Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446
Мақолалар

Ислом таълимоти иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилади

26.07.2024   2559   9 min.
Ислом таълимоти иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилади

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага яхшилик қилишга, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари жуда юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, ота-онага яхшилик ва итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Қуйида шу чегара ҳақида сўз юритилади
عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الرَّيَّانِ؛ أَنَّهُ سَمِعَ رَجُلًا يَسْأَلُ عَطَاءً عَنْ رَجُلٍ لَهُ أُمٌّ وَامْرَأَةٌ، وَالْأُمُّ لَا تَرْضَى إِلَّا بِطَلَاقِ امْرَأَتِهِ، قَالَ: لِيَتَّقِ اللهَ فِي أُمِّهِ وَلِيَصِلْهَا. قَالَ: أَيُفَارِقُ امْرَأَتَهُ؟ قَالَ عَطَاءٌ: لَا. قَالَ الرَّجُلُ: فَإِنَّهَا لَا تَرْضَى إِلَّا بِذَلِكَ. قَالَ عَطَاءٌ: فَلَا أَرْضَاهَا اللهُ، امْرَأَتُهُ بِيَدِهِ إِنْ طَلَّقَهَا فَلَا حَرَجَ، وَإِنْ حَبِسَهَا فَلَا حَرَجَ.

Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади:
«У бир кишининг Атодан онаси ва хотини бўлган, онаси хотинини талоқ қилишидан бошқа ишга рози бўлмаётган бир киши ҳақида савол сўраганини эшитди. Шунда у: «Онаси борасида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» деди. «Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», деди. «Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ, тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».


Шарҳ: Ота-она фарзандни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсага буюрганда уни қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Раҳмоннинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам, бунга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилибди. 


Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади ва ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.


Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.


Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш-Шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан, қуйидагилар айтилади:
«Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр этса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпи зикр қилган». 


Шайх Тақийюддин онаси томонидан хотинини талоқ қилиш амр қилинган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.


Бу маънодаги ҳукмлар ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам келган. 
Худди шу маъно қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади.


Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин, ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак.


«Бир киши имом Аҳмаддан: «Отам хотинимни талоқ қилишимни буюрмоқда», деб фатво сўради. «Уни талоқ қилма!» деди. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди. «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан», деди».


Яъни «Отанг Умарга ўхшаб ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча, хотинингни талоқ қилмай тур» («Мавсуъа Фиқҳийя». 80-жуз. 71-72-бетлар).
عَنْ حُمَيْدٍ، عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قِيلَ لَهُ: رَجُلٌ أَمَرَتْهُ أُمُّهُ أَنْ يُطَلِّقَ امْرَأَتَهُ؟ قَالَ الْحَسَنُ: لَيْسَ الطَّلَاقُ مِنْ بِرِّهَا فِي شَيْءٍ.

Ҳумайддан ривоят қилинади:
«Ҳасанга: «Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга буюрди?» дейишди. (Шунда) Ҳасан: «Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас», деди».


Шарҳ: Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳига: «Бир одамнинг онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, «Хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган ишлардан эмас». Яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган иш эмас. Бу эса онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас. Онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.


عَنْ أَبِي سِنَانٍ قَالَ: سَمِعْتُ سَعِيدَ بْنَ جُبَيْرٍ قَالَ: لُدِغْتُ، فَأَمَرَتْنِي أُمِّي أَنْ أَسْتَرْقِيَ، فَكَرِهْتُ أَنْ أَعْصِيَهَا، فَنَاوَلْتُ الرُّقَا بِيَدِي الَّتِي لَمْ تُلْدَغْ.

Абу Синандан ривоят қилинади:
«Саъид ибн Жубайрнинг шундай деганини эшитдим: «Мени чаён чақиб олди. Онам менга риқони ишлатишимни амр этди. Унга осий бўлишни истамадим ва риқони чақилмаган қўлим билан тутдим».


Шарҳ: Саъид ибн Жубайр тобеъинларнинг жуда улуғ олимларидан бўлган. Бир куни у кишининг қўлларини чаён чақиб олибди. Оналари жон ҳолатда жоҳилийларнинг «риқо» деб номланадиган туморини тутқазиб: «Мана шуни суркасанг, яхши бўлади, шуни суркасанг, яхши бўлади», дебди. «Шунда, онамнинг кўнгли қолмасин, яъни мен у кишига осий бўлмайин, дедим-да, ҳалиги туморни олиб, соғ қўлимга суртдим», дейди Саъид ибн Жубайр. 
Бу ерда онани хафа қилмаслик учун ҳийла ишлатилган, лекин эътиқодга зарар етадиган нарса қилинмаган. Ўша нарса мени тузатиб юборади, деб эътиқод қилиш ширкка олиб боради. Албатта, мўмин-мусулмон одам бундай қилмайди. Она тушунмасдан, ҳалиги гапни айтиб турибди. Олим одам онамни хафа қилмай, деб, туморни олиб, соғ қўлига суртибди. Чақилган қўл оғриб турган, лекин бир йўла икки нарсанинг ҳам уддасидан чиққан эканлар. Яъни оналарини ҳам рози қилганлар, ширкка ҳам йўл қўймаганлар.


Демак, баъзи ота-оналар тушунмасдан, ношаръий ишларни қилишни талаб этганларида, ҳийла ишлатиб бўлса ҳам, гуноҳга яқин йўламаслик чорасини ахтариш керак.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قَالَ: كَانَتْ عِنْدِي امْرَأَةٌ، وَكُنْتُ أُحِبُّهَا، وَكَانَ أَبِي عُمَرُ يَكْرَهُهَا، فَأَمَرَنِي أَنْ أُطَلِّقَهَا، فَأَبَيْتُ، فَذَكَرَ ذَلِكَ لِلنَبِيِّ ، فَدَعَانِي: «يَا عَبْدَ اللهِ، طَلِّقِ امْرَأَتَكَ».

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:
«Менинг бир аёлим бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Лекин отам Умар уни ёқтирмас эди. У менга уни талоқ қилишимни буюрди. Мен хоҳламадим. У буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. Шунда у зот мени чақириб: «Эй Абдуллоҳ! Хотинингни талоқ қил!» дедилар». 


Шарҳ: Бу ердаги ривоят олдингиларига тамоман тескари. Ота талоқ қилишни сўраяпти. Бола эса хоҳламаяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса отани қўллаяптилар. Бу ерда гап кимнинг устида кетаётганига эътибор бериш лозим, яъни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг илмларига ва эътиқодларига заррача шубҳа бўлмагани учун гап бошқача бўлмоқда. Зеро, ҳазрати Умар – улуғ одам, мужтаҳидларнинг мужтаҳиди, Расулуллоҳнинг энг яқин кишилари. У киши ўғилларининг адашганини яхши билган бўлсалар керак. Келиндаги бир нарсани кўриб, аниқламасалар ва шариатга мувофиқ бўлмаса, гапирмас эдилар. Яъни, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ношаръий гапни ўғлига айтиб, «Шундай қил», деб буюрмасдилар. 


Шу айтаётган буйруқларида ўғилларига ҳам, ўзларига ҳам, талоқ қилинаётган хотинга ҳам шаръий жиҳатдан яхшилик борлиги учун қилганлар бу ишни. Ана шуни эътиборга олиш лозим. 


Буни умумий қилиб, ҳазрати Умар ўғлига хотинини талоқ қилиш ҳақида буйруқ берган экан, биз ҳам шундай қилсак, суннат бўлар экан, демаслик керак. Биз саҳобийнинг амалини қиламиз, деган гап бўлмаслиги лозим. У киши буни билиб туриб, ҳамма ёғини жой-жойига қўйиб қилганлар.


Юқорида ҳам зикр қилиб ўтилганидек, имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бир одам: «Отам хотинимни талоқ қилишимни буюрмоқда», деб фатво сўради. «Уни талоқ қилма!» дедилар. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди ҳалиги одам. Шунда у киши: «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан», деб рад қилдилар.


Машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори ота-онага зулм бўлса ҳам, яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан, (ота-она томонидан) хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қуръон матни сақланиб қолишига оид манбалар аниқланди – мутахассислар

04.06.2025   7343   4 min.
Қуръон матни сақланиб қолишига оид манбалар аниқланди  –  мутахассислар

 
 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввур олиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Шунингдек, Қуръон матнлари қандай сақланиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилиши кутиляпти. 

 

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа — Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияларини шакллантиришда контентларни замонавий технологиялар асосида тайёрлаш бош вазифа сифатида белгиланган.

 

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Марказнинг махсус штабида Қуръон зали экспозицияси бўйича якуний таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди. Унда экспозицияни мазмунан бойитиш, ноёб қўлёзмаларни танлаб жойлаштириш, уларни замонавий технологиялар асосида кенг оммага тақдим этиш каби масалалар муҳокама қилинди.


 

Залда 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси тўпланган бўлиб, бу юртимизда Қуръонга бўлган ҳурмат ва эътиборни намоён этади. Қўлёзмалар орасида жуда қадимий ва нодир нусхалар ҳам мавжуд. Жумладан:

 

- “Катта Лангар Қуръони” — бугунги кунда жуда кам сонли нусхалари сақланиб қолган, илк исломий қўлёзмалардан бири;

 

Ҳазрати Усмон Қуръони — Қуръоннинг илк нашрларидан бири бўлиб, ислом оламида муқаддас манба сифатида эътироф этилади.

 

Шунингдек, бошқа даврларга оид кўплаб араб графикасида ёзилган, безакли, ноёб қўлёзмалар намойиш қилинади. Бу қўлёзмалар тарихий ва диний аҳамиятга эга бўлиб, уларни ўрганиш орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлиш мумкин.

 

Муҳокамада Қуръон залини ташкил этишда замонавий услубларни қўллаш, яъни нафақат китобларни сақлаш, балки уларни интерактив ва тушунарли шаклда тақдим этиш масалалари муҳим ўрин тутди. Жумладан, қуйидаги технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда:

интерактив экранлар – ҳар бир қўлёзманинг саҳифаларини яқинлаштириб, ҳарфлари ва безакларини кўриб чиқиш имконияти;

аудиогидлар (овозли йўлбошчилар) – ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек, араб, инглиз тилларида маълумотлар тинглаш имконияти;

виртуал экспозициялар – интернет орқали Қуръон залини масофадан туриб томоша қилиш имконияти;

Замонавий ёритиш ва намойиш техникаси – қўлёзмаларни зарар етказмасдан кўрсатиш имконини беради.

 

Бу усуллар орқали ташриф буюрувчилар ҳар бир Қуръон нусхасининг тарихи, ёзилган даври, географияси ва санъат даражаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади.

 

Мазкур зал фақат кўргазма эмас, балки илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказ ҳам бўлади. Бу ерда шарқшунослар, тарихчилар, филологлар, ҳаттотлар ва диний олимлар учун бебаҳо манбалар тақдим этилади.

 

Ҳамидулла Лутфуллаев, Шарқшунослик институти Тарихий манбалар бўлими бошлиғи, олим:


– Қуръони каримнинг дастлабки даврларига оид, айниқса Ҳазрати Усмон даврида ёзилган еттита қўлёзма нусхаси аниқланган. Экспозициядан жой олиши кутилаётган бу манбалар бизга Қуръон матни қандай сақланиб қолганини кўрсатади ва ўрганишимизга замин яратади. Қуръон зали ёш авлод, хорижий меҳмонлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун диний, маданий ва илмий бойликни бир жойда кўриш имконини беради.

 

Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон мусулмон оламида яна бир бор илм, маънавият ва бағрикенглик маркази сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Қуръон зали эса бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

cisc.uz

Қуръон матни сақланиб қолишига оид манбалар аниқланди  –  мутахассислар
Ўзбекистон янгиликлари