Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Ноябр, 2024   |   07 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:42
Қуёш
07:03
Пешин
12:12
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:29
Bismillah
08 Ноябр, 2024, 07 Жумадул аввал, 1446

Тарвия куни ва такбири ташриқ

8.09.2016   10893   3 min.
Тарвия куни ва такбири ташриқ

Зулҳижжа ойининг 8-кунига Тарвия куни дейилади. Шу куни ҳожилар Маккадан Минога чиқишади.

Тарвия дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар Замзам сувидан қониб-қониб ичишларидир. Тарвия тафаккур маъносида ҳам қўлланилади. Зулҳижжанинг саккизинчи кечасида Иброҳим (алайҳиссалом) тушларида ўғиллари Исмоилни (алайҳиссалом) қурбонлик қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний, дея ўша кунни тафаккур билан ўйчан ҳолда ўтказадилар. Шунга кўра, бу кунга Тарвия (тафаккур) дейилади. Арафа кечаси “Сенга буюрилган нарсани адо эт!” амри берилгач, бу тушнинг раҳмоний эканини англаб етадилар. Шунинг учун ҳам мазкур кун “арафа” (билмоқ) деб аталди. Бу 9-зулҳижжа бўлиб, бошқа кунларга арафа дейилмайди.

Қурбон ҳайити Иброҳим (алайҳиссалом) ҳамда ўғли Исмоил (алайҳиссалом) ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган. Қурбон ҳайитини қиёматгача тарих саҳифасидан ўчмас, ҳаётимиздаги унутилмас воқеа сифатида нишонлашга одат қилганмиз.

Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни қилишни буюради. Жумладан, арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни 23 вақт намоз мобайнида ҳар бир фарз намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожиб амаллардан ҳисобланади. Ташриқ такбири ушбудир:

Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд!

Ушбу такбирни ҳоҳ жамоат билан, ҳоҳ ёлғиз ўқилган ҳар бир фарз намозидан кейин айтамиз. Бундан ташқари, юрган, ўтирган пайтларда такбир айтишнинг зарари йўқ, балки мустаҳаб амалдир.

 Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини зикру тасбеҳ ва дуою истиғфор билан бедор ўтказиш мустаҳаб.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг кечасини бедор ўтказса, қалблар ўладиган (яъни, Аллоҳнинг зик-ридан ғофил бўладиган ва қотиб қоладиган) кунда унинг қалби ўлмайди”, деганлар.

Яна бундай мазмундаги ҳадиси шарифлар ҳам бор: Арафани ҳурмат қилинг! Зеро, у Аллоҳ қадрлайдиган кундир”; “Арафа куни рўза тутган кишининг икки йиллик – ўтган ва келаси йилги гуноҳлари кечирилишига умид қиламан”.

Ҳайит кунининг тонгидан ғусл қилиб , хушбўй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб намозгоҳга бориш, то ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емаслик суннат амалдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ҳайити куни бирор нарса емай намозгоҳга бормас ва Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларича ҳеч нарса емас эдилар.

Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни Аллоҳ таоло ҳусни мақбул айласин!

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Раҳбарга итоат

29.10.2024   2286   2 min.
Раҳбарга итоат

Бир ташкилот раҳбари “Ишга қабул қиламан” деб эълон берди. У ишга кирмоқчи бўлган инсонларни синаш мақсадида ўша эълон бўйича келадиган йўлнинг четида кўзи ожиз тиланчи қиёфасига кириб ўтириб олди. Сўнгра йўлга пул ташлаб қўйди.
Бир одам пулни кўриб тиланчига қараб кўзи кўрлигини билгач пулни чўнтагига солди. Бу ҳолатни кўрган раҳбар бошини силкитганча унинг орқасидан қараб қолди. Сал туриб яна шундай ҳолат кузатилди. Яна бир қанча вақт ўтиб, учинчи одам пулни тиланчилик қилиб ўтирган одамдан “Пул сизниники эмасми” дея сўради. Тиланчи: “Ҳа меники, тушиб қолган бўлса керак” деди. 
Бироздан сўнг раҳбар кийимларни алмаштириб, ишига борди. Унга эълон бўйича талабгорлар келгани ҳақида хабар берилди. Раҳбар ўша йўлда учратган инсонларни бирма-бир чақириб суҳбат қилди. Суҳбат сўнгида кўчада ётган пул ҳақида сўраб пулларини қайтариб олди. Кейин учинчи одам кирганида эса кўчада ётган пулни тиланчига нега қайтаргани ҳақида сўрайди. У “Мен ҳалол пул топишни хоҳлайман. Ердаги пул меники эмасди. Унинг ўз эгаси борлигини яхши билардим” деб жавоб берди. Раҳбар унга эртадан ишга келишини айтди. Қолган икки кишини қайтариб юборди. 
Хулоса: Бугун биз қайси касбда бўлишимиздан қатъий назар раҳбар айтган топшириқларни ўз вақтида бажаришимиз кераклигини унутиб қўймоқдамиз. Ваҳоланки, сиз топшириқни ўз вақтида қилмаётганингиз билан бу ишнинг баҳосини сизга эмас ташкилотга, унинг раҳбарига берилади. Бугун бирор лавозимда ишлаётганингиз бу АЛЛОҲ томонидан сизга берилган улуғ неъматдир. Шундай экан қайси касбда ишлашингиздан қатъий назар раҳбарга итоат этишлик, бу сизнинг бурчингиз. “Ташкилот менга нима бермоқда” деб эмас, “Мен ташкилотга, Ватанга, халқга нима бермоқдаман. Шу қилаётган ишимдан менга ва ўзгага манфаат етяптими” деган ўй ҳаммада бўлиши лозим. 

Акбаршоҳ Расулов