Икки қўшни бор эди. Улардан бири машинали бўлди. У ҳар куни ишга кетаётиб, қўшнисини ҳам ола кетар эди. Ойлар, йиллар шу зайлда ўтди. Кунларнинг бирида машинали киши тиши қаттиқ оғригани сабаб, зудлик билан докторга кўриниш мақсадида, қўшнисини кутмай жўнашга мажбур бўлди. Қўшниси эса, деразадан унинг машинани елдай учириб кетаётганини кўриб: “Эҳ, номард, мени ҳам ола кетсанг бирор жойинг камайиб қолармиди? Илоҳим, тишинг оғриб, бир умр сенга азоб берсин...” деди.
Байт:
Ношукр шунақа – билгани фасод, иғво ва қарғиш,
Дуоибадида қўшилур, ҳатто қўшни оғзидаги тиш...
Акбаршоҳ Расулов
Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
Аллоҳ таоло бандаларига:
لا تقنطوا
"ноумид бўлманглар" деган.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига:
لا تياسوا
"ноумид бўлмангиз" деган.
Юсуф алайҳиссалом укасига:
لا تبتئس
"ташвиш чекма" деган.
Шуайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга:
لا تخف
"қўрқма" деган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳуга:
لا تحزن
"маҳзун бўлманг" деганлар.
Ташвишли дамларда инсон қалбига хотиржамлик солиш илоҳий манҳаждур. Бас, шундай экан, доимо "алҳамду лиллаҳ" денг.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ