Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.
Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.
Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом тарихи, қўлёзма мероси, манбашунослик, рақамлаштириш ва маданий ёдгорликларни замонавий илмий усуллар асосида ўрганишга қаратилган қатор йирик тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг умумий хусусияти — тарихий меросни фақат сақлаш ёки намойиш этиш эмас, балки уни бирламчи манба сифатида қайта ўрганиш, турли фондларда тарқоқ ҳолда сақланаётган материаллар ўртасидаги илмий боғланишларни аниқлаш ва янги тадқиқот масалаларини шакллантиришдир. Марказда амалга оширилаётган “114 Қуръон” лойиҳаси ана шу ёндашувнинг энг ноёб ва методологик жиҳатдан муҳим намуналаридан бири ҳисобланади, хабар бермоқда iccu.uz.
Лойиҳанинг янгилиги 114 та нодир мусҳафни бир жойга жамлаш билан чекланмайди. Унинг асосий илмий концепцияси Қуръони каримнинг 114 сурасини турли асрлар, ҳудудлар ва қўлёзма мактабларига мансуб 114 тарихий нусха орқали ягона тизимда тақдим этиш ва қиёсий ўрганишга асосланган. Шу орқали бир хил муқаддас матннинг қарийб ўн тўрт аср давомида турли маданий муҳитларда қандай китобий шаклларга киргани, хат услублари, безак тизими, материаллар, китоб тайёрлаш технологияси ва таржима анъаналарида қандай ўзгаришлар юз бергани кузатилади. Илк Қуръон қўлёзма анъаналаридан Сомонийлар, Қорахонийлар, Салжуқийлар, Хоразмшоҳлар, Олтин Ўрда, Темурийлар, Бобурийлар, Сафавийлар ва Туркистон хонликлари давригача бўлган манбаларнинг бир корпусда қиёсланиши лойиҳани анъанавий каталог ёки экспозиция доирасидан чиқаради.
“114 Қуръон” доирасида ҳар бир қўлёзма мустақил тарихий-илмий манба сифатида ўрганилади. Палеография унинг хат хусусиятлари ва ёзув услубларининг ривожини, кодикология қўлёзманинг қоғоз ёки пергаменти, ҳажми, муқоваси ва китоб тузилишини, санъатшунослик тазҳиб, орнамент ва композиция мактабларини, тарихий тилшунослик эса таржима қатламлари ва лексик хусусиятларни таҳлил қилиш имконини беради. Колофонлар, бағишловлар, эгалик қайдлари ва бошқа белгилар орқали қўлёзманинг яратилган муҳити, хаттоти, буюртмачиси ва кейинги ҳаракат тарихи тикланади. Шу жиҳатдан мусҳаф бу лойиҳада фақат диний ёдгорлик эмас, балки бир вақтнинг ўзида тарих, тил, санъат, китобат технологияси ва маданий алоқаларни ўрганиш учун кўп қатламли манбага айланади.
Лойиҳанинг алоҳида аҳамиятли йўналишларидан бири — туркий ва форсий сатрма-сатр таржимали Қуръон қўлёзмаларини тадқиқ этишдир. Хусусан, Қорахонийлар ва Хоразм муҳити билан боғлиқ таржимали нусхалар Қуръоншуносликдан ташқари тарихий тилшунослик учун ҳам муҳим маълумот беради. Уларда сақланган лексика, грамматик шакллар ва таржима усуллари туркий ёзма тилнинг қадимги босқичларини, исломий тушунчаларнинг маҳаллий тил муҳитига қандай кириб келганини ва кейинги тил жараёнларини ўрганиш имконини яратади. Бу эса “114 Қуръон”ни фақат қўлёзмалар тарихи эмас, балки Марказий Осиёда диний тафаккур, тил ва китобат маданиятининг ўзаро таъсирини тадқиқ этувчи кенг илмий платформа сифатида намоён қилади.
Тадқиқотнинг яна бир муҳим хусусияти — унинг халқаро манбалар географияси билан боғлиқлигидир. Ўзбекистон ва тарихий Мовароуннаҳр билан боғлиқ кўплаб нодир Қуръон қўлёзмалари бугун Истанбул, Париж, Лондон, Дублин, Машҳад, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарлардаги йирик музей ва кутубхоналар фондларида сақланмоқда. Шу боис лойиҳада қўлёзманинг ҳозирги сақланиш жойи эмас, балки унинг келиб чиқиши, яратилган илмий-маданий муҳити, хаттотлик анъанаси ва тарихий алоқалари асосий мезон сифатида қаралади. Лойиҳа Ўзбекистон, Франция, Туркия ва Австриянинг Қуръоншунослик, қўлёзмашунослик, палеография ва ислом санъати соҳаларидаги олим ҳамда мутахассисларини ягона илмий жамоа атрофида бирлаштирди. Уларнинг иштирокида дунёнинг турли музей ва кутубхона фондларида сақланаётган мингдан ортиқ нодир мусҳафга оид илмий маълумотлар ва рақамли тасвирлар кўриб чиқилиб, тарихий, матншунослик ва бадиий аҳамияти юқори бўлган намуналар саралаб олинди. Бундай халқаро ҳамкорлик турли мамлакатларда тарқоқ ҳолда сақланаётган қўлёзмаларга оид манбаларни ягона методология асосида қиёсий ўрганиш имконини бермоқда.
Лойиҳанинг илмий натижалари Ислом цивилизацияси марказининг Қуръони карим залида ҳам ўз ифодасини топади. Ҳазрати Усмон Мусҳафи марказий ўрин эгаллаган мазкур маконда турли даврларга мансуб Қуръон нусхаларининг тарихий кетма-кетликда тақдим этилиши ташрифчига алоҳида нодир асарларни кўришдан кўра кенгроқ имконият — Қуръон китобати маданиятининг асрлар давомидаги ривожини яхлит жараён сифатида англаш имконини беради. Шу маънода “114 Қуръон” лойиҳаси Ислом цивилизацияси марказининг илмий моделини аниқ намоён этади: дунё фондларига тарқалган манбаларни излаш, аниқлаш, қиёсий таҳлил қилиш, илмий тавсифлаш, рақамлаштириш ва замонавий музей талқини орқали жамоатчиликка етказиш ягона тадқиқот жараёнига бирлаштирилмоқда. Лойиҳанинг ҳақиқий ноёблиги ҳам ана шунда — 114 қўлёзма бир жойга эмас, бир илмий ғоя ва ягона тадқиқот тизими атрофига бирлаштирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати