Ҳаж Ислом арконларидан биридир. Қодир бўлган кишиларга бу ибодатни умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Унинг фарзлигига далил бу ояти каримадир:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا
“Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси 97-оят).
“Ҳаж” сўзи, луғатда қасд қилиш маъносини англатади. Уламолар таърифида эса, махсус вақтда, махсус маконда, ният билан махсус ибодатларни адо этишга “ҳаж” дейилади.
Махсус вақт дейилганида, зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туриш, Наҳр (қурбонлик қилинадиган кун)нинг тонгидан бошлаб Байтуллоҳни тавоф қилиш тушунилади. Махсус макон дейилганида, Каъба ва Арафот англанади. Махсус ибодатлар дейилганида эса, ҳаж ва унинг арконларини бажариш ниятида эҳромга кириш англанади.
Бу ибодат, кўпчилик уламолар фикрича, ҳижрий тўққизинчи йилнинг охирида фарз қилинган. Ҳар йили зулҳижжа ойида бутун ер юзидаги қодир бўлган мусулмонлар бу жойга ҳам молиявий, ҳам жисмоний, руҳоний амал ҳисобланувчи шу ибодатни адо этиш учун тўпланадилар.
Намоз, рўза ва закотнинг фарзлигини инкор қилган киши диндан чиққанидек, бу ҳажнинг фарзлигини инкор қилиш ҳам диндан чиқишга олиб келади.
Ҳаж амали ўзининг эҳтиёжи ва қарамоғидагиларнинг нафақасидан ташқари ошиқча – Байтуллоҳга бориб келишга етарли маблағи бор ҳар бир ақли расо, болиғ (балоғатга етган), озод, соғлом мусулмонга (аёллар иддада бўлмаслиги ва уларга маҳрам-йўлдош ҳам бўлиши лозим) йўллар хатарсиз бўлса, ҳаж ибодатини кейинги йилга қолдирмай, адо этиш фарздир. Бундай шароитларда кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Ҳаж ибодати умрда бир марта адо этиладиган фарз амалдир. Ундан ортиғи нафл ҳисобланади.
Ҳаж ибодати давомида гуноҳ қилмаган, фаҳш сўзлар айтмаган ҳожи, онадан янги туғилгандек гуноҳларидан пок бўлади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар:
من حج البيت ولم يرفث ولم يفسق خرج من ذنوبه كيوم ولدته أمه
«Ким Байтуллоҳни ҳаж қилса, (унда) ахлоқсиз сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса, худди онаси уни туққан кундаги каби (барча) гуноҳлардан покланиб қайтади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Бунинг учун ҳожи қуйидагиларга амал қилиши зарур:
– энг аввало, холис ният қилиши. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек, амаллар натижаси ниятга боғлиқдир. Ҳар бир киши ниятига яраша савоб олади.
– ҳажнинг аркон ва амалларини тўла-тўкис бажариши;
– мусулмон учун энг муҳим ишлардан яна бири топган ва тўплаган маблағининг ҳалол, пок бўлишидир. Бу унинг барча яхши амаллари, жумладан, ҳаж ибодати ҳам мақбул бўлиш шартларидан саналади. Зотан, Аллоҳ таоло покдир. Фақат покиза амалнигина қабул қилади;
– агар зиммасида қарзи бўлса, уларни узиши. Зеро, банданинг бошқа киши зиммасидаги ҳақини ўша одам кечмагунича Аллоҳ таоло кечмайди;
– олган омонатини қайтариши;
– ўзидан ранжиганлар кўнглини олиши;
– қайтиб келгунича қарамоғидагиларга етадиган нафақани ҳозирлаши;
– ҳаж йўлига тушган мўмин ўтган гуноҳларига чин дилдан тавба қилиши, ўзини гўё дунёдан охиратга сафар қилаётгандек ҳис этиши;
– солиҳ амалларни кўпайтириши;
– Аллоҳ таолонинг розилигидан бошқа ўй-хаёлларни қалбидан чиқариши;
– муборак ҳаж сафарида йўлдошлари билан гўзал муносабатда бўлиши. Улар билан тортишмаслиги, эътирозларига сабаб бўладиган ишларни қилмаслиги, уларга озор етказмаслиги ва улардан етган азиятларга сабр қилиши;
– сафар давомида гуноҳдан, беҳуда ишлардан ва бузуқ сўзлардан йироқ бўлиши ва қолган ҳаётида ҳам бунга доимо қатъий амал қилиши;
– эҳромда бўлганида биринчи Ақобада тош отгунича ҳар намоздан сўнг, тепалик ва пастлик ерга чиқиб тушаётганида, ҳожилар гуруҳига йўлиққанда талбия (“Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарика лака лаббайк, иннал ҳамда ван-неъмата лака, валмулка ла шарика лак” – лаббай, Парвардигорим лаббай. Лаббай Сенинг шеригинг йўқ, лаббай. Албатта, ҳамд ва неъмат Сеники, мулкингда шеригинг йўқдир) айтиши;
– Ҳарам ҳурматига риоя этиши;
– Ҳарамдаги гиёҳларни юлмаслиги, дарахт шохларини синдирмаслиги, ҳайвонларни овламаслиги ва ўлдирмаслиги;
– замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичиши. Зотан, замзам сувидан тўйиб ичиш нифоқдан қутулишдир. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Замзам суви ва дўзах ўти кишининг ичида жам бўлмайди», деб марҳамат қилганлар. Бу замзам суви ҳақидаги башоратлардандир;
– боши ва танаси устидан замзам сувини қуйиши.
– Мадинаи мунавварани ҳам Маккаи мукаррама каби эъзозлаши;
– Расулуллоҳ (соллалллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қабрларини зиёрат этишни ғанимат билиши. Зеро, бу иши Расулуллоҳ (соллалллоҳу алайҳи ва саллам)ни тирик чоғларида зиёрат қилиш билан баробардир. Зотан, у зоти бобаракотни зиёрат қилиш шафоатларига етишувга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизга бу улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни ва унинг файзу баракотларига эришишни насиб айласин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Ислом даъвати Маккада бошланган даврларда, Умайма бинти Халаф ибн Асъад ибн Оъмир ибн Баёзаъ ал-Хузоийя — иймон нурини қалбида туйган илк аёллардан бири эди. Унинг қалби иймонга очиқ, ҳақиқатни эътироф қилишга тайёр эди. Турмуш ўртоғи – Холид ибн Саид ибн Ос бир кеча ажиб туш кўради: ўзини улкан ва даҳшатли олов четида турганини, отаси уни ўша оловга ташлаётганини кўради, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни ушлаб, оловдан қутқараётган экан.
Уйғониб, бу тушни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга айтди. У киши унга: “Бу яхшиликнинг аломати. Сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргаш, у сени жаҳаннамдан қутқаради”, дедилар. Холид шунда Исломни қабул қилди ва бу ҳақда рафиқаси Умаймага айтди. У ҳам, ҳеч иккилланмасдан, Исломни қабул қилди. Шу тариқа улар биринчи мусулмон жуфтликлардан бирига айланди.
Холиднинг отаси унинг мусулмон бўлганини эшитгач, жаҳл қилиб, уни чақиртирди. Уни ҳақоратлади, калтаклади ва уйдан ҳайдади. “Мен сени таом билан таъминламайман!” деди. Холид эса қатъият билан: “Агар сиз бермасангиз, Роббим менга ризқ беради” – деб жавоб берди. Шу заҳоти уйдан ҳайдалди ва бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида бўлди.
Умайма турмуш ўртоғига содиқлик билан ёрдамчи бўлди. У зулм, қийинчилик ва камбағалликка сабр қилди. Сабр ва имон унинг қалбида мустаҳкам илдиз отган эди.
Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ҳабашистонга ҳижрат қилишни буюрганларида, Холид ва Умайма илк ҳижрат қилганлардан бўлишди. Улар Ҳабашистонда фарзандли ҳам бўлишди: ўғиллари – Саид ибн Холид ва қизлари – Умма бинти Холид. Қизи кейинчалик “Умму Холид” номи билан машҳур бўлди.
Улар Ҳабашистонда ўн йилдан зиёд вақт мусофирликда яшашди. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Умайяни юбориб, уларни икки кема билан қайтардилар. Улар Мадинага қайтиб келганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Хайбарни фатҳ қилган эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар билан учрашиб, ажиб шодлик ва таскинга эришдилар.
Холид ибн Саид Умар ибн Хаттоб халифалиги даврида ҳаёт кечирди ва у “Марж ас-Сафар” жангида, ҳижрий 14 санада шаҳид бўлди. Бу хабарни эшитган Умайма онамиз бу мусибатига сабр қилди, юраги оғриқда бўлса ҳам, имони билан тасалли топди. Чунки, Холидни ўлдирган одам кейин Исломни қабул қилиб: “Бу ким эди?. Ундан осмонга чиқаётган нурни кўрдим!” - деган эди.
Умайма бинти Халаф – сабрли, муҳожир, мўмин аёлнинг юксак намунасидир. У умр йўлдошини ислом динида қўллаб-қувватлади, ҳаётининг қувонч ва ташвишли лаҳзаларини бирга ўтказди ва ислом тарихида буюк из қолдирди.
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.
Мазкур мақола Абу Малик Муҳаммад бин Ҳомид бин Абдулваҳҳобнинг
“Солиҳа аёллар ҳақида 150 қисса” номли асаридан таржима қилинди.