Сийрат китобларида тириклик чоғида жаннатни икки марта сотиб олган киши ҳақида сўз юритилган. Бу улуғ зот ҳақида ўзларининг ҳам асрлари бўлган буюк саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Усмон жаннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки марта сотиб олди. Биринчиси, мусулмонлар учун "Рувма" қудуғини қазиб Аллоҳ йўлида ҳадя қилди. Иккинчиси, Аскарларнинг қийналиб қолганларини Аллоҳ йўлида ўз ҳисобидан таминлади", дедилар.
Ҳа Усмон розияллоҳу анҳу шунақа саховатли зот эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин мусулмонларга қаҳатчилик келди. Ўша пайтлари Усмон розияллоҳу анҳу четдан мол олиб келиб тижорат билан шуғулланар эдилар. Айни қаҳатчилик пайти мадиналик мусулмонлар йўқчиликдан тинкаси қуриб мадори қолмаган бир вақтда мадинада "Усмоннинг карвони жуда катта мол билан Мадинага кириб келяпди", деган гап тарқалди. Мадинадаги пулдор одамлар дарҳол карвонга пешвоз чиқиб, ҳали мадинага кирмаган карвондаги барча молни сотиб олишга урунишди. Усмон розияллоҳу анҳу уларга: "Молларим инсонларга жуда керакли. Мадинага олиб кирсам бир зумда сотиб олишади. Ким қанча беради", дедилар. Улар: "Мадинадаги нархдан бир баравар кўп берамиз", дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу: "Йўқ. Бу кам", дедилар. Улар: "Икки баравар", дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу: "Йўқ Бу ҳам кам", дедилар. Шу йўсинда улар "Бирга тўрт ёки беш баравар кўпайтириб берамиз, бундан бошқа, ортириб бера олмаймиз, бундан ошиқча берадиган одамни Мадинадан топа олмайсан дейиши. Усмон розияллоҳу анҳу: "Мен бирга ўн қилиб берадиганни топдим", дедилар. Улар ҳайратланиб ким экан ўша бойвачча, дейишди. Усмон розияллоҳу анҳу: "У Аллоҳдир. Гувоҳ бўлинг манашу карвондаги барча молларим Аллоҳ йўлида мадиналикларга ҳадя", дедилар.
Ҳа тириклигида жаннат йўлланмасини қўлга киритган ва Пайғамбаримиз томонларидан: "Усмон энди нима қилса қилаверсин, мен ундан розиман", деб айтилган хушхабарни эшитган, бу шахс Усмон розияллоҳу анҳу эдилар.
Аллоҳ барчамизни тўғри йўлга бошласин, ва жаннатидан жой ато қилсин. Омин!!!
Нурмуҳаммедова Васила
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).
Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).
Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).
Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.
Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.
Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.
Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.
Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.
Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД