Дунёда яшаб қадам босаётган ҳар – бир инсон ёрдам берувчи, кўмаклашувчи, суянувчи ва қалби билан унга юзланувчи бошқа бир инсонга мухтождир. Шунинг учун фойда келтириш, зарарларни даф қилиш, ризқ талаб қилиш, душманга нисбатан ёрдам сўраш, касалликларга шифо сўраш учун Аллоҳга суяниш ва У Зотга таваккал қилиш вожиб амаллардандир. Таваккал қилиш мўминларнинг сифати, имоннинг шарти, қалбни қувватловчи ва нафсни хотиржам қилувчи омилларнинг асосидир. Аллоҳга таваккал қилиш вожиблигига далолат қилувчи оятлар Қуръони Каримда кўп бўлиб, улардан:
Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган. Анфол сураси 2-оят.
Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг!* (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар. Оли Имрон сураси 159-оят.
Муттафақун алайҳ бўлган саҳиҳ ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга ҳисобсиз кирувчи етмиш минг мўминларнинг сифатларини баён қилиб улардан Роббиларига таваккал қилувчиларни ҳам санаб ўтганлар.
Иброҳим алайҳиссалом ҳам оловга ташланганда Аллоҳга таваккал қилиб “Ҳасбуналлоҳ ва неъмал вакил” (Бизга ёрдам беришга Аллоҳ кифоя қилади ва У Зот қандай ҳам яхши Ёрдам берувчи) деб айтганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилсаларингиз эрталаб оч чиқиб кечқурун тўқ қайтган қушлар каби сизларни ҳам ризқлантиради”. Аҳмад ва Термизий ривояти.
Ибн Ражаб таваккал ҳақиқати ҳақида шундай дейдилар: “У солиҳ амалларни бажаришда, дунё ва охират ишларидан бўлган зарарли нарсаларни кетказишда қалбни Аллоҳга суянишдаги содиқлигидир. Яъни, берадиган, ман қиладиган, зарар берадиган ва фойда келтирадиган Зот ягона Аллоҳ деб билиш”.
Таваккал - диннинг ярми бўлиб, иккинчи ярми эса Аллоҳга қайтишдир. Дин - ёрдам сўраш ва ибодатдан иборат. Ёрдам сўраш - таваккал, Аллоҳга қайтиш эса - ибодатдир.
Банда дунё ишларида Аллоҳга таваккал қилиш билан бирга қалбини ва динини ислоҳ қилишда, тилини ва иродасини сақлашда ҳам таваккал қилиш керак. Шунинг учун барча намозларимизда Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. деб илтижо қиламиз. Фотиҳа 5 оят.
Баъзилар таваккални сабабларни қилмасдан, уни ишламай ётиш деб тушунадилар. Бу хато тушунчадир. Ибни Ражаб айтадилар: “Таваккал қилиш Аллоҳ нарсаларда тақдир қилиб қўйган сабабларни ушлаб ҳаракат қилишни инкор қилмайди. Чунки Роббимиз сабабларни қилиб, сўнгра таваккал қилишга буюради”. Аъзоларимиз билан сабабларни қилишдаги ҳаракатимиз тоат бўлса, қалб билан таваккал қилишимиз имондир. Аллоҳ Таоло марҳамат қилади:
Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Жума сураси 10-оят.
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир киши эй Расулуллоҳ ҳайвонни боғлаб таваккал қилайми ёки уни қўйиб юбориб таваккал қилайми?” деди. Расулуллоҳ: “Уни боғла ва таваккал қил” дедилар. Термизий ривояти.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Яман аҳли керакли нарсаларни олмасдан, “Биз таваккал қилувчилармиз”, деб ҳаж қилардилар. Сўнг аҳли Маккага келиб улардан ёрдам сўрардилар. Шунда, Аллоҳ қуйидаги оятни нозил қилди. Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган)*. Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг**. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! Бақара сураси 197-оят”. Бухорий ривояти.
Демак, таваккал мусулмон наздида – қалб ва нафс хотиржамлиги билан амал ва орзу қилишдир. Ва яна, Аллоҳ ҳохлаган нарса бўлиб, ҳохламаган нарса бўлмайди деб қатъий эътиқод қилиш. Албатта, Аллоҳ гўзал амал қилганларни савобини зое кетказмайди. Инсонлар таваккал қилиш борасида уч тоифадир:
Таваккал қилиб, сабабларни қилмасдан ишламайдиганлар. Бу Аллоҳнинг коинотдаги суннатига хилоф ишдир.
Сабабларини қилиб таваккал қилмайдиганлар. Яъни барча нарсага ўз кучимиз ва ақлимиз билан эришамиз деб ўйлайдиганлар.
Сабабларини қилиб сўнг Аллоҳга таваккал қиладилар. Бу энг тўғри йўл бўлиб, пайғамбарлар ва уларга эргашганларнинг йўлларидир. Баъзи олимлар таваккулга қуйидагича таъриф берганлар: “Таваккал аслида илмга эргашиш бўлса, ҳақиқийси ишончга суянишдир”.
“Қалбинга Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким фойда ва зарар етказмайди деган ҳаёлдан бошқаси келмаслиги, сенга келадиган ҳар қандай ҳолатга таслим бўлишинг, ва ундан қалбинг изтиробга тушмаслигидир”.
Аллоҳ барчамизни Ўзига ҳақиқий таваккал қилувчилардан қилсин.
Андижон шаҳар «Чинор» жоме масжиди имом хатиби: А. Мўминов
#Мустақилликнинг 35 йиллиги
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик тўйи яқинлашиб, жойларда байрам шукуҳи кеза бошлади. Бундан дилда шукроналик ҳисси ортмоқда.
Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, бундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан. Шундай экан, тинчликнинг қадрига етиб, унинг шукрини адо этиш инсоннинг бурчларидандир. Зеро, ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган ишлар хотиржам адо этилиши учун ҳам осойишталик лозим бўлади. Аллоҳ таоло ҳам: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” дея буюради (Бақара сураси, 208-оят). Тинчлик, салимлик мавзуси ўта муҳим бўлгани боис Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Зотан, араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Бандага берилган неъматларнинг қадрига етишда ва уни асрашда, бизга пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим алайҳиссалом ўрнак бўлиб келган. У зот ўз даврида Маккага тинчлик, унинг аҳлига ризқ сўрагани сўзимизнинг ёрқин мисолидир: “Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” деди” (Бақара сураси,126-оят).
Аллоҳ таоло бу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўтган пайғамбарлар ҳаётидан хабардор қилиш баробарида, улар сўраган нарсаларни ҳам билдириб, шунга чақирган.
Бу неъатлар бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилади. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз буюрадиган ишлардан. Шундай экан, инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши лозим.
Бугун дунёда тинчлиги, хотиржамлигини йўқотганлар қанча. Буларни кўриб, эшитиб турганлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаши лозим.
Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж, ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макрларига учмасдан, ёш авлодни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом таълимотининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бу хусусида Аллоҳ таоло бундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси, 2-оят).
Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи экани яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига ҳам боғлиқ. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари шундан. Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор, бардавом, халқимиз ҳаётини бундан-да фаровон қилсин.
Исомиддин АҲРОРОВ