عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: قال سمعتُ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ: " إنَّ الله يدنى المؤمن فيضعُ عليهِ كنفَهُ ويستُرهُ فيقولُ: أتعرِفُ ذَنبَ كذا أتعرِفُ ذنبَ كذا؟ فيقولُ: نعم أى ربِّ، حتى إذا قرَّرهُ بذنوبهِ، ورأى فى نفسه أنه قد هلك قال سترتُها عليك فى الدنيا، وأنا أغفُرها لك اليومَ، فيعطى كتابَ حسناتهِ، وأما الكافرُ والمنافقُ فيقولُ الأشهادُ : هولاء الذينَ كذَبوا على ربهمْ ألا لعنة الله على الظالمينَ".
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ (Қиёмат куни) мўминни ўзига яқинлаштириб, бир томонини қўйиб тўсади-да, фалон гуноҳингни ва пистон гуноҳингни биласанми?- дейди. У мўмин: “Ҳа, эй Раббим! деб гуноҳларига иқрор бўлади. У ҳалок бўлдим, деб ўйлайди. Шунда Аллоҳ таоло унга қарата: “Дунёдаги ҳаётингда ўша гуноҳингни яширганим каби бу кунда ҳам ўша гуноҳларингни кечираман”,- деб яхшиликлар китобини берилади. Аммо кофир ёки мунофиқ кимсага “Гувоҳлар”: “Ундай кимсалар (қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳ: “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур”, дейди. (Ҳуд-18)
Шарҳ: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кетаётсалар бир киши йўлда унга йўлиқиб: “Қиёмат куни банда билан Рабб ўртасида бўладиган сўзлашув ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисиз?” деган эди, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шу ҳадисни эшитганман, деб юқоридаги ҳадисни зикр қилдилар.
Бу ҳадисда Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки қўрқинчли мавқеъни айтмоқдалар.
Биринчи мавқеъ: Аллоҳ мўмин бандага яқинлашиб, уни тўсиқ билан иҳота ва беркитиб сир қилган ҳолда: “Сен фалон куни, фалон жойда содир этган гуноҳингни эслайсанми?”- деса, мўмин киши титраб, ҳижолат чеккан ҳолда: “Ҳа эй Раббим, эслайман”, дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Ана бу гуноҳингни эслайсанми?" -деса мўминни хавфи кучайиб, қалби ағдарилган ҳолда: “Ҳа, эй Раббим эслайман”, дейди. Мана шу каби Аллоҳ мўмин бандасига гуноҳларини санайверганидан банда изтиробда гуноҳларига иқрор бўлаверади. Бу қўрқинчли ҳолат давом этавергач, у мўмин гуноҳига яраша азобланишга аниқ ишониб қолади. У содир этган гуноҳи сабабли аниқ ҳалок бўлгувчиман, деб фикр қилиб турганида, гуноҳларни кечирувчи меҳрибон бўлган Раҳим Зот Аллоҳ нидо қилиб: “Эй бандам! Мен сени дунёдалик пайтингда гуноҳингни беркитган эдим. Бугун эса гуноҳингни кечираман. Эй фаришталарим, унга яхшиликлар китобини беринглар ва жаннатга элтинглар”, дейди.
Иккинчи мавқеъ: кофир ва мунофиқларнинг мавқеъси бўлиб, уларни пешоналаридан тутиб, саф ичига киритиб, худди ҳайвонни бўғизлаш ўрнига олиб борилгани каби олиб борилади. У ердагилар у кимсага қараб туришади. Шу ҳолда уни адолат маҳкамасига олиб борилади, у Аллоҳ ҳузурида ноумид бўлиб туради. Раббиси: “Сенга неъмат бермаганмидим? Сенга элчи жўнатмаганмидим? Ундай ва бундай нарсаларни бермаганмидим? Мендан ҳаё қилмасдан ёмонлик қилиш билан курашдинг-а? Яхшиликларни ато қилсам ҳам Мендан бошқага ибодат қилдинг-а? Фалон куни фалон нарса қилгандинг-а?” дейди. Кофир ёки мунофиқ кимса ўнг томонига қарайди. Дўзахдан бошқа нарса кўрмайди. Атрофини азоб берувчи, қўпол фаришталар ўраб олади. У “Эй Раббим нафсимга ижозат бермасам ҳам гувоҳлик бермоқдаку? дейди. Аллоҳ таоло: “Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир”- деб, оғзига муҳр уриб қўйилади. Аъзоларига сўзла! дейилади. У гуноҳ ва хатоларини сўзлайди. Кейин у билан сўзи ўртасини ҳоли қилиб қўйилади. Аъзоси: “Сенга ор бўлсин, мен билан доим курашар эдинг. Мана энди адолатли подшоҳ томонидан ҳукм фаришталарга берилмоқда. “Уни ушлаб кишанланглар. Сўнгра дўзахга ташланглар. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар.” (Ал-ҳаққо сураси,30-32- оятлар), дейилади. У ерда гувоҳ бўлганлар “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур” (Ҳуд сураси, 18- оят), деб айтишади.
Яратган Раббимизнинг меҳрибончилиги нақадар улуғ! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳнинг улуғ сифатлари билан хулқланинглар!”-деб марҳамат қилганлар. Ҳа азизлар, келинглар ўзаро кечиримли, бағрикенг ва олийжаноб бўлиб яшайлик.
Жалолиддин Ҳамроқулов
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.