Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2024   |   03 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:16
Аср
16:12
Шом
17:59
Хуфтон
19:12
Bismillah
06 Октябр, 2024, 03 Рабиъус сони, 1446
Янгиликлар

Ҳамюртимиз Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида олтин медални қўлга киритди

29.07.2024   1896   1 min.
Ҳамюртимиз Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида олтин медални қўлга киритди

Германиянинг Гёттинген шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасининг финал босқичида ҳамюртимиз Райёна Иброҳимова биринчи ўринни қўлга киритди, деб хабар беради "Дунё" АА мухбири. 

Жорий йилнинг 15-22 июль кунлари дунёнинг 62 давлатидан 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 дан ортиқ ўқувчи иштирокида ўтказилган немис тили бўйича халқаро мусобақада Андижон шаҳридаги 4-мактаб ўқувчиси Райёна Иброҳимова барча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, тегишли даража бўйича биринчи ўринни қўлга киритди.

"Биз билан бирга бўлинг! Билим олиб келажакни яратинг" шиори остида ўтказилган беллашувларда юртдошимиз билан биргаликда Маҳек Хон (Бангладеш) ва Ана Котевскалар (Шимолий Македония) ҳам тегишли тил даражаларда олимпиада ғолиблари бўлишди.

Халқаро мусобақада нафақат ўқувчининг немис тили бўйича билимлари, балки маданиятлараро компетенцияси, жамоада ишлай олиш ҳамда ижодкорлик қобилиятлари баҳоланди.

Таъкидлаш жоизки, Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси (IDO) ҳар икки йилда Гёте-Институт томонидан Халқаро немис тили ўқитувчилари ассоциацияси билан биргаликда ташкил этилади.

IDO – 2024 Гёттинген шаҳри обербургомистри Петра Бройстедт ҳомийлиги остида Гёттинген университети Билимлар музейи ҳамда Билимлар форуми билан узвий ҳамкорликда ўтказилди.

Ўқувчиларга ўз мамлакатларидан энг маҳоратли немис тили ўқитувчилари ҳамроҳлик қилди. Олимпиада кунлари ўқитувчилар учун немис тилини хорижий тил сифатида ўқитиш соҳасидаги энг янги педагогик технологиялар бўйича малака ошириш семинарлари ташкил этилди. 

Бутунжаҳон немис тили олимпиадаси биринчи маротаба 2008 йилда Дрезден шаҳрида ўтказилган. Олимпиада ҳар икки йилда Германияда Гёте-Институти жойлашган шаҳарларда ташкил этилади. Ушбу билимлар беллашувига ҳозиргача Берлин, Гамбург, Франкфурт-Майн ва Фрайбург шаҳарлари мезбонлик қилган. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

27.09.2024   7324   2 min.
50 йиллик намозимизни қайтадан ўқиймиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.

Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.

Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.

Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.

Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.

Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.

Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ