Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ота-онага яхшилик қилишга, уларнинг итоатида бўлишга жуда кўп тарғиб қилинади. Уларнинг фарзанддаги ҳақлари жуда юқори мартабага қўйилади. Аммо ҳамма нарсанинг чегараси бўлганидек, ота-онага яхшилик ва итоат қилишнинг ҳам чегараси бор. Қуйида шу чегара ҳақида сўз юритилади
عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ الرَّيَّانِ؛ أَنَّهُ سَمِعَ رَجُلًا يَسْأَلُ عَطَاءً عَنْ رَجُلٍ لَهُ أُمٌّ وَامْرَأَةٌ، وَالْأُمُّ لَا تَرْضَى إِلَّا بِطَلَاقِ امْرَأَتِهِ، قَالَ: لِيَتَّقِ اللهَ فِي أُمِّهِ وَلِيَصِلْهَا. قَالَ: أَيُفَارِقُ امْرَأَتَهُ؟ قَالَ عَطَاءٌ: لَا. قَالَ الرَّجُلُ: فَإِنَّهَا لَا تَرْضَى إِلَّا بِذَلِكَ. قَالَ عَطَاءٌ: فَلَا أَرْضَاهَا اللهُ، امْرَأَتُهُ بِيَدِهِ إِنْ طَلَّقَهَا فَلَا حَرَجَ، وَإِنْ حَبِسَهَا فَلَا حَرَجَ.
Муовия ибн Райёндан ривоят қилинади:
«У бир кишининг Атодан онаси ва хотини бўлган, онаси хотинини талоқ қилишидан бошқа ишга рози бўлмаётган бир киши ҳақида савол сўраганини эшитди. Шунда у: «Онаси борасида Аллоҳга тақво қилсин ва унга силаи раҳм қилаверсин», деди. «Хотинини қўйиб юборадими?» деди. «Йўқ», деди Ато. Шунда ҳалиги одам: «Онаси шундан бошқага рози бўлмаяпти», деди. «Уни Аллоҳ рози қилмасин! Хотини қўлида. Талоқ қилса ҳам танглик йўқ, тутиб қолса ҳам танглик йўқ», деди».
Шарҳ: Ота-она фарзандни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган нарсага буюрганда уни қилмаслик керак бўлади. Талоқ худди шундай нарса. Агар талоқ тушса, Раҳмоннинг Арши ларзага келади, дейилади. Шунинг учун бу ривоят она боласидан хотинини талоқ қилишни қаттиқ талаб қилса ҳам, бунга рухсат йўқлигининг далили сифатида келтирилибди.
Аллоҳнинг амрига, диннинг таълимотига қаралса, ота-онанинг ҳаққи жуда улуғ. Бу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон, ким бўлишидан қатъи назар, яхши билади ва ота-онанинг ҳаққини қўлдан келганича адо этишга ҳаракат қилади. Аммо дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.
Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.
Муҳаммад ибн Муфлиҳ ибн Муҳаммад Мақдисийнинг «Ал-Одобуш-Шаръийя» номли китобида бу маънода алоҳида фасл бор. Унда жумладан, қуйидагилар айтилади:
«Фасл: Хотинини талоқ қилишда ота-онага итоат қилиш вожиб бўлмайди. Агар отаси унга хотинини талоқ қилишни амр этса, ижобат қилмайди. Буни асҳобларимизнинг кўпи зикр қилган».
Шайх Тақийюддин онаси томонидан хотинини талоқ қилиш амр қилинган киши ҳақида: «Унинг учун хотинини талоқ қилиш ҳалол бўлмайди. У онасига яхшилик қилаверади. Хотинини талоқ қилиш онасига яхшилик қилишдан эмас», деган.
Бу маънодаги ҳукмлар ҳозирги фиқҳий китобларда ҳам келган.
Худди шу маъно қизини мажбурлаб ажратиб олишга уринадиган ота-оналар ҳақида ҳам айтилади.
Шариатнинг ҳукми шу бўлганидан кейин, ота-оналар инсоф қилишлари ва ўз фарзандларининг оиласини бузишни ўзларига эп кўрмасликлари керак.
«Бир киши имом Аҳмаддан: «Отам хотинимни талоқ қилишимни буюрмоқда», деб фатво сўради. «Уни талоқ қилма!» деди. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди. «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан», деди».
Яъни «Отанг Умарга ўхшаб ҳақ ва адолатни, ҳавойи нафсга эргашмасликни биладиган даражага етмагунча, хотинингни талоқ қилмай тур» («Мавсуъа Фиқҳийя». 80-жуз. 71-72-бетлар).
عَنْ حُمَيْدٍ، عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قِيلَ لَهُ: رَجُلٌ أَمَرَتْهُ أُمُّهُ أَنْ يُطَلِّقَ امْرَأَتَهُ؟ قَالَ الْحَسَنُ: لَيْسَ الطَّلَاقُ مِنْ بِرِّهَا فِي شَيْءٍ.
Ҳумайддан ривоят қилинади:
«Ҳасанга: «Бир кишини онаси хотинини талоқ қилишга буюрди?» дейишди. (Шунда) Ҳасан: «Талоқ онага яхшилик қилиш ишларидан эмас», деди».
Шарҳ: Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳига: «Бир одамнинг онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, нима қилади?» дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, «Хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган ишлардан эмас». Яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган иш эмас. Бу эса онаси «Хотинингни талоқ қиласан», деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас. Онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.
عَنْ أَبِي سِنَانٍ قَالَ: سَمِعْتُ سَعِيدَ بْنَ جُبَيْرٍ قَالَ: لُدِغْتُ، فَأَمَرَتْنِي أُمِّي أَنْ أَسْتَرْقِيَ، فَكَرِهْتُ أَنْ أَعْصِيَهَا، فَنَاوَلْتُ الرُّقَا بِيَدِي الَّتِي لَمْ تُلْدَغْ.
Абу Синандан ривоят қилинади:
«Саъид ибн Жубайрнинг шундай деганини эшитдим: «Мени чаён чақиб олди. Онам менга риқони ишлатишимни амр этди. Унга осий бўлишни истамадим ва риқони чақилмаган қўлим билан тутдим».
Шарҳ: Саъид ибн Жубайр тобеъинларнинг жуда улуғ олимларидан бўлган. Бир куни у кишининг қўлларини чаён чақиб олибди. Оналари жон ҳолатда жоҳилийларнинг «риқо» деб номланадиган туморини тутқазиб: «Мана шуни суркасанг, яхши бўлади, шуни суркасанг, яхши бўлади», дебди. «Шунда, онамнинг кўнгли қолмасин, яъни мен у кишига осий бўлмайин, дедим-да, ҳалиги туморни олиб, соғ қўлимга суртдим», дейди Саъид ибн Жубайр.
Бу ерда онани хафа қилмаслик учун ҳийла ишлатилган, лекин эътиқодга зарар етадиган нарса қилинмаган. Ўша нарса мени тузатиб юборади, деб эътиқод қилиш ширкка олиб боради. Албатта, мўмин-мусулмон одам бундай қилмайди. Она тушунмасдан, ҳалиги гапни айтиб турибди. Олим одам онамни хафа қилмай, деб, туморни олиб, соғ қўлига суртибди. Чақилган қўл оғриб турган, лекин бир йўла икки нарсанинг ҳам уддасидан чиққан эканлар. Яъни оналарини ҳам рози қилганлар, ширкка ҳам йўл қўймаганлар.
Демак, баъзи ота-оналар тушунмасдан, ношаръий ишларни қилишни талаб этганларида, ҳийла ишлатиб бўлса ҳам, гуноҳга яқин йўламаслик чорасини ахтариш керак.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ قَالَ: كَانَتْ عِنْدِي امْرَأَةٌ، وَكُنْتُ أُحِبُّهَا، وَكَانَ أَبِي عُمَرُ يَكْرَهُهَا، فَأَمَرَنِي أَنْ أُطَلِّقَهَا، فَأَبَيْتُ، فَذَكَرَ ذَلِكَ لِلنَبِيِّ ، فَدَعَانِي: «يَا عَبْدَ اللهِ، طَلِّقِ امْرَأَتَكَ».
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади:
«Менинг бир аёлим бор эди. Уни яхши кўрар эдим. Лекин отам Умар уни ёқтирмас эди. У менга уни талоқ қилишимни буюрди. Мен хоҳламадим. У буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилди. Шунда у зот мени чақириб: «Эй Абдуллоҳ! Хотинингни талоқ қил!» дедилар».
Шарҳ: Бу ердаги ривоят олдингиларига тамоман тескари. Ота талоқ қилишни сўраяпти. Бола эса хоҳламаяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса отани қўллаяптилар. Бу ерда гап кимнинг устида кетаётганига эътибор бериш лозим, яъни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг илмларига ва эътиқодларига заррача шубҳа бўлмагани учун гап бошқача бўлмоқда. Зеро, ҳазрати Умар – улуғ одам, мужтаҳидларнинг мужтаҳиди, Расулуллоҳнинг энг яқин кишилари. У киши ўғилларининг адашганини яхши билган бўлсалар керак. Келиндаги бир нарсани кўриб, аниқламасалар ва шариатга мувофиқ бўлмаса, гапирмас эдилар. Яъни, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ношаръий гапни ўғлига айтиб, «Шундай қил», деб буюрмасдилар.
Шу айтаётган буйруқларида ўғилларига ҳам, ўзларига ҳам, талоқ қилинаётган хотинга ҳам шаръий жиҳатдан яхшилик борлиги учун қилганлар бу ишни. Ана шуни эътиборга олиш лозим.
Буни умумий қилиб, ҳазрати Умар ўғлига хотинини талоқ қилиш ҳақида буйруқ берган экан, биз ҳам шундай қилсак, суннат бўлар экан, демаслик керак. Биз саҳобийнинг амалини қиламиз, деган гап бўлмаслиги лозим. У киши буни билиб туриб, ҳамма ёғини жой-жойига қўйиб қилганлар.
Юқорида ҳам зикр қилиб ўтилганидек, имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бир одам: «Отам хотинимни талоқ қилишимни буюрмоқда», деб фатво сўради. «Уни талоқ қилма!» дедилар. «Умар розияллоҳу анҳу ўғли Абдуллоҳга хотинини талоқ қилишни амр қилган эмасми?» деди ҳалиги одам. Шунда у киши: «Отанг Умар розияллоҳу анҳудек бўлганда сен ҳам қиласан», деб рад қилдилар.
Машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори ота-онага зулм бўлса ҳам, яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан, (ота-она томонидан) хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.
Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.
Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.
Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.
Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.
Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.
Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.
Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.
Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!
Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!