Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Макка ва Мадина шаҳарларида "Ҳаж -2016" ишчи гуруҳ штабида ишчи гуруҳ аъзолари ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида диний соҳада амалга оширилган буюк ишлар ва улкан ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтилди ҳамда Юртбошимизнинг оила аъзоларига, яқинларига ва бутун халқимизга таъзия изҳор қилинди ва самимий ҳамдардлик билдириб ўтилди. Ҳозирда Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб турган ҳожиларимиз ушбу жудоликни чуқур қайғу билан қабул қилдилар.
Муҳтарам Юртбошимизнинг вафотлари муносабати билан 3 сентябрь куни пешин намозидан сўнг Мадина ва Макка шаҳарларида ғоибона жаноза намози ўқилди. Унда юртдошларимиз Президентимиз охиратлари обод бўлиши, жойлари жаннатдан бўлишини Яратгандан сўраб, дуо-ю илтижолар қилдилар. Ўзаро бир-бирларига сабр-тоқат билдирдилар.
Шунингдек, ҳожилармиз муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига хатми Қуръонлар ўқидилар ва Умра амалларини Масжидул Ҳарамда адо этиб, савобини муҳтарам Президентимиз руҳониятларига бағишладилар ва ҳақларига дуо-ю фотиҳалар қилдилар.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кенг қамровли мақсадлар назарда тутилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, диний-маърифий соҳадаги эзгу ғоя ва ташаббусларни халқ манфаатларидан келиб чиқиб изчил давом эттириш фармоннинг мазмун-моҳиятини ташкил қилади.
Президентимизнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуси туфайли Ўзбекистоннинг дўстлари, хайрихоҳлари халқаро майдонда ҳам кўпайиб бормоқда. Қўшни, яқин ва узоқ жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ҳолатни нафақат юртдошларимиз, балки турли мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам эътироф этмоқда.
Музаффархон Жониев,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 3 май, 90-сон