!- Унинг ризоси Яратган Аллоҳнинг ризоси, уни розилиги сени икки дунё саодатингдир-деб кузатиб қўйдилар.
Хулоса ўрнида муқаддас динимиз манбаларида, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экани, уларга муҳаббат қилиш маънавий амал, бор молини сарфлаш эса, моддий–молиявий амал ҳисобланади. Энди, ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир. Шундай экан, ота-оналаримизга яхшилик қилиш, уларни розиликларини топиш, дуоларини олишга астойдил бел боғлайлик! Зотан, улар бизнинг жаннатларимиздир.
Жалолиддин Ҳамроқулов, “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Интернет, телефон ва шу каби бошқа жиҳозларда ҳаром нарсаларни томоша қилиш.
Аллоҳ таоло айтади: «Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатини сақласинлар. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ бандаларнинг нима қилаётганидан хабардордир» (Нур сураси, 30-оят).
Аллоҳ таоло «Мана шу улар учун покликдир» деганида кўзни тийиш билан мўминларнинг ҳаёти янада покиза, янада гўзал бўлишини назарда тутган. Лекин банда кўзини тиймаса, бунинг акси бўлади.
Бу – қизларда кўп учрайдиган ҳолат. Кимки кўзини ҳаромдан тийиб яшаётган бўлса, унинг ҳаётда хотиржам, сокин, қаноатли эканини кўрасиз. Лекин ким кўзининг жиловини қўйиб юборган бўлса, тушкунликда, ҳаётдан норози бўлиб яшаётганига гувоҳ бўласиз.
Демак, қиз боланинг хурсанд ёки тушкун кайфиятда яшаши унинг кўзлари нима билан машғул эканига боғлиқ экан. У кўзини тиймасдан, ҳаромга назар ташлаган пайтда ўзини руҳи синган, маҳзун ҳолда кўради. Кўзини ҳаромдан сақлаган пайтларда эса ўзини бахту саодат ичида топади.
Бир қиз айтади: «Интернетда фильмлар, қисқа видеолар томоша қилишни шунчаки кўнгилхушлик, хурсандчилик деб ҳисоблардим. Уларни қизиқиб томоша қилардим, лекин кўриб бўлгач, сабаби аниқ бўлмаган маҳзун ҳолатга тушиб қолардим. Ниҳоят, бир куни бу ҳолатимнинг сабабини топдим. Мен кўнглимни ёзиш учун кўраётган киноларда беҳаё ва аянчли саҳналар кўп бўларди. Мана шундай ҳаром нарсаларни томоша қилиш қайғуга ботиб қолишимга, маҳзун ҳолатга тушиб қолишимга сабаб бўлар экан. Шундан кейин ўзим билан ўзим кураша бошладим. Ёмон саҳналар кўрсатилган пайтда бошқа каналга олиб қўядиган ёки компьютерни ўчириб қўядиган бўлдим. Нафсимнинг хоҳишларига қарши туриш анча қийин бўлди, лекин Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан кўзимни сақлаганим учун хурсанд бўлардим».
Баъзи қизлар «Оятдаги кўзни тийиш фақат эркакларга хос буйруқ, чунки аёлда эркакни фитнага соладиган нарсалар бор. Шунинг учун эркаклар аёлларга қарамай, кўзини тийиши керак. Эркак кишида эса аёлнинг ҳис-туйғуларини жунбушга келтирадиган нарса йўқ. Шунинг учун аёлнинг эркакларга қарашида ҳеч қандай муаммо йўқ», дейишади.
Бу мутлақо нотўғри. Аёл кишида эркакнинг ҳис-туйғуларига таъсир қиладиган жиҳатлар бўлганидек, эркакларда ҳам аёлларнинг ақли ва ҳис-туйғуларини уйғотадиган омиллар бор.
Эркак киши аёлнинг нозик, келишган қоматига, ҳуснига қараб, унга қизиқади. Аёл кишини эса эркакнинг кўркам жисми, бойлиги, атирининг хушбўй ҳиди, қатъияти, журъати ва бошқа ўзига хос жиҳатлар ўзига ром қилади.
Аёллар ҳам, эркаклар ҳам нафақат қарама-қарши жинсга назар солиш, балки ўзи каби жинс вакилларининг ҳам авратига қараш ҳам ҳаромдир.
Демак, шариатимизда аёл киши бошқа бир аёлнинг авратига қарашдан, бирор жойини ушлашдан қайтарилган. Фақатгина тиббий муолажа ва шу каби зарурат бўлганда шариат бунга рухсат беради.
Аллоҳ таолонинг оятларига аҳамият берадиган бўлсак, У Зот барча мўминларга – эркагу аёлларга мурожаат қилганида «Эй иймон келтирганлар!» деб хитоб қилади. Бу хитоб иймон келтирган ҳар қандай эркак ва аёлга тегишли бўлади.
Бунинг ёрқин мисоли ушбу оятдир:
«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шояд тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят.)
Бу оятдаги хитоб эркагу аёл мўминларга қаратилган, шунинг учун рўза тутиш барчага баробар фарз қилинган. Буни қуйидаги оятда ҳам кўришимиз мумкин:
«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг» (Бақара сураси, 278-оят).
Бу оятда эркак ҳам, аёллар ҳам судхўрлик қилмасликка буюрилган. Демак, Аллоҳ таолонинг Китобидаги қоида шундай: «Эй иймон келтирганлар» деган хитоб эркагу аёлларни ажратмайди, барча мўмин ва мўминаларга қаратилган бўлади. Аллоҳ таоло мўмину мўминаларга бирор нарсани буюрса, уларга «Эй иймон келтирганлар», деб хитоб қилган. Лекин мўминларга кўзни тийишни буюрганида эркакларни ҳам, аёлларни ҳам ўз ичига оладиган умумий хитоб билан юзланмади, балки эркакларга алоҳида оятда, мўминаларга кейинги оятда буюрди:
«Мўминларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатларини сақласинлар. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ уларнинг нима қилаётганидан хабардордир. Мўминаларга айтинг, кўзларини тийсинлар, иффатларини сақласинлар, зоҳир зийнатларидан бошқасини кўрсатмасинлар, рўмоллари билан кўксларини тўсиб юрсинлар...» (Нур сураси, 30-31-оятлар).
Нима учун Аллоҳ таоло кўзни ҳаромдан тийишга буюриш учун мўминаларга алоҳида оят нозил қилмади? Нима учун эркаклар билан аёлларга битта оятда биргаликда буюрмади? Эҳтимол, бундан мақсад – муслима аёл кўзни тийиш қанчалик муҳим эканини англаб етишидир? Токи аёллар бу буйруқ фақат эркакларга қаратилган, деб ўйлаб қолмасин. Чунки аёл киши (қиз бола ҳам) бегоналарнинг авратига қараса, ҳаёти барбод бўлади, қалби маҳзунликка тўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир», деганлар.
Бошқа бир ривоятда «Кўз ҳам зино қилади. Кўзнинг зиноси – (номаҳрамга) қарашдир», дейилган («Саҳиҳул Бухорий»).
Мана шу оятга кўра, ким кўзи билан зино қилса-ю, тавба қилмаса, Қиёматда уқубатга дучор бўлади. Уқубат жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, у ерда зинокорлар азобланади. Кимки зинокорлар водийсига тушадиган бўлса, унинг учун азоб кўпроқ бўлади, у ерда хор бўлиб, абадий қолиб кетади.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.