Кеча, 30 июль куни, Дин ишлари бўйича қўмитада Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президент маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Дин ишлари бўйича қомита раиси Содиқ Тошбоев, диний-маърифий соҳа ташкилот раҳбарлари ҳамда қўмита ходимлари иштирок этди.
Нарбаева томонидан, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа вакилларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга батафсил тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг, ташкилий масала кўриб чиқилди.
Президент маслаҳатчиси Музаффар Камилов томонидан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатиб келган Ғуломовани бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимдан озод қилиш тўғрисидаги ҳамда Матлуба Каҳҳоровани Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ўқиб эшиттирилди.
Тадбир якунида Дилбар Ғуломовага Қўмита раисининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ривоят қилишларича, Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга Ҳотамул Асом деган зот масжидда зуҳддан маъруза қилаётган эмиш деган хабар келди. Шунда у киши шогирдларига: қани бориб эшитайликчи, нималар ҳақида гапираётган экан, деб масжидга бордилар ва Ҳотамул Асомга: “Эй йигит, менга намоз ҳақида гапириб бер”, дедилар.
Ҳотамул Асом: “Намознинг одоблари ҳақида айтиб берайми ёки унинг кайфияти ҳақида сўраяпсизми?” деди.
Абу Юсуф унинг бу гапидан таажжубга тушдилар ва ичларида: “Биз ундан битта нарсани сўрасак, у иккита нарсани айтмоқчи”, дедилар. “Майли бизга намознинг одоблари ҳақида айтиб берақол”, дедилар.
Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Намознинг одоблари будир: Яратганнинг амрига итоат этиб ўриндан турмоқлик, савоб умидида намозгоҳга бормоқлик, ният ила намозга кирмоқлик, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоқлик, тартил билан қироат қилмоқлик, хушуъ ила рукуъ қилмоқ, хузуъ ила саждага йиқилмоқ, ихлос билан ташаҳҳуд айтмоқ, раҳмат тилаб салом бермоқ”, деди.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: “Энди намознинг кайфияти ҳақида гапириб бер”, дедилар.
Ҳотамул Асом сўз бошлади: “Каъбани икки қошингиз орасига оласиз, мезонни кўз ўнгингизга келтирасиз, сирот кўпригини оёғингиз остига, ўнг ёнингизга жаннатни, чап ёнингизга дўзахни келтирасиз, ортингизда эса, ўлим фариштаси пойлаб юрибди. Ана шундан кейин намозингиз қабул бўлдими ёки рад этилдими, шуни ўйлайсиз”, деди.
Абу Юсуф сўрадилар: “Сен қачондан бери намозни шундай кайфиятда ўқийсан?”.
Ҳотамул Асом: “Йигирма йилдан бери шундай намоз ўқийман”, деб жавоб берди.
Шундан кейин Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ шогирдлари томон ўгирилиб: “Юринглар, бориб эллик йиллик намозимизни қайтадан қазо қилиб ўқиб оламиз”, дедилар.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ