Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 2014 йилнинг 27 август куни Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжидига биринчи ғиштини қўйиб берган эди. Шу йилнинг 16 сентябр куни эса ушбу масжиднинг янги биносининг очилишига ташриф буюрдилар.
Тошкент шаҳридаги қарийб 100 йиллик тарихга эга “Яккасарой” жоме масжиди ўрнига минг нафар намозхонга мўлжаллаган катта жомеи барпо этилди. 23 метрга бўй чўзган гумбазли хонақоҳ деворлари, меҳроб ўзига хос нақшлар билан безатилган. Моҳир хаттотлар томонидан меҳроб усти ва деворига Қуръони карим оятларидан ҳамда ҳадиси шарифларда ворид бўлган дуолар муҳрланган. Хонақоҳ ёнида 150 кишига мўлжалланган кичик хонақоҳ ҳам барпо этилган. Бино гумбазининг ташқари томондан баландлиги юқорисидаги ой рамзи бўйи билан 28 метрга, миноранинг баландлиги эса 31.5 метрни ташкил этади. Хонақоҳга учта шарқона услубда кўтарилган арка орқали кирилади.
Таҳоратхона биноси ҳам шарқона услубда безатилган бўлиб, боболаримизнинг сув ишлатиш борасидаги пурҳикмат байтлари ёзилган. Шунингдек, масжид ҳовлисида намоз сафлари тўғри олинишига ёрдам берувчи чизиқлар ётқизилган.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18). Демак, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқод кўринишидир. Шукрлар бўлсинки, истиқлол йилларида бу каби хайрли ишлар кўплаб амалга оширилмоқда. “Яккасарой” жоме масжиди халқимизга хос бўлган азалий анъана ҳашар йўли билан қуриб битказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бу хайрли ишда ишда кўмакчи бўлган барча инсонларга ўз миннатдорчлик билдирдилар. Шундан сўнг Муфтий ҳазратлари мавъиза қилди ва жума намозини ўқиб берди.
Муфтий ҳазратлари истиқлол йилларида қилинган буюк ишлар ҳақида сўзлар экан, талабалик йилларидаги шу масжид билан боғлиқ ибратли воқеаларни эсга олди. Хайр-саховатнинг фазилати ва Аллоҳнинг байтига хизмат қилишдек бахт насиб этганига шукр билдирди. Масжид қурилишида иштирок этган барча ҳашарчиларга ва шу каби хайрли ишларда доимо бош-қош бўлган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов ҳақига хайрли дуолар қилди.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Унинг илмий мероси ва таълимоти то бугунга қадар бардавом бўлиб келмоқда. Ҳатто бу таълимот, Имом Ашъарий таълимоти билан бирга, бугунги кунда аҳли сунна вал-жамоа деб танилган мусулмонларнинг тўқсон фоизини ташкил этади. Мотуридийликка мансуб мусулмонлар эса аҳли суннанинг қарийб тенг ярмидан иборат.
Мовароуннаҳр диёри ислом оламининг етук алломалари вояга етадиган муборак замин бўлган. Хусусан, Бухоро ва Самарқанд каби мўътабар шаҳарлари ўз даврида жаҳон зийнати, одамларни ўзига оҳанрабодек тортган илм-фан ва олимларнинг қароргоҳи бўлиб, илмга ташна инсон борки дунёнинг турли бурчакларидан бу ўлкага унинг олимлари ичра муродини ҳосил қилиш учун сафар қилар эди. Ким нақл илми – яъни ҳадис ва ривоятларни истаса, Имом Бухорий ва Имом Термизий сингари муҳаддислар бор. Ким ақл ва мантиқий илмларга талабгор бўлса, у Мотуридий, Насафий, Собуний, Сиғноқий ва Пешоғарий каби мутафаккирларни топарди. Тилшунослик, тафсир ва адабиётшунослик илмларини излаганлар Замахшарий ва унинг мактабидан, фалсафа ва ҳикмат илми талабидагилар эса Форобий, Ибн Сино ва бошқа зотлардан баҳра олишар эди.Ҳар бир талабгор бу диёрда ўз истагини топгани учун ҳам Самарқанд “Илм Каъбаси” – номини олган. Инсонларнинг қалблари Аллоҳнинг Байтини тавоф қилса, уларнинг ақллари Самарқанд атрофида парвонадек чарх урар эди.
Шу боис ўзбек халқи ўзининг улуғ олимлари билан фахрланади ва уларни ислом илмлари соҳасининг барча йўналишларида кўрсатган буюк хизматлари учун эъзозлайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзбек халқининг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга вазифадор бўлган. Буни биз Янги Ўзбекистон Президентининг бу улуғ юртдан чиққан етук олимларга кўрсатган эътибор ва эътирофида яққол кўриб турибмиз.
Ўзбекистон раҳбарияти халққа унинг миллий ўзлиги ва ислом цивилизациясини қайтаришни мақсад қилди. Давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон” ва “Жаҳолатга қарши маърифат” шиорларини илгари сурди. Ҳеч қайси миллат ўзининг теран илдизлари ва асосларисиз замонавийлик ва цивилизация поғоналарида юксалиб, тараққий этолмайди. Шунинг учун ҳам бу юрт олимлари улкан ҳисса қўшган ислом илмларини қайтариш – тараққиёт учун зарурат ва юксалишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.
Президент ўз раҳбарлиги даврида амалга оширган дастлабки ишларидан бири – илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш бўлди. Булар орасида Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номлари билан аталган марказлар алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, пойтахт Тошкент шаҳрида, мазкур юртнинг ислом маданияти ва инсоният тафаккурига қўшган ҳиссасини намоён этувчи Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.
Ушбу йўналишда яна бир муҳим қадам – ислом олами уламолари билан фикр алмашиш бўлди. Бу мақсадда ўнлаб илмий анжуманлар ташкил этилди. Улар исломий илмларнинг ақлий ва нақлий йўналишларини чуқур ўрганиш, уларнинг мазкур юрт тараққиётига қандай ҳисса қўша олиши ва мамлакатни янада юксалтиришдаги ўрнини белгилашга қаратилган эди. Бу орқали Ўзбекистон нафақат ислом оламида, балки бутун дунёда илмий-маънавий етакчига айланиши кўзда тутилган.
Қолаверса, ушбу йўналишда ташкил этилган энг муҳим анжуманлардан бири – 2020 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро илмий конференция бўлди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан юздан ортиқ ислом уламолари иштирок этди. Анжуманда ал-Азҳар шайхи, доктор Аҳмад Таййиб ҳам қатнашди. Мазкур анжуманнинг муҳим тавсияларидан бири – Имом Мотуридий номидаги илмий марказни ташкил этиш бўлди. Бу марказ мотуридийлик уламолари меросини тадқиқ этиш, уларни кенг жамоатчиликка танитиш ва илмий меросларидан фойдаланиш мақсадида илм нурини сочувчи маскан сифатида фаолият юритиши назарда тутилди.
Марказ томонидан ўзбек ва араб тилларида ўнлаб китоблар нашр этилди. Уларнинг энг муҳимлари – “Таъвилот ал-Қуръон”, Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” ва “Рисолатун фи ат-тавҳид” асарларининг араб тилидаги илмий матни ва ўзбек тилидаги таржималари бўлди.
Шунингдек, Марказ томонидан илмий мақолаларни ўз ичига олган ва исломшунослик ҳамда мотуридийлик таълимотларига бағишланган олим ва мутахассислар тадқиқотларини чоп этувчи илмий-таҳлилий чораклик “Мотуридийлик” журнали таъсис этилди. Марказ халқаро миқёсда кўплаб анжуман ва илмий учрашувлар ўтказди. Унинг қошида ислом оламининг турли минтақаларидан етук олимлар ва мутахассислардан иборат халқаро илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда.
Санаб ўтилган муҳим босқичлардан кейин, жорий йилда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг юбилейи нишонланмоқда. Шу муносабат билан унинг илмий ва ақидавий меросини қайта ёдга олиш ҳамда қадрлаш давлат ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юксак эҳтиром билан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Ушбу қарорга асосан турли давлат идоралари ва ташкилотлари ҳамкорлигида бир қатор тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Энг муҳим воқеалардан бири – 2025 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференция бўлиб, унга ислом оламининг етакчи уламолари ҳамда исломшунослик соҳасида фаолият юритувчи машҳур шарқшунос олимлар иштирок этишидир. Мазкур анжуман Имом Мотуридийнинг ислом оламидаги юксак мақомини муносиб тарзда ёритишни кўзлаб, “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида ўтказилади.
Шунингдек, тадбирлар доирасида қуйидаги йўналишларда бир қатор танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган:
– хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов;
– Ўзбекистоннинг диний таълим муассасалари барча босқич талабалари ўртасида Имом Мотуридий таълимотига бағишланган танлов;
– имом-хатиблар ва ислом таълим муассасалари талабалари ўртасида мотуридийлик таълимоти ва манбалари юзасидан мусобақалар.
Шу қаторда, Ўзбекистон бўйлаб танлов ғолиблари иштирокида маданий-маърифий учрашувлар, ўқув-семинарлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-Тавҳид” асарлари ҳамда мотуридийлик таълимотини таништирувчи бошқа муҳим асарларнинг ўзбек ва бошқа тиллардаги илмий-академик таржималари нашр этилиши режалаштирилган.
Санаб ўтилганлардан ташқари, юбилей санасини муҳрловчи эсдалик буюмлари, Имом Мотуридий ва мотуридийлик уламоларининг ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ ноёб манбаларни тизимли ўрганиш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва таҳлил қилиш, юксак сифатли медиа маҳсулотлар, ҳужжатли фильмлар ва аудиовизуал материаллар тайёрлаш, уларни маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларида, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш бўйича зарур чоралар кўрилиши белгиланди.
Энг қувонарлиси, Президент қарорининг Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси жойлашган Самарқанддаги Чокардиза зиёратгоҳи қайта таъмирланиб, ободонлаштирилиши, бу жой яхлит композицияга эга ёдгорлик мажмуасига айлантирилиши хусусидаги банди бўлиб, барчамиз узоқ кутган бу янгилик қалбимизга бетакрор фараҳ бахш этди...
Бу юртда янги бир руҳият уфуриб турибди. Бу руҳият ҳозирги замонни ўтмиш билан боғлайди, келажакни бунёд этишга сафарбар этади. Бу – илм ва маърифат қудрати, фикр ва ақл қуввати, тараққиёт ва тамаддун кучи, бирлик ва бағрикенглик кучи, қалб ва ахлоқ кучи, таъсир ва бунёдкорлик кучидир. Бу янги руҳ – миллий илдизларга суянган ҳолда тараққиётга йўл очувчи, чуқур ва теран бир тафаккурнинг ифодасидир. Чунки, ҳар қандай тамаддуннинг пояси маданиятдир.
Миллат ўз тамаддунини қадрламас экан, юксалмайди. Ўз тафаккурини, қадриятларини бой манба сифатида дунёга таклиф эта олмас экан, у ҳар тарафдан ўзлаштиришга муҳтож бўлиб қолади. Аммо бизда дунёни бойитишга қодир фикр, маданият ва куч мавжуд.
Аждодлар қолдирган илм ва маданият омонати ёш авлод қалбига илғор тарзда сингдирилиши ва ўз тарихидан фахрланиш руҳида тарбияланиши зарур. Президент қарори ва унинг ила амалга ошириладиган ишлар айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Аллоҳ ҳар бир бунёдкор қўлни, ҳар бир оқилона қарорни ва ҳар бир авлодни улуғ аждодлар билан боғлаётган сўзни хайрли қилсин – шоядки, улар ўз буюк ўтмишларини қайта тиклаб, инсоният карвонини яна маърифат, мўътадиллик, бағрикенглик сари бошлаб бора олгайлар!
Доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий,
мотуридийшунос олим.
ЎзА