Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

“Йил имоми - 2016” кўрик танловининг Тошкент вилоят босқичи

25.08.2016   5666   1 min.
“Йил имоми - 2016” кўрик танловининг Тошкент вилоят босқичи

 “Йил имоми – 2016” кўрик танловининг вилоят босқичи ғолибилари аниқланди.

“Йил имоми – 2016” кўрик танловини ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йил 15 апрелдаги 01А/19 сонли буйруғи ҳамда Низомидан келиб чиққан ҳолда вилоят вакиллиги қошида ташкил қилинган “Махсус Ҳайъат” томонидан 2016 йилнинг  22 август куни Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжид биносида шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган имом-хатиблар ўртасида ўтказилди. Мазкур босқичда жами 15 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Ҳакамлар имом-хатибларни билет саволларига жавоблари, шунингдек, ўз устида ишлаши, изланиши, ОАВда долзарб мавзуларда чиқишлари, масжидда амалга оширган ободонлаштириш ишлари, имомнинг фаолияти давомида эришган ютуқлари, маърузаларининг таъсирчанлиги ва бошқа фазилатларини инобатга олиб, баҳоладилар.

Танлов якунига кўра 50 баллик тизимда Оҳангарон туман “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби, Акмалов Абдулхаким Мажитович 45.4 бални қўлга киритиб 1-ўринни эгаллади. Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби, Мирхамидов Обид Мирғофир ўғли 45 бални қўлга киритиб 2-ўринни эгаллади. Зангиота тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби, Шокиров Илёс Абдисаидович 44 бални қўлга киритиб 3-ўринни эгаллади. Танлов ғолиблари – Оҳангарон тумани “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби, Акмалов Абдулхаким Мажитович танловнинг республика босқичига иштирок этиш учун йўлланма олди.

ЎМИ Тошкент вилоят вакиллиги

 

 

Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

25.11.2024   1931   3 min.
Ҳасан розияллоҳу анҳунинг саховатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан розияллоҳу анҳу зироат экинлари экиладиган ерларга эга эди. Бундан ташқари, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан бирга давлатдан йилига беш минг дирҳам маош оларди. Бу миқдордаги маошни фақат Бадр жангида қатнашганларгина олишлари мумкин эди. У киши розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг даврида йилига юз минг дирҳам маош оладиган бўлди. Кўплаб бой саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туфайли Ҳасан розияллоҳу анҳу ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуга катта миқдорда ҳадялар беришарди. Бундан ташқари, баъзи саҳобалар ўлимидан олдин ўзи қолдирган меросдан уларга берилишини васият қилишарди. Масалан, Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган Ислом суворийси Миқдод ибн Амр ибн Саълаба ал-Киндий ўлимидан олдин бойлигидан ўн саккиз минг дирҳамни Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога васият қилади. Бу васият амалга оширилади.

Ҳасан розияллоҳу анҳу кўп марта уйланган саҳобалардан эди. Бироқ у ажрашган аёлларига нисбатан жуда сахий эди. Ана шундай аёли Оиша Ҳасамийяга йигирма минг дирҳам нафақа тўлаган. Яна ажрашган икки хотинига ўн минг дирҳамдан ташқари бошқа мол-мулкларни ҳам нафақа қилиб қўшиб берган. У никоҳига оладиган аёлларига ҳам кўп миқдорда маҳр берарди. Иккита аёлига йигирма минг дирҳамдан, бошқа бир аёлига эса юзта жория ва юз минг дирҳам маҳр берган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу бор мол-мулкини икки марта, мол-мулкининг ярмини оёқ кийими ва маҳсиларигача уч марта ҳадя қилган. Ёрдамга муҳтож бир кишига бир юз ўттиз минг дирҳам, бошқа бирига эса юз минг дирҳам садақа қилгани ривоят қилинган. Мадина кўчаларидан ўтиб кетаётган бир йўловчини зарур бўлган улов ва озиқ-овқатлар билан таъминлаган. Эҳтиёжи учун юз минг дирҳам сўраб Аллоҳ таолога дуо қилган кишига ўшанча пул жўнатган. Масжидул Ҳаромнинг четида бир кишининг «Аллоҳим, менга ўн минг дирҳам бер», деганини эшитиб, дарҳол уйига қайтиб бориб, унга шунча пул юборган.

Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳаж сафари чоғида ўзи ва укаси Ҳусайн розияллоҳу анҳуни, жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни қўй гўшти билан меҳмон қилган бечора аёлни Мадина бозорида кўриб қолиб, унга мингта қўй ва минг тилла бериб юборган.

Маккадан Мадинага сафари чоғида бир одам у кишини ёмғирдан ҳимоялаш учун ўз чодирида меҳмон қилади. Ана шу чодир эгасига чўпонлари билан бирга юзта туя ҳадя қилади.

Яна Ҳасан розияллоҳу анҳу ўзига бир қўй ҳадя қилган қулни қўйлари билан бирга сотиб олиб, уни озод этади ва унга сурувни ҳадя қилади. Шунга ўхшаш яна бир воқеа: итига овқатидан берган қулни ўзи қўриқлаётган боғи билан бирга сотиб олиб, уни озод қилади. Кейин ўша боғни қулнинг ўзига ҳадя қилади.

«Миллионер саҳобалар» китобидан