Бугунги кунда дунёда ва Ислом оламида нима бўлаётганидан ҳамма хабардор бўлсада, афсуски, XXI асрда ташкил топган айрим экстремистик ва радикал гуруҳларни ғарб ОАВлари «ислом» ва «мусулмон» номи билан ёритиб боришмоқда. Зеро, ушбу радикал гуруҳлар ҳақ ва муборак «Ла илаҳа иллаллоҳ» сўзини тил ўйинига айлантиришган ҳамда халифаликни қайтадан жорий этиш иддаосини қилишмоқда. Ваҳоланки, уларнинг шиорларини чеккага суриб қўйиб, уларнинг фикрлари, сўзлари ва амалларига эътибор қаратсак, Ислом ва диний аҳкомдан бирон нишона тополмайсиз.
Бунга ҳозирда Сурия ва Ирок давлатларида «халифалик» давлатини ташкил этганини жар солаётган «ИШИД» террористик ташкилотини яққол мисол келтириш мумкин ва ушбу террорчи ташкилот Ислом динига бўлган қарашларни чалғитувчи бир омилга айлантирган хамда бир ҳовуч «жиходчилар» ва «салафийлар» диний экстремистик оқимларининг ноконуний диний ғоялари тасирида вужудга келган.
Айтиш лозимки, руҳиятни чалғитувчи салафийлар гарб ОАВининг диққатини ўзига жалб этиб ва ушбу ОАВ лари жаҳон ҳамжиятига «ИШИД» каби радикал гуруҳларни «Ислом» дини билан бир қаторда қўйган ҳолда қабул қилдиришга уринишмоқда. Ҳолбуки, «салафийлар» ва бошқа такфирий гуруҳлар асл Ислом таълимотидан жуда узоқдалар (ушбу мавзуга қуйида тўхталиб ўтамиз). Айнан бу каби гуруҳлар Ислом чеҳрасини дунёда қора қилиб кўрсатишмоқда.
Сурия ва Ироқ мамлакатларида террористик амалиётларни амалга оширишни, қон тўкиш, қотилликлар, аҳоли яшайдиган уй-жойларни вайроналарга ва харобаларга айлантиришни ўз олдига мақсад қилиб олди. Ҳозирда ушбу фожеали ва қўрқинчли амалиётларни ваҳшийларча амалга оширишмоқда. «ИШИД» номи «Ироқ ва Шом исломий давлати»нинг қисқартирилган шаклидир. «ИШИД» қуролланган террористик гуруҳ бўлиб, бу гуруҳ «салафийлик» жиҳоди, яъни экстремистик ғоялар ва қарашлар билан йўрғилгандир. «ИШИД» гуруҳи асосчиларининг мақсадлари «Исломий халифалик ва шариат ижроси» номини қайтадан тиклашдир.
«ИШИД»нинг пайдо бўлиши ва унинг фаолиятлари ҳақида бугунги кунда дунёдаги машҳур сиёсатчилар, давлат раҳбарлари ва дунёнинг таниқли уламолари ўзларининг салбий муносабатларини билдирмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ироқ ва Суриядаги жангариларининг ҳаракатларини гуноҳ деб айтиб ўтди. «Қонуний давлат раҳбарига қарши «фитна», исён, ғалаёнда иштирок этиш Ислом динидаги энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Ноқонуний давлатни тан олишни хоҳламагани учун кечагина иттифоқчи бўлган инсонларни қатл қилиш, биргаликда исён кўтарган қаллоблар томонидан сайланиб, фақат шугина асос билан ўзини халифа деб ҳисоблаш-бу катта гуноҳ»-деди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси.
Таниқли марҳум уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Одамлар менга тез-тез шундай савол беришади: Ироқдаги воқеаларни қандай тушунмоқ керак? Мен шундай тушунтираман: қандайдир бир «Бағдодий» ўзини «халифа» деб эълон қилибди ва барча мусулмонлар номидан гапиришим мумкин, деб ҳисоблаяпти. Бироқ бу фақат унинг хаёлидагина шундай. Халқаро мусулмонлар иттифоқи расман эълон қилди: ўзини халифалик деб эълон қилган ташкилот шариатга мос келмайди ва мусулмонлар уларга қулоқ солмасликлари керак.» - деган эди марҳум шайх ўз маърузаларидан бирида.
Она Ватани Ўзбекистонга хиёнат қилиб, ҳозирги кунда ўзларини «Ўзбекистон Ислом ҳаракати» деб ном қўйиб олган бир тўда хиёнатчиларни ҳозирги раҳбари «Усмон Ғозий» «Ироқ ва Шом Ислом давлати» номли террористик гуруҳнинг таъсис этилишини қўллаб-қувватлашини эълон қилиб, бу террористлар билан бир сафда эканлигини айтди.
«ИШИД»ни халифалик эълон қилгани, «Ҳизб ут-Таҳрир»ни кескин муносабатига сабаб бўлди. «Ҳизб ут-Таҳрир»ни ҳозирги раҳнамоси «Ато ибн Халил Абу Рашта» айни масалага оид жавобида умуман бу халифаликни тан олмаслигини таъкидлаб ўтган. «Ато ибн Халил Абу Рашта»ни «Бағдодий»га мурожатида: ««Халифалик» эълон қилмоқчи бўлса, бу ташкилотнинг ўша жойда очиқ ҳукумронлиги (ҳокимияти) бўлиши, бу ҳукмронлиги унинг ичи ва ташқи жиҳатдан ҳавфсизлигини ҳимоя қилиши «халифалик» эълон қилинадиган минтақада давлат таянчлари бор бўлиши зарур. Аммо «халифалик»ни эълон қилган «ИШИД» ташкилоти на Сурияда на Ироқда салтанат (хокимият)га эга эмас. Улар фақат ўзларидаги ички хиссиётларни қондиришган, холос... Бу эълон бемаъни эълон бўлиб, бу ташкилот «халифалик» эълон қилишдан олдин ҳам бир қуролли ташкилот бўлган, ундан кейин ҳам бир қуролли ташкилот бўлиб қолади».
Бу икки ташкилотни мақсадлари сахродаги саробга ўхшаб кўринган нарсага интилиш кабидир. «Абу Рашта»ни давлат ва жиҳод орқали халифалик ташкил қиламиз демоқда, бу мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслиги, яъни, «ислом дини» асосларидан, инсонпарварлик туйғуларидан ва ҳар қандай ҳунрезликлардан қайтмасдан мақсадига етиш учун ҳаракат қилишга ишорадир. Эътибор қилинса бир-бирини қуролли тўда деб атамоқдалар. Бир-бирларини кирдикорларини очиб ташламоқдалар. Бу билан асл мақсадлари намоён қилган.
«ИШИД»ни қуролли ташкилот деб атамоқда, аммо ўзларининг «Ҳизб ут-Таҳрир» номли китобида: «Ҳизб ут-Таҳрир» руҳий уюшма ҳам, илмий уюшма ҳам, таълим-тарбия билан шуғулланадиган уюшма ҳам эмас, балки, у исломий фикрат асосига қурилган сиёсий уюшмадир»- дейилган.
«Ҳизб ут-Таҳрир»ни ҳозирги раҳнамоси «Ато ибн Халил Абу Рашта»ни ғазаби ва нафрати бежиз эмас чунки, халифаликни улардан олдин «ИШИД» эълон қилиб қўйди. Бу албатта ўзларича келажакда орзу қилиб юрган «халифалик»ка соя солди. Агар булар ҳам халифалик эълон қилсалар мусулмонларни бу масалада иккиланишига ва шубҳаланишга олиб келишидан қўрқмоқда.
«Ҳизб ут-Таҳрир» ва «ИШИД» каби террорчи ташкилотлар гўёки динга хизмат қилишдек, шарафли ишни амалга ошираётганларини даъво қилсаларда, аслида ҳукуматга ва Исломга қарши ҳаракат қилаётганлари ҳозирги кунда исботини топмоқда.
Зеро, Аллоҳ таоло «Қуръони карим»да марҳамат қилганидек: «Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар». (Бақара, 11-12).
Ҳозир дунёда ва ислом оламида бўлаётган вазиятни эътиборга олиб ёшларимизни мазкур хавф-хатарлардан муҳофаза қилиш, диний экстремизм билан боғлиқ таҳдидларни англаб етиши ва бундан огоҳ бўлиши учун ўқув муассассалари, ташкилотлар, диний ходимлар, маҳалла фуқаролари йиғинлари ва профилактика нозирлари ҳамкорликда ёшларни илмли, дунёқараши кенг ватанпарвар шахс қилиб тайёрлашга ва бефарқликни салбий оқибатларига урғу бериш, диний экстремистик оқимлар тарафдорлари тарқатаётган ғояларнинг аслида Ислом таълимотига зид экани ва сиёсий мақсадларга йўналтирилганини аниқ далиллар билан исботлаб бериш, миллий-диний қадриятлар, аждодларимиз меросини ва ватанпарварлик ҳиссини сингдириб боришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни доимий равишда ўтказиб бориш лозим.
Зайнилобиддинхон Қудратов,
Тошкент вилояти Пискент тумани
“Мулла Бўта Қози” жоме масжиди имом-хатиби
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси