Ҳайитингиз муборак бўлсин
Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Ҳар йили Президентимизнинг ҳайит байрамларини нишонлаш тўғрисидаги қарорларида жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширишга қатор мутасадди ташкилотлар жалб қилинади. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан юртимиз мусулмонларига кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.
Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собитдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва молларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйин сунингиз ва (эй, Муҳаммад!) Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳож, 34).
Баро ибн Озиб (розиялоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Бугунги биринчи қиладиган ишимиз аввал ийд намозини ўқиш, сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимдаким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким намоздан олдин қурбонлик қилса, у оиласи учун тайёрлаган оддий гўшт, яъни қурбонлик эмасдир”.
Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида бандасининг манфаати учундир. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-мискинлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37).
Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, – деганлар.
Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср вақтигачадир.
Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)га: “Бориб қурбонлигинга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур”, - дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?”, - дедилар Фотима (розияллоҳу анҳо). Шунда Сарвари коинот: “Йўқ, мусулмонларга умумий”, - деб жавоб бердилар.
Қурбонликка қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Қўй агар олти ойга тўлган бўлса ҳам жуссаси бир ёшникидек катта бўлса уни қурбонлик қилиш жоиздир.
Мол ва туяни етти киши номидан сўйилишига шариатимизда кўрсатмалар бор. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик” (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоятлари).
Агар мол ёки туя 7 киши номидан сўйиладиган бўлса, унинг гўштини тақсимлашда чамалаб эмас, балки килолаб ўлчаган ҳолда тенг тақсимланади ва етти киши ҳам қурбонлик қилишни ният қилган бўлиши лозим.
Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиш вожибдир. Сўйилган қурбонликнинг учга бўлиб, бир қисмиини садақа қилиш, яна бир қисмини едириш, қолган бир қисмини ўзи ва оиласи учун олиб қўйиш мустаҳабдир.
Кўп болали кишилар ҳаммасини оиласи билан баҳам кўриши ҳам мумкин. Мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидан ҳисобланади. Қурбонлик терисини сотиш, қассобга меҳнатининг эвазига бериш мумкин эмас, у фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади. Қассобга хизмат ҳақи берилади, қурбонлик гўштидан ҳақ сифатида берилмайди.
Қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз бўлган жонлиқларни сўйиш шариатимиз кўрсатмаларидандир. Бунинг ҳам ўзига хос ҳикматлари бор албатта. Биринчидан, бу қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига эътибор бериш, Яратганга нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир. Иккинчидан, бу мусулмонларнинг ўрталаридаги меҳр-оқибатларини мустаҳкамлайди. Уларга касал ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки соғ ва семиз ҳайвонларнинг гўштини совға қилиш яхши ишлардандир.
Одатда, ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ҳайит намозини адо этгандан сўнг биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни бориб зиёрат этамиз. Уларни кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очадилар. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин! Муборак ҳаж сафарига юртимиздан борган барча ҳожиларимизнинг ҳаж ибодатларини мукаммал адо этиб, фарзандлари баҳрига соғ-саломат келишларини насиб этсин!
Фазлиддин АЛЛОЁРОВ,
Тошкент шаҳридаги “Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Халқимизда: “Кичгина деманг бизни, кўтариб урамиз сизни”, деган нақл бор. Жуда чиройли гап. Ҳақиқатда, кичик нарсаларни менсимаслик кейинчалик салбий оқибатларга олиб бориши табиий.
Уламолар гуноҳларнинг тури кўп бўлсада уларни иккига тақсим қилганлар. Кабира ва сағира яъни: катта – кичик. Биз иккиси ҳақида ҳам сўз юритмоқчи эмасмиз. Балки кичик гуноҳларга оид, билишимиз муҳим бўлган нуқтага эътибор қаратмоқчимиз, халос.
Сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Ўша сағирани бардавом қилиш билан унга кабира ҳукми берилади. Уламолар эса, олтитита нарса сабабли сағира кабирага айланади, деганлар:
1. Сағирани доимий қилиш билан;
2. Уни бепарво қилиш билан;
3. Хурсанд бўлиб қилиш билан;
4. Одамларга фахрланиш билан;
5. Ошкора қилиш билан;
6. Олим ёки муқтадолардан содир бўлиш билан.
Мана шу олти сабаб сағира гуноҳни кабира гуноҳга айлантирар экан. Демак, улардан ҳамиша эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу сабабларни яхши тушуниб олишимиз учун уларга бироз шарҳ бериш мақсалга мувофиқ кўринди.
1.Сағира гуноҳларни доимий қилиш билан кабирага айланади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, сағира гуноҳларни бир ёки икки марта қилиш билан кабирага айланиб қолмайди. Гуноҳ каттами – кичикми барибир, у гуноҳ. Оқил инсон ўзини доим гуноҳлардан эҳтиёт қилиб бориши лозимдир. “Амалларнинг Аллоҳ таолога маҳбуби оз бўлса – да бардавом бўлаганидир”, дейилган ҳадисда. Шундай экан, сағира гуноҳларни бардавом қилиб, одатга айлантириб олишдан сақланмоқ лозим.
Банда қилган гуноҳини кичик санагани сари у Аллоҳнинг наздида катталашиб кетаверади. Гуноҳни катта ҳисоблагани сари у кичайиб бораверади. Чунки гуноҳни катта санаш ўша хатога қалб рози бўлмаслигидан келиб чиқади. Икки саҳиҳда: “Мўмин гуноҳини тоғни тепасида турган, қулашидан қўрқадигандек билади. Фожир эса, гуноҳларини бурни устига қўнган пашшадек кўради. Мана бундай қилади. (Қўли билан хайдайди)”, дедилар.
Имом Бухорийнинг саҳиҳида: “Сизлар (баъзи) ишларни сочдан ҳам ингичка биласиз. Биз эса, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳалок қилувчилардан ҳисоблар эдик”, дейилган.
Ҳадисларда: “(Гуноҳга) истиғфор айтиш билан катталигича, доимий қилиш билан эса, кичиклигича турмайди”, дейилган.
Шариат тарозусида тортилаётган гуноҳ кичик бўлгани билан унга ҳаёсизлик, Аллоҳдан хавф қилмаслик қўшилса вазни ортиб кабира гуноҳ сафига ўтиб қолади.
Уламоларимиз: “Битта кабира гуноҳни кечирилиши доимий қилинадиган сағирани кечирилишидан осонроқ. Бунга бир мисол: тошга бирданига қуйилган сувнинг таъсири бўлмайди. Лекин доимий оқизиб қўйилган томчилар тошни тешиб юборади”, деганлар.
2.Сағира гуноҳни бепарво қилиш билан кабирага айланади;
Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:
“Билол ибн Саъднинг: “Хатонинг кичиклигига қарама. Балки кимга осий бўлаётганингга қара, деганини эшитдим”.
Ташла сағира – ю кабирани ана шу тақво,
Юргин эҳтиёт, оҳиста нишли ерлардан.
Ҳақир санаб, “сағира”, деб қилма мосуво,
Тоғлар ҳам иборатдир майда тошлардан!
3.Сағира гуноҳни хурсанд бўлиб қилиш билан кабирага айланади.
Гуноҳ қилган инсон хатосига афсус, надомат қилиши лозим. Гуноҳ қилиб хурсанд бўлиш эса, ўша гуноҳга нисбатан бепарволик қилиш, менсимаслик, демакдир. Ҳаётимизда бунга мисоллар жуда ҳам кўп. Кўрдингми, “палончини қандай мот қилдим – а?”, “хатоларини айтганимда роса хижолат бўлди – да!” каби сўзларни айтиб хурсанд бўлишга ўхшаш.
4.Сағира гуноҳни одамларга фахрланиб қилиш билан кабирага айланади.
Фахрланишнинг ўзи гуноҳ. Лекин мана шу ифтихор сағира гуноҳ қилаётган инсондан содир бўлса унинг кичик хатоси ҳам кабирага айланиб қолади.
Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ “Таърифот”ида: “Фахрланиш – одамларга қилган яхшиликларни санашга интилиш”, – деганлар.
5.Сағира гуноҳни ошкора қилиш билан кабирага айланади.
Ёмон саналган кашф (очиш) – у ошкоралик ва истеҳзо кўринишида бўлганидир. Савол ва фатво сўраш кўринишдагиси эмас. Рамазонда аёлига яқинлик қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган кишининг саволини инкор қилмаганликлари далил. Бояги кишининг қилган иши ёмон, албатта. Лекин фатво сўраш учун ошкора айтишга рухсат берилади. Шояд жавоб олиб тавба қилса!?
Ҳадиси шарифда:“(Гуноҳни) ошкор қилувчилардан бошқа умматим офиятдадир”, дейилган. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Бухорий ривояти)
“Фатҳ ал Борий”да (10/486): “Ошкор қилувчи – маъсиятни кўрсатиб, Аллоҳ беркитган нарсани очиб, айтиб юрадиган кишидир”.
Имоми Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Гуноҳ қилишга мубтало бўлган киши уни бошқага айтиши макруҳ бўлади. Лекин ундан тийилимоғи, надомат қилмоғи ва қайтмасликни қасд қилмоғи лозим. Агар устози ёки шунга ўхшаш инсонларга ундан қутилиш йўлини ўргатиш, яна такрорлаб қўйишдан сақланиш, мубтало қилган сабабни билдириш ёки ҳаққига дуо қилиш ва шу каби бошқа нарсалар мақсадида айтса чиройлидир. (Ўринли) маслахат бўлмаса макруҳ бўлади”.
6.Сағира гуноҳ олим ёки муқтадолардан содир бўлиши кабирага айланади.
Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: “Олимнинг аслида кичик ҳисобланган гуноҳ ила тойилиши кабира бўлади”, деганлар.
Олимнинг зиммасида икки вазифа бор. Бири гуноҳларни тарк қилиш. Иккинчиси гуноҳ қилиб қўйса яшириш. Унга яхшиликда эргашилганда ҳасанотлари зиёда бўлгандек, хатода ҳам салмоғи зиёда бўлади. Олимга либоси ва нафақасида мўътадил бўлмоғи лозим. Одамлар унга қараб тургани боис озроғига мойил бўлсин!
Олим ва муқтадо кишилар ҳаммага ўрнак бўлишлари лозим. Улуғ инсонлардан содир бўладиган кичик гуноҳлар жоҳил инсонларга ҳужжат бўлади. Кўпинча бу ишни қилманг ёмон бўлади десак, дархол хўп дейиш ўрнига “палончи олим ёки пистончи улуғ одам ҳам қилади – ку!”, – дейди. Уларга айтамизки, одам боласи хато – камчиликдан холи эмас. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида айтиб қўйганлар: “Одам боласи борки хатокордир. Хато қилувчиларнинг яхшилари сертавбаларидир”. Шунчалар эргашгингиз келса ана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашинг! Чунки Аллоҳ таоло каломида у зотда гўзал ўрнак борлигини айтиб қўйган.
Усул китобларимизда: “Олимнинг бир ҳаром ишни қилиши уни ҳалолга айлантириб қўймайди”, дейилган.
Равшанбек ЎРИНБОЕВ