Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг бебаҳоси – дини ва Ватанидир. Бирор инсон йўқки, Ватанини улуғламаса. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир!
Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. Бу ҳам ўз инига – Ватанига қайтади.
Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса нобуд бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма ҳазрати инсондан тортиб майда ҳашаротларгача ўз Ватанини севадилар. Демак, бу мавжудотлардаги Аллоҳнинг одати, чиқарган қонуни! Уни инсон фитратига Аллоҳ солиб қўйди. Бўлмаса ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёхуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда уларни яшашга нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир.
Инсоннинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари бор. Уларнинг энг муҳимлари учта:
“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (Ҳуд, 61).
“Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг (Аъроф,56).
Ҳамаср олимлардан шайх Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) Ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган жуда гўзал таъриф айтган:
“Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Муҳаббати юракка сингиган, инсон унда бўлганда хотиржам, йироқ кетганда талпинадиган, ҳужум қилинганда асрайдиган, камситилганда ғазабланадиган макон Ватандир”.
Шайх Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтганларини бироз шарҳлайлик.
Бу туйғу – муҳаббатни инсон ўзидан ўзи пайдо қилган эмас. Уни бандаси қалбига солган, қон-қонига, жон-жонига сингдириб қўйган, яратишда муҳаббати ила қориб яратган зот унинг Холиқидир. Демак, бу илоҳий туйғудир. Қалбга муҳаббатни Аллоҳ солганидан кейин гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам уни яхши кўраверади. Имкониятларни чегараланганлиги, ризқининг танглиги ва шароитнинг торлигига эътибор бермайди, ундан шикоят ҳам қилмайди. Чунки Лайлининг ҳақиқий жамолини кўраман деганлар унга Мажнуннинг кўзи билан қарамоғи керак!
Ҳақиқатда инсон қийналса-да ўз Ватанида бошқа жойга қараганда хотиржам, ҳур яшайди. “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл”, ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Камбағал инсон ўз юртида подшоҳлар каби ҳаёт кечиради. Ҳикматларда: “Кишининг ризқи ўз ватанида бўлиши саодатдир”, дейилган.
Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсоннинг хору зор бўлиши учун Ватани ва яқинларидан айрилишнинг ўзи кифоя!”, деган.
Ватанни-ку қўйинг, инсон ўзига тегишли бир қарич ерни ҳам бировга бергиси келмайди. Мўмин-мусумон Ватани сарҳадларига ҳужум қилинганини кўрса, ҳимояга шайланади. Керак бўлса, унинг йўлида жонини қурбон қилади. Ёвга Ватаннинг бир ҳовуч тупроғини ҳам бериб қўймайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ватанингизни севинг, уни ардоқланг. Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларингизни чин дилдан адо этинг. Зеро, Ватанга муҳаббат қўйиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мерос қолгандир.
Равшанбек ЎРИНБОЕВ,
Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме
масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов (қароргоҳи Ар-Риёз шаҳрида жойлашган) Баҳрайн адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Вазир мулоқот аввалида Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан олимларнинг Ислом тамаддунига ҳисса қўшган ҳиссасини, мамлакат томонидан диний-маърифий соҳага қаратилаётган эътибор, ёш келажак авлод учун яратилаётган имкониятлар таҳсинга сазовор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Имом Бухорий, Имом Термизий, ал-Хоразмий, Фаробий, Замахшарий каби Ислом оламида юксак обрў-эътибор топган олимларнинг мероси дунё мусулмонларининг умумий бойлигидир.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро илмий-амалий конференциялар нафақат ўзбек халқи, балки бутун Ислом умматига хизмат қилмоқда. Баҳрайн Ислом меросини ўрганиш бўйича ўзбек томони билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва илмий изланишларни биргаликда амалга оширишга тайёр", – деди адлия, ислом ишлари ва вақф вазири Наввоф бин Муҳаммад ал-Муовида.
Мулоқот чоғида Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида Баҳрайн делегацияни иштирокини таъминлаш, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, икки мамлакат илмий марказлар ўртасида алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Баҳрайн ўртасида адлия, Ислом ишлари ва вақф соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда илмий-амалий ишларни ташкил этиш мақсадида масъул ходим тайинлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати