Қори ва муҳаддислар устози, мужаввид ва қироат илми уламоларининг имоми, ўзи замонасидан тортиб то бизнинг давримизгача қироат ва тажвид илмининг шайхи ва олимлар гултожи бўлиб келаётган,“Ал-Жазарий” тахаллуси билан танилган бу зотнинг тўлиқ исми шарифлари Аллома Ҳофиз Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Юсуф ибн ал-Жазарий, Шамсиддин ад-Дамашқий аш-Шофиъий бўлиб, кунялари “Абул Хайр”дир. Таваллудлари ҳижрий 751 йили Рамазон ойининг йигирма бешинчи куни, милодий 1350 йилнинг ўттизинчи ноябр, жума кунига тўғри келади.
У зотнинг таваллудлари ҳам ажойиб воқеа бўлган. Ҳикоя қилинишича, қирқ йил фарзанд кўрмаган кекса оталари омонатдор тожирлардан бўлиб, 750 ҳижрий йили муборак ҳаж сафарига борадилар. Бу ибодат амалларини бажариб бўлгач, тавоф қилганларидан сўнг Аллоҳ таолодан ўзларига солиҳ, олим фарзанд ато этишини сўраб, Замзам сувидан ичиб дуо қиладилар ва диёрларига қайтадилар. Бир йил ўтгач, Рамазон ойининг йигирма бешинчи кечасида таровеҳ намозидан сўнг биз “Имом Жазарий” деб улуғлаётган инсон дунёга келади.
Муҳаммад ибн ал-Жазарий туғилган шаҳарларида ўсиб улғайдилар ва 13 ёшида Қуръони каримни тўлалигича ёд олиб, 14 ёшида одамларга имомлик қила бошлайдилар. 15 яшар ўсмирлик даврларида Шайх Абдулваҳҳоб ибн Саллор, Аҳмад ибн Иброҳим ибн Таҳҳон ва Аҳмад ибн Ражаб ҳузурларида қироатларни ифрод (алоҳида-алоҳида) тажвид асосида ўқиб берганлар. Ўн етти ёшга етганларида эса, Шайх Абул Маолий ибн Ал-Лаббон назоратлари остида қироатларни китоб қилиб жамлайдилар. Ёшликлариданоқ замонасининг кўплаб етук қироат соҳиблари ва илм аҳлларидан қироат илмлари билан бирга тафсир, ҳадис, фиқҳ, усулул фиқҳ, ақоид, балоғат, сарф ва наҳв каби илмларни сабоқ олиб, ўзлаштирадилар. Бир неча марта ҳаж ибодатини адо этадилар. Мисрга қайта-қайта сафар қилар эканлар, у ердаги қироат имомларидан сабоқ олар ва ўз қироатини ҳам улар имтиҳонидан ўтказар эдилар.
Димйотий ва Абарқуҳий асҳоблари, шунингдек, Фахр ибн Бухорийнинг бир жамоаси ва бошқалардан ҳадис илмини таълим оладилар. Фиқҳ илмини эса, Шайх Абдураҳим ал-Иснавий ва унинг сафдошларидан ўрганадилар. “Усул, маъоний ва баён” илмларини Мисрда Шайх Зиёуддин Саъдуллоҳ ал-Қазвийний ва бошқалардан ўзлаштирадилар. У зотга вафотидан олдин, ҳижрий 774 йили Шайхул Ислом муҳаддис, муаррих Абу Фидо Исмоил Ибн Касир, 779 йили Шайх Зиёуддин, шунингдек, 785 йили Шайхул Ислом ал-Булқийнийлар фатво чиқаришга изн беришган.
Умавийлар барпо этган жомеда қироат илмини мукаммал ўзлаштириб, ўша жойдаги машҳур қориларга раис бўладилар ва кўпчиликка қироат илмини ўргатадилар. Дамашқда Қуръони каримга бағишлаб “Дор ал-Қуръон ал-карим” номли мадраса бино қиладилар. Ҳижрий 793 йилдан бошлаб Шом(Сурия)да бир неча йил қозилик қилганларидан сўнг, 798 йили Рум (ҳозирги Туркия)га сафар қилиб, Бурса шаҳрида Боязид ибн Усмон[1] билан учрашадилар.
Аллома илм олиш ва тарқатиш йўлида кўп юртларга сафар қилган. Жумладан, ҳаж ибодатини адо этгач, Ҳижозга борганида баъзи кишилар Имом Жазарийга: “Бурса шаҳрида Қуръони каримни ўрганмоқчи бўлган толиби илмлар бор, улар сиздан таҳсил олишни орзу қилишади. Лекин ёнингизга келиб, илм ўрганиш учун етарли маблағлари йўқ”, дейишади. Шунда ул зот: “Ундай бўлса, уларнинг олдига мен бораман”, дейди-да, Жиддадан кемага чиқиб, Қоҳирага йўл олади. Қоҳирадан Искандарияга, ундан Ўрта Ер денгизи орқали Антокияга етиб келади ва шу ерлик бир кишининг уйида меҳмон бўлади. Имом Жазарийдан Қуръон илмларини ўрганишни орзу қилган бурсалик толиби илм олимни Ҳижозда экани хабарини олгач, шу томон отланиб, Бурсадан Антокияга келади. Талаба хуфтон намозига азон айтилгач, масжидга киради. Намоз тугаб, одамлар тарқай бошлайди. Шунда антокиялик бир киши унинг мусофир эканини сезиб, турар жойи бор-йўқлигини сўрайди. Талабадан борадиган ери йўқлигини эшитгач, ўз уйига олиб бориб меҳмон қилади. Кечки овқат пайтидаги суҳбат асносида: “Бугун юртимизга Исломнинг буюк уламоларидан Муҳаммад ибн Жазарий келди”, дейди мезбон. Бу гапни эшитган илм толиби ўрнидан сакраб туради: “Аллоҳга қасамки, у зотни кўрмагунимча ухламайман!” Мезбон: “Бу кеча дам ол, эртага кўрасан”, деса ҳам, барибир кўнмай туриб олади. Шунда икковлари Имом Жазарий меҳмон бўлиб тушган уйни сўраб-суриштириб йўлга чиқишади. Толиби илм олим билан кўришгач, йиғлаб юборади, севинчидан терисига сиғмайди. Олим бўлган воқеани эшитгач, меҳри товланади. Талаба Қуръони каримни тўлалигича ёд олгач, Антокияда қолади. Ундан сўнг Бурсага бориб, толиби илмларга сабоқ беради.
Боязид кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромга жавобан имом у ерда бир неча йил истиқомат қилиб, юрт аҳолисига қироат ва ҳадис илмини таълим берадилар. Кўпчилик бундан унумли фойдаланади. Шунингдек, у зотдан кўп киши ўн хил қироатни мукаммал ўрганади. Ўша диёрда икки жилдли “Ан-Нашр фий ал-қироот ал-ашр” номли асарини таълиф этадилар. Ҳижрий 805 йили бобокалонимиз Амир Темур у зотни Румдан Мовароуннаҳр диёрига олиб келади. Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳрида Соҳибқирон салтанати остида ҳаёт кечирадилар. Кеш ва Самарқанд аҳолисининг бир жамоаси у зотдан таҳсил олади. Амир Темур бу буюк имомга доимо ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, улуғлар эдилар.
Кешда Абдулқодир ибн Тилла ар-Румий, Ҳофиз Боязид Кеший ва Ҳофиз Маҳмуд ибн Муқрийлар у кишидан ўн хил қироат илмини ўрганиб, қироатлар шайхлари унвонини олишади.
Ҳикоя қилинишича, Имом Муҳаммад Жазарий Румдан Самарқандга келганларида Соҳибқирон катта базм уюштирадилар. Унга таклиф этилган амир ва зодагонларга чап тарафдан, олимларга эса, ўнг тарафдан жой ажратишни буюради. Имом Жазарийга эса уламоларга ажратилган жойнинг олд қисмидан, Аллома Саййид Шариф Журжонийдан[2] юқорироқдан ўрин ҳозирлашга амр қилади. Сабаби сўралганида, Соҳибқирон: “Китоб ва суннат билимдони бўлган зотни ҳурмат қилмай бўладими?!” дея жавоб берган эканлар[3].
Аллома Муҳаммад Жазарий Амир Темур вафотларидан сўнг, ҳижрий 807 йили Мовароуннаҳрни тарк этиб, Хуросоннинг Ҳирот шаҳрига сафар қиладилар. У ерда ҳам кўпчиликка ўн хил қироатдан дарс берадилар. Сўнг Яздинга қайтиб келганларида, у ерлик аҳолининг ҳам бир гуруҳи у зот қўлида ўнта қироатни мукаммал ўрганади. Ҳофиз ал-муқрий ал-фозил Шамсиддин ибн Муҳаммад ад-Даббоғ ал-Бағдодий шулар жумласидандир. Кейин Асбаҳонга сафар қиладилар. У ерда ҳам аҳолининг кўпчилиги у зотдан сабоқ олади. Ҳижрий 808 йили Рамазон ойида Шероз[4] шаҳрига етиб келадилар. Юрт султони Бир Муҳаммад у зотни ўз диёрида олиб қолиш мақсадида унга қозилик вазифасини топширади. Шундай қилиб, у ерда ҳам бир оз муддат қоладилар. Бундан кўпчилик яхши фойдаланиб, у зотдан қироат илмини ўрганади. Ҳаж ибодатини адо этиш ниятида Басра орқали йўлга чиқадилар. Икки довон ошиб, Унайза шаҳрига етгач, Бани Лом аъробийлари у зотни тутиб, бор нарсаларини тортиб олишади. Унайзага қайтиб, у ерда учта қироатга бағишлаб “Ад-Дурра” номли назмий асарини ёзади. Сўнг Аллоҳ таоло унга ҳаж ибодати амалини адо қилишни насиб этади. Ҳарамайн аш-шарифайнда бир муддат истиқомат қиладилар. Шу муддат ичида ҳам кўпчилик у зотдан таълим олади.Қоҳира ва Яманга бир неча марта сафар қиладилар. Сафар давомида ўзлари илм олишлари билан бирга жуда кўп инсонларга қироат, ҳадис ва бошқа илмлардан таълим берадилар.
Имом Жазарийнинг устозлари кўп бўлиб, энг машҳурлари қуйидагилардир:
Муҳаммад Жазарий замонасининг кўзга кўринган олимларидан таълим олиш билан бирга ўзлари ҳам кўплаб шогирд етиштирганлар. Уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар:
Имом Жазарий илмий фаолиятлари давомида тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва араб тили грамматикаси каби турли фанларга доир етмишдан ортиқ илмий асартасниф этганлар.Уларнинг кўплари қироат ва тажвид илмига бағишланган. Бугунги кунда у зотнинг асарлари ичида нашр қилинганлари, қўлёзма нусхалари ва бизгача етиб келмаганлари бўлиб, энг машҳурлариушбулардир:
Қуръон ва қироат илмига доир асарлари:
Ҳадис илмига доир асарлари:
Фиқҳ илмларига доир асарлари:
Наҳвга(араб тили грамматикаси) доир асарлари:
Тарихга доир асарлари:
Турли мавзуларга доир асарлари:
Қироат илмининг беқиёс олими Муҳаммад Жазарий сермазмун умрларининг охирини Шерозда ўтказдилар. У зот ҳижрий 833йили рабиул аввал ойининг бешинчи, жума кунининг тонгида 82 ёшда вафот этдилар ва ўзлари қурдирган “Дорул Қуръон” мадрасасига дафн қилиндилар. У зотнинг жанозаларига катта-юкичик, хосуавомдан иборат жуда катта жамоат йиғилди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлиб, раҳматига олсин ва ётган жойларини мунаввар қилсин!
“Жазарий матни” китобидан
[1] Кўпгина тарих китобларида “Елдирим Боязид” номи билан машҳур.
[2] У зотнинг тўлиқ номи Али ибн Муҳаммад ибн Али бўлиб, “Саййид Шариф” номи билан танилган. Ҳижрий 740, милодий 1340 йили Астробод яқинида таваллуд топган. Илм талабида ўсмирлик даври асосан Шерозда ўтган. Диний фанларда чуқур илмга эга бўлган. Шунингдек, табиий фанларни ҳам ўзлаштирган. Ҳижрий 789 йили Самарқандга келиб, Амир Темур эътиборини қозонган. Жами бўлиб элликка яқин китоб тасниф қилган ва ҳижрий 816, милодий 1413 йили Шерозда вафот этган.
[3] “Шақоиқун-нуъмониййа”, 4-жуз, 398-бет.
[4] Қадимги Форс юрти пойтахти бўлган, Эроннинг жануби-шарқида жойлашган.
[5] Ҳижрий 702-782 йиллари яшаб ўтган. Имом Жазарий ундан Ибн Омир ва Кисоийларнинг қироатларини таълим олган.
[6] Дамашқлик буюк имом, қози, ҳижрий 691 йили туғилиб, ҳижрий 779 йили Дамашқда вафот этган.
[7] Лақаблари “Шамсиддин”. Ҳижрий 704 йили Қоҳирада туғилган. Қироат илмидан ташқари кўп илмларда моҳир бўлган. Ҳижрий 777 йили вафот этган.
[8] Ҳижрий 698 йили туғилган. Имом, муқриъ, муҳаққиқ ва ориф зотлардан, етти қироат соҳибларидан бўлган. Ҳижрий 782 йили шаъбон ойида вафот этган ва “Суфиййа” мақбарасида дафн қилинган. Вафотидан сўнг шогирдларига таълим беришда ИмомЖазарий у зот ўрнига ўтирган.
[9] Мадинаи мунаввара шайхи, масжид ан-Набавийда кўп йиллар имом-хатиб бўлган. Имом Жазарий 768 йили ҳаж ибодатини адо этиш учун Макка ва Мадинага сафар қилганида у зот билан учрашган.
[10] Лақаблари “Имодуд-дин”. Ҳижрий 701 йили Мисрда туғилиб, 774 йили Дамашқда вафот этган. У зот муфассир ва муҳаддислар имоми, буюк муаррих ва муҳаққиқ олим бўлиб, кўп китоблар муаллифидир.
[11] Ҳижрий 724 йили Мисрнинг Булқийния шаҳрида туғилган. Қоҳирада замонасининг буюк уламолари қўлида таълим олган. Асрнинг тенгсиз олими бўлмиш бу зот ҳижрий 805 йилнинг зулқаъда ойида вафот этган.
[12] Имом Бағавийнинг “Ал-Масобийҳ” китобига уч жилдлик шарҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.