Миср ва ислом оламининг энг буюк қориларидан бири Aҳмад Наина телевидение дастурида болалигиданоқ Қуръони карим ҳаёти ҳақида гапириб, ўзининг Қуръон истеъдодини ҳаётидаги энг буюк илоҳий неъмат, деб таърифлади. Бу ҳақда “IQNA” сайти “Al-Ahram” га таяниб хабар берди.
– Отам пахта савдоси билан шуғулланган. Қуръон илмидан ҳам олим бўлган. Менинг Қуръон ўрганишимга ҳам жуда қизиқарди. Мадрасада Каломуллоҳни ўқишни ўргандим. Искандарияда Шайх Саиддан рухсат олиб, кўзи ожиз Шайх Aмин Хелолийдан таҳсил олдим, – дейди у.
Миср ва ислом оламининг бу буюк қорисининг сўзига кўра, Мисрнинг собиқ президенти Aнвар Садат унинг мутолаасига юқори баҳо бериб, ўзи яқин дўст бўлган Шайх Мустафо Исмоил билан қиёслаган.
Наина, шунингдек, Мисрнинг буюк таржимон олими ва воизи Шайх Муҳаммад Мутавалли аш-Шаровийнинг мухлиси ва унинг шогирди эканлигини айтди. Aш-Шаровий унинг қироатини жуда қадрлаган ва ҳар доим Наина бизни танани эмас, балки қалб ва руҳни даволашга йўналтиради, - дейди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД