2016 20-21-июл кунлари Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида «Исломнинг мўътадил тафаккури экстремизмга қарши» мавзуида халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур симпозиумда 150 дан зиёд делегатлар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон делегациясилари ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ислом ассоцацияси раиси, Хитой Халқ Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Шинжон-Уйғур автоном ҳукумат аъзолари, Хитой Халқ Республикасининг профессор олимлари, Хитой Халқ Республикаси уламолари ва вилоят бош имом-хатиблари иштирок этишди.
Симпозиумни Шиншон – Уйғур автоном тумани партияси раиси Шуҳрат Закир очиб, мазкур симпозиумдан мақсад бугунги кунда Исломда мўътадиллик масаласи, терроризм ва экстремизмга қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилиш масаласини ўртага ташлади. Бу борада яқинда Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари Давлат раҳбарларининг 15 йиллик юбилей йиғилишида ҳам алоҳида келишув ва қарорлар имзоланганини ҳам таъкидлаб ўтди.
Хитой Ислом уюшмаси раиси Чянъ Гуан Юанъ, ХХР Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ван Су Анлар сўзга чиқиб, маърузаларида Исломда мўътадиллик, ҳанафия мазҳабининг афзалликлари, динда ўртаҳол бўлиш ва тафриқалардан сақланиш, экстремизмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ХХРнинг «Марказий Осий ва Европа халқлари маданияти ва ҳаётини тадқиқ қилиш институти» профессори Су Чанг хоним сўзга чиқиб, диний экстремизмга қарши курашда Тошкент ислом университети ўқув программасини ўзлаштиришни, Ўзбекистонннинг маҳалла институти тажрибаларини жорий қилиш кераклигини билдирди ва марказий Осиё халқларининг дини ва урф-одатлари ўзаро уйғунлашиб кетгани, миллий қадриятларга бўлган юқори даражадаги эътибори ва энг асосийси ҳаёт турмуш тарзи уйғунлашиб кетганлиги ҳақида сўзлар экан, жумладан бундай деди: «Мен қадим Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги мусулмонлар урф-одатини юксак қадрлайман. Уларнинг ҳаёти, турмуш тарзи қалбимдан мустаҳкам жой олди”.
Шундан сўнг Урумчи шаҳар бош имом-хатиби Мухтарам Сирипжонов «Ақидада Мотурудия мазҳабининг мўътадиллиги» мавзуида маъруза қилди. Шунингдек, йиғилишда Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Мақсатбек Тўхтамешов, Ўзбекистон делегатларидан Муҳаммадбобур Юлдошев каби вакиллар сўз олди. Йиғилишда, Имом Мотурудий ҳазратлари қадим Самарқанднинг Мотуруд қишлоғида таваллуд топгани, гўзал Самарқандда таҳсил олиб, ижод қилгани ва ҳозирда Имом Мотурудий ҳазратларининг мақбараси гўзал ҳолатда обод этилгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон вакилларидан А. Қаюмов сўз олиб «Ўзбекистондаги диний бағрикенглик» мавзуида атрофлича гапирар экан, Ўзбекистонда дин ва виждон эркинлиги, динлараро ва миллатлараро ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барча жабҳалардаги сингари диний соҳада ҳам катта-катта ютуқлар қўлга киритилаётганини баён қилди. Россия муфтийлар Кенгаши, Россия мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Рушан ҳазрат Аббосов: "Дарҳақиқат, маърузада энг долзарб, актуал масалалар аниқ баён қилинди, ҳақиқатан Ўзбекистонда дин ва этиқод эркинлиги борасидаги олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Ўзбекистоннинг қадим Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасаси нафақат ҳозир, балки собиқ иттифоқ пайтида ҳам диний кадрлар асосан шу даргоҳда, яъни Россия ва СНГ давлатларининг бир нечта муфтийлари, дин арбоблари шу мадрасада таҳсил олган. Имом Бухорий, Имом Термизийлар ҳам шу юртда етишиб чиқди. Бугун Ўзбекистонда янги-янги масжид ва мадрасалар очилмоқда, маънавий-маърифий соҳада ҳам олиб борилаётган ишлар ўсиб келаётган ёшлар онгини турли зарарли иллат ва ёт ғоялардан ҳимояланишида ёрдам бермоқда. Шу боис бу юртда миллатлараро ва динлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда ва бу борада Ўзбекистон ҳукумати энг юқори баҳога лойиқ ишларни амалга оширмоқда”, дея эътироф этди.
Симпозиум якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр этилган «Смута ИГИЛ» китобидан делегация раҳбарларига бир донадан совға қилинди. Россия Федерацияси муфтийси Равил Гайнуддин ушбу китоб жуда қимматли манба экани ва Россия мусулмонлари идораси веб-сайтида ушбу асардан парчалар мунтазам бериб борилаётганини билдириб: “Бу китоб мен учун энг қимматли совға бўлди” дея ўз ташаккурини изҳор этди.
Маълумот учун: Ҳозирда Хитой Халқ Республикасининг аҳолиси 1миллиард 400 млнга яқин. ХХРдаги 30 миллионга яқин мусулмонларни асосан хуэй, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек, татар, тожик, дунсян, салар ва боан каби миллатлар ташкил этади. Мусулмонларнинг деярли ярми Шинжон-Уйғур автоном туманида яшайди. Шинжон Автоном туманининг умумий майдони 1660 минг кв км бўлиб, аҳолиси 23 миллиондир. Шундан 50 % Ислом дини (мусулмонларни) вакилларини ташкил этади. СУАР (Синъзян-Уйгурский Автономний район) Монголия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон билан чегарадош ҳудуддир.
Бугунги кунда Хитойда 30 000 дан зиёд масжид, 10 та Ислом ўқув билим юртлари мавжуд бўлиб, шундан биттаси Урумчи шаҳрида жойлашган. Мазкур Ислом институтида ҳозирда 300 га яқин талаба таҳсил олмоқда.
Хитойда диний ташкилотлар тўғрисида илк қонун 1949 йилда қабул қилинган. Барча дин вакиллари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мувофиқлаштириб борилади. Ислом дини фаолиятидаги ташкилотлар эса Хитой Ислом Ассоцацияси томонидан бошқарилади. Мазкур бошқармада 70 нафарга яқин ишчи ходимлар фаолият олиб боради. Тузилманинг амалдаги раиси Чянъ Гуан Юанъ бўлади. Фатво ишларида ҳанафия мазҳабига, ақидада эса мотурудия йўналишига амал қилинади. Шундан бўлса керак, Хитой Халқ Республикасидаги мусулмонларнинг 99 % ни ҳанафия мазҳабигилар ташкил этади.
Хитой Халқ Республикасида турмуш қуриш ёши ўғил болаларга 20, қизларга 18 ёш қилиб белгилаб қўйилган...
Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
масъул ходими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.
Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.
Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.
Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.
Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:
– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:
Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;
Умора ибн Шиҳобни Куфага;
Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;
Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;
Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...
Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.
– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.
У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.
1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.
2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.
3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.
Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди