Инсонда руҳ ва нафс бордир. Руҳнинг озуқаси шариатга мувофиқ бўлган барча амаллар бўлиб, кимки бирон шаръий амални қилса руҳ қувватланади. Мана шу сабабдан намоз ўқиб бўлгач руҳий таскинлик топилади.
Нафснинг истаги эса шариатнинг хилофи бўлган нарсалар бўлиб, ўша амал сабаб нафси аммора қувватланади. Намоз қазо бўлганида, қазони ўқимай юравериш, ўқиш қийин бўлиши ўша нафси аммора истаги бўлиб, у шундан қувватланаверади.
Руҳ ва нафс бир-бирининг зидди бўлиб бирининг қувватланиши иккинчисини кучсизланиб, қувватсиз бўлишига олиб боради.
Мусулмон киши ибодатларга қанча ҳарис бўлса, намозини вақтида ўқиса, закотини таъхирсиз адо қилса, садақотлари тўкис бўлса, Каламуллоҳ тиловатида бардавом бўлаверса, руҳи қувватланиб, нафси аммораси кучсизланаверади. Ибодатлар унга севимли бўлаверади.
Кимки шаҳватига қул бўлиб, зинога гирифтор бўлса, ҳалол-ҳаром фарқига бормасдан луқмасига эътиборсиз бўлаверса, нафси кучайиб, руҳи қувватсизланаверади. Оқибатда ибодатлар унинг учун қийин, ёқимсиз бўлаверади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади:
وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي ۚ إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي ۚ إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ
«Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир», деди. Юсуф сураси. 53 оят.
Мана бу муборак оятда Роббимиз жалла шаънуҳу бизларга нафси амморамиз ҳолатини баён қилиб, Ўзи раҳм қилмаса ҳолимиз хароб бўлишини таъкидламоқда. Роббимизнинг бизга раҳм қилиши эса, шариатга мувофиқ амалларга муяссар қилиши билан бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни истиқомати шариатда маҳкам қилсин.
Имом Раббоний (қ.с)нинг
Мактубот китоби асосида
Суннатуллоҳ Абдулбосит тайёрлади.
Савол: Ҳозирги кунда айрим одамлар қабристонлардан ўзлари, оиласи учун ер сотиб олиб, сағана қилдириб қўйишмоқда. Бу ишлари тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қабристонлар омма фойдаланиши учун ҳукумат тарафидан берилган умумий жой ҳисобланади, ҳеч кимнинг шахсий мулки эмас.
Шунга кўра унга кимдир эгалик қилиши, у жойдан ер сотиши ёки сотиб олиши мумкин эмас. Биздан аввалги авлодлар, ота-боболаримиз қабристондан бирор нарсани олишга, ҳатто қуриган гиёҳ олишдан ҳам чўчиганлар.
Ҳозирда ҳам айрим одамлар қабристондаги мева ва ўт-ўланлардан фойдаланиш ҳақида кўп савол беришлари бежизга эмас, ана шу ҳадикдан пайдо бўлган. Аммо минг афсуски, айрим одамлар томонидан кимлар биландир тил бириктириб, ер сотиб олиш ҳолати оз бўлса-да, пайдо бўлмоқда. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки бу ноҳақдан ер олиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ огоҳлантириб, бундай деганлар: “Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ер ютади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер осиб қўйилади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ишнинг қанчалик оғир эканини тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.